Туркиядаги даҳшатли тун. Эрдўғанга нисбатан суиқасд ва давлат тўнтаришига уриниш қандай амалга оширилган эди?

Таҳлил

“Халқимизни майдонларга, аэропортларга чақираман. Майдонларда, аэропортларда тўпланайлик ва улар (террорчилар – таҳр.)нинг гуруҳи танклари ва артиллериялари билан келсинлар, ўша ерда қўлларидан нима келса, қилсинлар. Мен ҳеч қачон халқнинг кучидан устун келадиган кучни тан олмаганман”. 2016 йил, 15 июль. Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған мамлакатда бошланган навбатдаги ҳарбий тўнтаришдан қўрқув ва таҳлика ичида тўрт девор орасига қамалган, кўчага чиқишга, ўз Ватани, давлати, байроғи ва Конституцион демократик бошқарув тизимини ҳимоя қилишга қўрққан ватандошларига шундай чақириқ билан чиқди. Бу чақириқ одамларнинг майдонларга тўпланишига, демократияга ўқталинган қуролнинг тортиб олинишига, охир-оқибатда давлатга қарши тўнтариш муваққиятсизликка учрашига, халқ иродаси ғалаба қилишига сабаб бўлди. 

Туркия тарихига назар ташласангиз, 1960 йилнинг 27 май, 1980 йилнинг 14 сентябрь кунлари айнан ҳарбийлар томонидан давлат бошқарувига қарши тўнтариш уюштирилиб, улар муваффақият билан амалга оширилганини кўриш мумкин. Ушбу тарихни 2016 йилнинг 15 июль куни ҳам такрорлашга уриндилар. Иш бошида эса нафақат Туркия, балки бошқа кўплаб мамлакатларда хайр-саҳоватли ишлари, илм тарқатиш иддаоси билан ФЕТО террорчилик ташкилоти ва унинг АҚШнинг Пенсильвания штатидан раҳнамоси Фатҳуллоҳ Гулен турган эди. 

Давлат тўнтаришига уриниш 15 июль куни соат 22:00 бошланди. Анқарада исёнчи ҳарбийлар гуруҳи томонидан давлат телерадиокомпанияси “TRT” ва Бош штаб биноси қўлга олинди. Худди шу пайтнинг ўзида Истанбулда бир гуруҳ аскарлар Бўғозичи ва Фотиҳ Султон Меҳмет кўприклари орқали ҳаракатланишни тўсиб қўйишди. 

22:10. Юзага келган фавқулодда вазият сабабли Бош вазирнинг Чанқая қароргоҳида Ҳукумат Бош котиби раҳбарлигида мувофиқлаштирувчи маркази ташкил этилди. 

23:05. Бош вазир Бинали Йилдирим “NTV” ва “A Haber” телеканаллари орқали жонли эфирда ҳарбий тўнтаришга уриниш бўлаётгани тўғрисида хабар берди. “Бу уринишларнинг олди олинади. Бу воқеанинг ташаббускорлари энг оғир шаклда товон тўлайди”, деди Бош вазир Йилдирим. 

23:24. Анқара шаҳри Кўлбоши туманида жойлашган Полиция Махсус операция ўқув марказида портлаш рўй берди. 

23:30. Тўнтаришни уюштиришга ҳаракат қилган исёнчи ҳарбийлар гуруҳи томонидан Бош штаб Бош қўмондони Ҳулуси Акарнинг гаровга олингани ҳақида хабар берилди. 

00:00. Хавфсизлик органлари томонидан давлат армиясидаги Фатҳуллоҳ Гулен террорчи ташкилоти аъзолари бўлган шахслар ҳарбий тўнтариш қилишга урингани ҳақида баёнот берилди. 

00:01. Мармарис шаҳрида таътилда бўлган Президент Ражаб Тойиб Эрдўған Отатурк номидаги Истанбул халқаро аэропортига қараб йўлга чиқди. 

00:09. Анқара шаҳрининг Янги маҳалла туманида жойлашган Миллий хавфсизлик разведкаси ташкилоти биноси ҳарбий вертолётлардан ўққа тутилди. Оқибатда бинонинг хавфсизлик хизмати ходимлари жавобан ўқ отишни бошлади. 

00:13. “TRT” биносини қўлга киритган ҳарбийлар жонли эфирда тўнтариш ҳақида ноқонуний баёнотни тақдим этишди. Унда мамлакат бошқаруви ҳарбийлар томонидан йўлга олингани, Ҳукумат ағдарилгани айтилиб, одамлардан вазият изига тушмагунча кўчага чиқмаслик сўралди. Мамлакат Президенти маъмурий бошқармаси мазкур баёнотнинг Қуролли кучларга алоқаси йўқлигини ва ноқонуний эканини билдирди. Ушбу ноқонуний баёнот эълон қилингандан сўнг, TURKSAT йўлдоши “TRT” телеканалининг эфирини узиб қўйди. 

00:26. Мазкур баёнотдан кейин Президент Эрдўған CNN TURK телеканали орқали жонли эфирда халқни кўчаларга чиқишга даъват қилди ва ҳарбий тўнтаришга уринишга ўз муносабатини билдирди. “Албатта, бу исён иштирокчилари халқнинг миллий эркига қаршидир. Улар – Қуролли кучлардаги ёки бошқа давлат идораларидаги бир гуруҳ шахслар бўлишига қарамасдан, давлат қонунчилиги талабларига мувофиқ керакли даражада жавобни олишади”, деди Президент. 

00:30. Президент Эрдўғаннинг даъвати ва Дин ишлари бошқармаси бошлиғининг топшириғи билан Туркиянинг барча ҳудудларидаги масжидларда Азонлар айтилди. Шундан сўнг, одамлар кўчага чиқишни ва исёнчи ҳарбийларга қаршилик кўрсатишни бошлади. 

00:35. Давлат тўнтаришига уриниш бўйича илк текширув иши Истанбулда бошланди. Кучукчекмеже тумани прокурори Али Дўғон давлат тўнтаришига уринишга ҳаракат қилган ҳарбийлар қамоққа олингани ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилганини хабар қилди. 

00:57. TURKSAT йўлдоши “TRT” эфирини узиб қўйганидан кейин фитначилар TURKSAT биносига ҳаводан ҳужум қилди. 

01:01. Анқара хавфсизлик бошқармаси биносига ҳарбий самолётлар ва вертолётлар орқали ҳужум қилинди. 

01:30. Бош вазирнинг Чанқая қароргоҳи хавфсизлик хизмати ходимлари қароргоҳ биносини ўққа тутган 5 та зирҳли автомобилга жавоб зарбаларини берди. Халқнинг кўмаги билан исённинг олди олинди. Парламент раиси Исмаил Қаҳрамон Ҳукумат қошидаги Мувофиқлаштирувчи марказга етиб келди ва Туркия парламенти – Буюк Миллат Мажлиси фаолиятини тўхтатмасликка қарор қилинди. 

01:39. Буюк Миллат Мажлисининг йиғилишлар залига депутатлар тўпланди. 

02:00. Тўнтаришга уринишдан сўнг, баъзи ҳарбийлар қамоққа олинди. 

02:30. Фитначилар Кўлбошидаги Махсус операциялар қўмондонлиги биносига ҳаво ҳужумларини уюштирди. Оқибатда 17 нафар полиция ходими ҳалок бўлди. Туркия Қуролли кучларига тегишли бўлган F-16 ҳарбий самолёти исёнчилар томонидан уриб туширилди. 

02:35. TRT биносини қўлга киритишга ҳаракат қилган 5 ҳарбий, шу жумладан 1 офицер полиция томонидан зарарсизлантирилди. 

Президент саройида бостириб киришга ҳаракат қилган 13 ҳарбий, жумладан ФЕТО террорчи ташкилоти аъзоси бўлган 3 офицер қамоққа олинди. 

02:42. Парламент биносига бомба ташланди, оқибатда полиция ходимлари ва мансабдор шахслар жароҳатланди. 

02:49. Парламент биносига иккинчи маротаба бомба ташланди. Йиғилишлар залида бўлган парламент раиси Исмоил Қаҳрамон ва депутатлар бомбалар ёмғиридан бункерга яширинишда. 

03:00. TRT телеканалининг одатдаги эфир режими тикланди. Давлат телеканали биносини қўлга олишга ҳаракат қилган ФЕТО аъзолар қамоққа олинди. 

03:10. Бош вазир Йилдирим Анқара шаҳри устидан, хусусан Миллий разведка бошқармаси, Президент, Бош вазир маъмурий бошқармаси бинолари билан бошқа стратегик муҳим объектлар устидан учувчи барча ҳарбий вертолёт ва самолётлар ракетлар билан уриб туширилишини айтди. 

03:15. Бош штаб биносида яна отишма бошланди. 

03:20. Президент Эрдўған Истанбулга келди. 

04:00. Анқара шаҳар прокуратураси томонидан ФЕТО террорчи ташкилоти билан алоқаси бўлган суд амалдорларининг ҳамда Мамлакатда сулҳ (тан олинмаган) қўмитаси аъзолари бўлган ҳарбийларнинг қамоққа олиниши тўғрисида қарор қабул қилинди. 

04:42. Президент Эрдўған Мармарис шаҳрида тунаган меҳмонхона вертолётдан ўққа тутилди. Ниқобли ҳарбийлар вертолётдан тушиб, меҳмонхонани қуршаб олишди. Отишма жараёнида 5 та полиция ходими яраланди. 

05:20. Бош вазир Бинали Йилдирим ўзининг расмий Twitter саҳифасидан тўнтаришга уринишда иштирок этган генераллардан бири ўлдирилгани, ораларида полковниклар бўлган 130 нафар ҳарбий ҳибсга олинганини маълум қилди. 

06:00. Шаҳар прокуратураси давлат тўнтаришига уриниш бўйича текшириш ишлари бошлаб юборилганини, Кўлбошидаги Махсус операциялар ўқув марказида 42 кишининг ҳалок бўлганини ва вазият назоратга олинганини очиқлади. 

06:30. Бош вазирнинг Чанқая қароргоҳи хавфсизлик тўсиқлари билан ўраб олинди. Қароргоҳга борувчи барча йўллар ёпилди. ФЕТО аъзолари томонидан бошқарилган TURKSAT йўлдошига ўқ узишда ишлатилган ҳарбий вертолёт Кўлбошида уриб туширилди. 

06:30. Тўнтаришга уриниш пайтида Истанбулдаги Бўғозичи кўпригини назоратга олган ҳарбийлар таслим бўлди. 

06:43. Президент саройининг шундоққина яқинига ФЕТО аъзолари томонидан икки бомба ташланди. Бомбалар Миллат масжиди олдига қўйилган автотранспорт воситалари устига тушди. 

07:00. Бош Жандармерия биноси ва Президент саройи жойлашган чорраҳага ҳарбий самолётдан бомба ташланди. 

07:10. ФЕТО ташкилотининг 336 аъзоси ҳибсга олинди. 

07:50. Фатҳуллоҳ Гуленнинг террорчилик ташкилоти аъзолари бўлган 29 полковник ва 5 генерал, Ички ишлар вазири Эфкан Али буйруғи билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 

08:32. Асир олинган Бош штаб қўмондони Ҳулуси Акар озод қилинди. 

Халқ ишониб топширилган ҳокимиятни осонликча сотқинлар қўлига бериб қўйишни истамади. Тонгда кўчалар, майдонлар қўлида турк байроғини кўтарган ватанпарвар эркак-у аёллар, йигит-қизларларга тўлганди. Дини, ирқи, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ҳамма Ватан учун бир ёқадан бош чиқарди.

Бу кун Туркияда қонли саҳифалар билан, аммо ўзгача шон, ўзгача шараф билан ёзилиб қолди. Миллий ирода зафар қучди. Халқ вакилларидан 251 нафари ўқ ёмғиридан вафот этди.  Яна юзлаб одамлар жароҳатланди, бироқ мамлакат мустақиллиги сақлаб қолинди. Тонгга бормай, давлат тўнтаришига уриниш бесамар кечгани эълон қилинди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

840

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг