Туркияда “Путин” дея ҳайқирган футбол мухлислари устидан тергов бошланди

Спорт

image

Европа футбол ассоциациялари иттифоқи (UEFА) интернетда жорий йилнинг 27 июль куни Истанбулда бўлиб ўтган Европа Чемпионлар лигаси 2-саралаш босқичи доирасидаги “Фенербаҳче Истанбул” ва “Динамо Киев” ўйини видеоси пайдо бўлгач, туркиялик мухлисларга нисбатан интизомий тергов бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” телеканали хабар берди.

Гап шундаки, ушбу учрашувдан олинган видеода “Фенербаҳче” ишқибозлари Россия Президенти Владимир Путиннинг исми ва фамилиясини бир неча бор ҳайқириқлар билан айтганини кўриш мумкин. 

UEFА бу ҳолатни беэътибор қолдирмади. Ташкилот веб-сайтида "Фенербаҳче" мухлисларининг номақбул хатти-ҳаракатлари бўйича интизомий тергов бошлангани эълон қилинди. Бу иш юзасидан UEFA'нинг ахлоқ ва интизом инспектори текширув олиб боради.

Қайд этиш керакки, Украина клуби ўйинда ҳисобни очганидан сўнг, турк мухлислари Путин номини айтиб бақира бошлаган. Шунга қарамасдан, жамоаларнинг учрашуви “Динамо”нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Украиналиклар қўшимча дақиқаларда иккинчи голни уришди. Киевликлар ғалаба қозонганига қарамай, “Динамо” бош мураббийи Мирча Луческу ўйиндан кейинги матбуот анжуманида иштирок этишдан бош тортган.

Аммо Туркия клуби ишқибозлари учрашув якунлангандан кейин ҳам тинчишмаган. “Фенербаҳче” мағлубиятининг эртасига туркиялик Instagram фойдаланувчилари Москванинг “Динамо” футбол клуби саҳифасида Путинни қўллаб-қувватловчи изоҳлар ва Россия байроқлари туширилган эможилар қолдира бошлаган.

Россия жамоалари 2022-2023 йилги мавсумда Европа Чемпионлар лигасида иштирок этмайди. UEFА Россиянинг Украинага бостириб кириши сабабли мамлакатни барча халқаро футбол мусобақаларидан четлатди. 

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) раҳбари Томас Бах ҳам Россияни тажовузкор давлат деб атади. Шу билан бирга, ХОҚ раҳбари ташкилот россиялик спортчиларнинг ҳаракатларини диққат билан кузатиб боришини ва айрим ҳолларда улар Россия агрессиясига қарши чиқиш имконига эга эмаслигини тушунишини ҳам таъкидлаган.

Маълумот учун, UEFA Чемпионлар лигасининг навбатдаги учрашувида украиналиклар Австриянинг “Штурм” жамоасига қарши майдонга тушади.


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин ХОҚ Томас Бах UEFA “Фенербаҳче Истанбул”

Баҳолаганлар

463

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг