“Туркия халқи буни хоҳламайди”. Чавушўғли икки давлатнинг НАТОга кириши ҳақида гапирди 

Олам

image

Туркия халқи Финляндия ва Швециянинг НАТОга киришига қарши ва ўз давлати раҳбариятидан бу жараёнга тўсқинлик қилишни сўрайди. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли НАТОга аъзо давлатлар ташқи ишлар идоралари раҳбарларининг Берлиндаги норасмий учрашуви арафасида маълум қилди.  

“Бизнинг иттифоқчиларимиз ва дўстларимиз ушбу (Курдистон Ишчилар партияси — таҳр.) террорчи ташкилотни қўллаб-қувватлаётгани ғазабланарли ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Бизнинг ушбу террористик ташкилотга қарши курашимиз нуқтаи назаридан, мудофаа маҳсулотларини етказиб беришга чекловлар қўйилди, уларнинг бир қисмини биз НАТОга аъзо бўлишни режалаштираётган мамлакатлардан импорт қилдик. Шу сабабдан турк халқининг аксарияти Курдистон Ишчилар партияси ва суриялик курдларнинг ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларини қўллаб-қувватловчи ушбу мамлакатларнинг кириб келишига қарши бўлиб, бу жараёнга тўсқинлик қилишимизни ҳам сўрамоқда. Лекин бу муаммоларни НАТОдаги иттифоқчиларимиз ва бу давлатлар билан муҳокама қилиш керак”, деган Чавушўғли. 

Туркия Ташқи ишлар вазири Финляндия ва Швецияни Курдистон Ишчилар партиясини очиқ қўллаб-қувватлаётганликда айблаган. 

“Туркия НАТОнинг очиқ эшиклар сиёсатини бошидан қўллаб-қувватлади. Ҳатто альянснинг баъзи аъзолари минтақамиздаги ва Болқон ғарбидаги баъзи давлатларнинг НАТОга киришига қарши чиққанларида ҳам биз буни қўллаб-қувватладик. Бу икки давлат (Финляндия ва Швеция) ҳар куни аскарларимизга ҳужум қиладиган террор ташкилотлари бўлган Курдистон Ишчилар партияси ва суриялик курдларнинг ўзини ўзи мудофаа қилиш кучларини очиқ қўллаб-қувватлайди ва улар билан мулоқот қилади. Кечагина биз бир ҳарбийни йўқотдик”, деган Ташқи ишлар вазири.

Финляндия ва Швециянинг НАТОга интилишлари

Россиянинг Украинага қарши уруш бошлаши ортидан узоқ йиллар давомида бетарафлик мақомида бўлиб келган Финляндия ва Швеция НАТОга қўшилиш ҳаракатига тушди. 

Жорий йилнинг 12 май куни Финляндия Президенти ва Бош вазири мамлакат НАТОга қўшилишини қўллаб-қувватлаши маълум бўлди. НАТО ҳам бу давлатни ортиқча жараёнларсиз ташкилотга олишга тайёрлиги билдирилди.

Бунинг ортидан расмий Москва Финляндия НАТОга қўшилса, Россия жавоб чораларини кўришга мажбур бўлишини эълон қилди.

“Финляндиянинг НАТОга қўшилиши Шимолий Европа минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни сақлашга ҳамда Россия-Финляндия икки томонлама муносабатларига жиддий зарар етказади. Россия ўз миллий хавфсизлигига бу борада юзага келадиган таҳдидларни тўхтатиш учун ҳам ҳарбий-техник, ҳам бошқа характердаги жавоб чораларини кўришга мажбур бўлади”, дейилади Россия ТИВ баёнотида.

Бундан ташқари, Швециянинг ҳукмрон Социал-демократик партияси раҳбарияти 15 май куни Альянсга қўшилиш бўйича ўз позициясини эълон қилади. ОАВ хабарларига кўра, мамлакат келаси ҳафта НАТОга аъзо бўлиш учун ариза беради.

11 май куни эса Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон иккала Скандинавия давлатига ташриф буюриб, Швеция ва Финляндия раҳбарлари билан ўзаро хавфсизлик кафолатларини имзолади.

13 май куни эса НАТО аъзоси бўлган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига ижобий қарамаслигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Швеция Финляндия

Баҳолаганлар

151

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг