Туркий давлатлар ташкилоти ҳарбий тузилмага айланиши мумкинми?

Олам

image

Туркий давлатлар ташкилоти келгусида НАТО ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти каби ҳарбий тузилмага айланиши мумкинми? Ушбу савол Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Амриевнинг Қозоғистоннинг “Exclusive” нашрига берган интервьюсида кўтарилди. 

Амриевга кўра, Туркий давлатлар ҳамкорлик ташкилоти Туркиянинг НАТОдаги, Қозоғистон ва Қирғизистоннинг КХШТдаги иштироки туфайли ҳам ҳамкорликнинг ҳарбий жиҳатларини ўз ичига олмайди. 

“Аъзо давлатларимиз Туркий давлатлар ташкилотини ҳарбий тузилмага айлантириш ниятида эмас ва бунга объектив зарурат кўрмаяпти”, дейди Бош котиб.

Унинг қайд этишича, жорий йилнинг ноябрь ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитда аъзо давлатлар “Туркий дунё нигоҳи – 2040” концептуал ҳужжатини қабул қилган ва ушбу ҳужжатга ҳам Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ҳарбий ҳамкорлик масаласи киритилмаган.

Амриев, шунингдек, давлатлар ташкилот доирасидан ташқарида ўзаро ҳарбий ҳамкорликни амалга ошириши мумкин. 

“Шу билан бирга, икки томонлама форматда бундай ҳамкорлик истисно қилинмаган. Бу давлатларнинг ўз суверен ҳуқуқидир. Икки томонлама даражада турли давлатлар ва туркий давлатлар билан ҳарбий машғулотлар ва ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Билишимча, баъзи туркий давлатлар НАТО билан ҳам у ёки бу шаклдаги ҳамкорликка эга”, дейди Амриев.

КХШТ қандай ташкилот?

КХШТнинг вазифаси қўшин ва ёрдамчи бўлинмаларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан шартномада иштирок этадиган мамлакатларнинг ҳудудий-иқтисодий маконини ҳар қандай ташқи ҳарбий ва сиёсий тажовузкорлардан, халқаро террорчилардан, шунингдек кенг кўламли табиий офатлардан ҳимоя қилишдан иборат. Бироқ, КХШТ ягона ҳарбий-сиёсий бирлашма сифатида ҳеч қачон ҳарбий ҳаракатларда қатнашмаган. Бугунги кунда ушбу ташкилотга 6 давлат: Россия, Беларусь, Арманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо.

Ўзбекистон ушбу ташкилотнинг аъзоси бўлган

Қайд этиш керакки, КХШТ асоси 1992 йили Тошкентда қўйилган. Ўшанда ушбу шартномани Ўзбекистон ҳам имзолаган. Бироқ, расмий Тошкент 1999 йилда ушбу келишувга аъзоликни давом эттиришдан бош тортган. Орадан бин қанча муддат ўтиб, 2006 йилда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги тикланган. Кейин 2012 йилда Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга аъзолиги яна тўхтатилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркий давлатлар ташкилоти

Баҳолаганлар

212

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг