Тумов учун бурун кесилмайди ёхуд Вазирлар Маҳкамаси “қўпол” ходимидан нега воз кечди?

Таҳлил

image

Facebook ижтимоий тармоғининг “Халқ билан мулоқот/Диалог с народом” гуруҳида 2019 йил 16 август куни Вазирлар Маҳкамаси ходими ва ўзини тадбиркор, деб атаган фуқаро ўртасида юзага келган тортишув акс этган видео-тасвир кенг омма ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди. Орадан кўп вақт ўтмай мазкур масала юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ходими устидан хизмат текшируви ўтказилгани ва у “хизмат вазифасига номувофиқ деб топилиб, эгаллаб турган лавозимидан озод этилган”и ҳақидаги хабарни берган эдик.

Мазкур иш юзасидан “қўпол” ходимнинг тақдири ва мурожаатчининг нима мақсадда келганлигини аниқлаш учун Вазирлар Маҳкамаси Матбуот хизмати ходими билан учрашдим.

Масъул ходимнинг берган маълумотларига кўра, 2019 йил 16 август куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видео-тасвир муаллифи, яъни фуқаро Ж.Аҳмедов (шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида рўйҳатдан ўтганлиги сабаб фамилиясини фош этиш ўринли) бўлиб, у Вазирлар Маҳкамасининг хат ва мурожаатлар бўлимига кредит олиш масаласида келган. 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 1 июлда “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Мазкур фармонга мувофиқ Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи хузурида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма маблағлари ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплар, ғоялари ва лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банклари орқали йиллик 7 фоиз ставка билан имтиёзли кредит ва мол-мулкни лизингга бериш каби амалий ёрдам ишларига йўналтирилиши керак. Фуқаро Ж.Аҳмедов айнан шу масалада Вазирлар Маҳкамасининг хат ва мурожаатлар бўлимига келган.

Шу ўринда давлат қонунчилиги ва норматив ҳужжатларида белгилаб ўтилган давлат бошқаруви тизими фаолиятига доир “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун лойиҳаларига доир фаолиятининг намунавий регламенти” айнан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бевосита ваколати ҳамда вазифалари 1-, 2-, 3- ва 6-боб матнларида акс этгани ҳақида айтиб ўтмоқчиман. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йил 9 декабрда имзоланган, ПФ-3358-сон билан рўйхатга киритилган “Республика Давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ҳамда Иловасини диққат билан ўрганиб чиқиш фойдадан ҳоли эмаслигини таъкидлайман. 

Фуқаро Ж.Аҳмедов аслида “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармасининг ўзи истиқомат қилаётган ҳудудий бўлинмасига мурожаат этиши, масала ҳал бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ҳудудий ёки республикада марказлашган ташкилотига арз қилиши мумкин эди. Ижрочи ташкилот, идоралари баъзи ходимларининг ўз хизмат вазифасига беписанд муносабати ҳамда хизмат вазифаси доирасидаги ваколатини суистеъмол қилиши оқибатида мана шу каби тушунмовчилик ҳолатлари юзага келаётгани сир эмас. Яъни, баъзи фуқароларнинг муаммо ва масалалар юзасидаги мурожаатларининг тегишлилик бўйича эмаслигини ҳуқуқий маданиятсизликка йўйиш ноўрин хулоса. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралда имзолаган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси” тўғрисидаги Фармони ҳамда иловадаги: 

1.2. Давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш;
1.3. Жамоатчилик бошқаруви тизимини такомиллаштириш;
2.2. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳақидаги кўрсатмаларига зид бўлган ҳаракатлар содир бўлган. 

Таъкидлаш жоиз, ўтган вақт мобайнидаги ўзгаришлар (масалан, мутасаддиларнинг хизмат лавозими ўзгарганлиги, МХХ қайта шакллантирилганлиги) инобатга олиниб, мазкур фармондаги ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш Миллий комиссияси таркиби янгиланишини тақозо этмоқда. 

Фуқаро Ж.Аҳмедов видео-тасвирда масъул ходимга 45 дақиқадан бери уни кутаётганини иддао қилган

Мен Вазирлар Маҳкамасининг хат ва мурожаатлар бўлимига бориб, қабул рўйхатига 67-бўлиб киритилдим. Ўшанда соат 12:13 эди. Шу куни тушгача 66 нафар фуқаро қабулга келган. Фуқаролар учун махсус ажратилган кутиш хонасида ўз навбатини кутиб ўтирган мурожаатчиларнинг сони йигирмага яқин эди. Бўлим ходимлари бир вақтнинг ўзида бир нечта хоналарда мурожаатчиларни қабул қилиб, узоғи билан 10-15 дақиқаларда юзма-юз суҳбатни якунлашга, навбатдагиларни куттириб қўймасликка ҳаракат қиларди. “Ҳаракат қиларди” дейишимга сабаб мурожаатчиларнинг аксарияти ёши кексалар, улар эса суҳбатлашишни хуш кўришларини айтиб ўтирмасам ҳам кўпчиликка маълум. Эшик олдидаги милиция гвардиячилари бино ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш вазифаси доирасида мурожаатчиларнинг исм-фамилияларини қайд этиб, мобиль алоқа воситаларини вақтинчалик мусодара қилишларига гувоҳ бўлдим. 

Ёши ва мансаби каттароқ бир ходим мурожаатга келганларни ҳуқуқий, тадбиркорлик, маиший, шахсий каби масалаларда қабул олиб бораётган ходимлар хонасига кузатиб қўйиш билан банд (кейин билсам, бу киши бўлим раҳбари экан). Кутиш хонасида мурожаатчиларнинг нима масалаларда келганликларига қизиқдим: ким уй олиш, кимдир маҳалласига асфальт ётқизиш, яна кимдир стадион қуриш учун ер олиш масаласида келган. Қўриқчи гвардиячилардан тортиб, бўлим ходимларигача фуқароларга яхши муомалада кимга “отахон”, кимнидир “онахон”, “синглим” , “укам” каби илиқ сўзлар билан мурожаат этишаётгани умидсизликка тушган одамни ҳам руҳлантириб юборади.

Тахминан йигирма дақиқаларда навбатим келиб, “умумий масалаларда” келганим боис бўлимнинг бир ходими мени хонага таклиф этди. У ўзини таништиргач, мен мақсадимни айтдим: ижтимоий тармоқларда тарқаб, муҳокамаларга сабаб бўлган видеодаги Вазирлар Маҳкамаси хат ва мурожаатлар бўлими собиқ ходимининг тақдири ҳақида маълумот олиш учун келганимни билдирдим. Ўзини Элдор деб таништирган мазкур ходим видео-тасвир сабаб ишдан бўшатилган собиқ ҳамкасбининг характери оғир-босиқ, хушмуомала эканлигини айтди. Ўша воқеа содир бўлган куни мурожаатчи ҳам уни қабул қилган, суҳбатлашган “қўпол” ходимни яхши гаплар билан “сийламаган”лигини билдирди. Қўшимча саволлар билан бўлим раҳбарига мурожаат этишим мумкинлигини айтиб, мени кузатиб қўйди. Хат ва мурожаатлар бўлими раҳбари (ўзини таништиришни истамади)нинг менга берган биринчи саволи “У сизга ким бўлади?”. Мен: “Ҳеч ким!”. 

У собиқ ходими 2015 йилдан буён ишлаб келганини, унгача олти йил мобайнида (2009-2015йиллар) Адлия вазирлиги тизимида хизмат қилгани ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашди:

— Кунига 100дан зиёд фуқаро қабулга келади. Уларнинг муаммолари турли мавзуларда. Шунга яраша муомала ва хулқ ҳам турлича. Одамлар билан бир хилда хушмуомалалик билан ишлаш, ҳар қандай вазиятда ўзини тута билиш кўникмасига эга ходимларни бўлимга саралаб оламиз. Кўриб турибсиз, бир дақиқа ҳам ғанимат. Содир бўлган воқеада ходим қўпол хатоликка йўл қўйди. Буни кечириб бўлмайди, — деди бўлим раҳбари. Мутасадди ходим менинг “Аввал ҳам мазкур ходим томонидан фуқароларга нисбатан қўполлик қилган ҳолатлари кузатилганми?” деган саволимга қатъий “Йўқ!” деб жавоб берди. Касбим этикаси талабларига кўра, Вазирлар Маҳкамаси Матбуот хизмати ходимига учрашиб, йиғилган маълумотлардан журналистик материал тайёрлашда фойдаланишимни маълум қилдим.

Шу ўринда бино қўриқлаш хизматидаги гвардиячиларнинг собиқ ходим ҳақидаги ижобий фикрларини, 25 йилдан буён Вазирлар Маҳкамаси лавозимларининг бирида хизмат қилиб келаётган, барча бўлим ходимлари билан бевосита мулоқотда бўлган масъул ходимнинг “фақат битта гап айтаман: хушмуомалали очиқкўнгил йигит!” деган фикрларини таъкидлашим, лекин шунга қарамай ходимга нисбатан кескин чора кўрилганини айтиб ўтишим жоиз.

Журналистик суриштирув жараёнида Вазирлар Маҳкамаси жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўлимининг собиқ бош мутаҳассиси Э.Н.(маълум сабабларга кўра исм-шарифини тўлиқ бермайман) Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 100-моддаси “Меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш”га асосан ўз вазифасидан озод этилганлиги маълум бўлди. 

Шу ўринда менда бир савол туғилди: нима учун тўрт йилдан буён яхши ишлаб келган ходим биргина хатоси туфайли (Ж.Аҳмедов мобиль телефонини қўриқчилардан қайтариб олгач, атайлаб ходим Э.Н.ни ташқарига чақирган ҳамда унинг нафсониятига тегиб қуюшқондан чиқишига сабаб бўлган ва бу ҳолатни яширинча тасвирга олган) идора, ташкилот ишларига лаёқатсизлигини билдириб, обрўсизлантирувчи оғир модда билан ишдан бўшатилди? Ахир, видео-тасвирда яққол кўриниб турибди-ку, у руҳий саломатлиги мавҳум бўлган бир кимсанинг ғаразли ҳусумати нишонига айланган!

Кульминация: ҳақоратлар!

Ж.Аҳмедов ўзи яширинча олган видео-тасвирда, мен тадбиркорман, оила бошлиғиман, деганда нима демоқчи бўлган? Бу билан у идора вакилига, сен ҳеч кимсан, фақат тадбиркор бўлсангина жамиятга фойданг тегади, демоқчими?! Балки, у тегишли идораларга ҳужжат йиғиб бориш ўрнига биратўласи юқори ташкилотга келиб, дардини тўкиб, биргина қўнғироқ билан ишимни осонгина ҳал қиламан, деб ўйлаганми? “Сен менинг ишимни ҳал қилиб бериш учун ўтирибсан. Нима учун маош оляпсан бўлмаса?! Сендақаларни деб қонун ишламаяпти”, дейди қўлини пахса қилиб Ж.Аҳмедов. Агар у мантиқан фикрлашни билса, Вазирлар Маҳкамаси хат ва мурожаатлар бўлими ходимларининг бирор-бир ташкилотга босим ўтказиб, у ёки бу масалани узил-кесил ҳал қилиб бериш ваколатига эга эмаслигини тушунган бўларди

Тўғри, Вазирлар Маҳкамасининг собиқ ходими ҳам қуюшқондан чиққани рост: “Терпила”мисан, терпилалигингни қилавер!”. Эҳтимол, қайсидир маънода Вазирлар Маҳкамаси собиқ ходими ҳақдир. Акс ҳолда, Ж.Аҳмедовнинг ғараз ниятда бу ҳодисани атайлаб уюштиргани ва яширинча видео-тасвирга олганини бошқа нима деб аташ мумкин?! Билишимча, ўша куни мурожаатчи Ж.Аҳмедов ҳам бўлимни тарк этгунча жанжал кўтарган. Афсуски, бунга фақат қўриқлаш хизмати ходимлари ва ўша куни қабул навбатини кутиб ўтирган фуқаролар гувоҳ бўлишган. Бино ичида видео-кузатув мосламалари ўрнатилмаган. Агар шу зорманда бўлганида балки бўлим раҳбари ўз ходимини ҳимоя қилиб, ҳеч бўлмаганда ҳайфсан эълон қилиши мумкинмиди. Ачинарлиси, мана шунақа субъектив салбий ҳолат оқибатида мисқоллаб йиғилган ҳурмат-эътибор бир кунда тўкилиб, бир инсоннинг тақдири ҳал бўлди. Идора эса малакали кадридан воз кечди.

“Терпила” ҳақоратми? У ким?

“Терпила” ҳуқуқни ҳимоя қилиш тизимларида кўп қўлланиладиган “потерпевший” – жабрланувчи, сўзининг қисқартмаси. Бу сўз пойтахт ҳамда бошқа вилоятлар шевасидаги жаргон ва бу сўзнинг бироз ҳақоратомуз оҳангда ишлатилишини ҳисобга олмаганда ҳеч қандай акс маънога эга эмас. “Терпила” ўзини жабрдийда деб билган шахсга нисбатан қўлланилади. 

Умрим давомида бир марта шунақа “терпила”га дуч келганман. Бундан бир неча йиллар аввал турмуш ўртоғим пойтахт маҳаллаларининг бирида автомашина бошқариб кетаётиб сочига оқ оралаган кишининг оёғидаги бармоқ панжаларини (!) босиб кетган. Кўп йиллик тажрибага эга ҳайдовчининг шундай “жиноят” содир этганлиги мени жуда ҳайрон қолдирганди. Жабрланувчи милицияга хабар бермаслигини, яқин ўртадаги поликлиникага бориб жароҳатни боғлаб, уйига элтиб қўйишни сўраган. Нуфузли идораларнинг бирида ҳарбий хизматини ўтаётган турмуш ўртоғим учун бу таклиф маъқул келган. 

Шу кундан бошлаб гўё рўзғоримиз икки бўлди. Кунда кунора патир нону қаймоқ, гўшт жабрдийданинг илтимосига кўра уйига олиб бориб турилди. Бир куни у киши қўнғироқ қилиб, шифокор кўригига боришини айтди. Мен ҳам эргашдим. Турмуш ўртоғим жабрдийдани етаклаб хонама хона шифокор кўригидан ўтказаётган бир пайтда ҳамширалардан бири менга, биз жабрдийда деб ўйлаётган бу киши аслида “синган панжалари” билан поликлиникага тез-тез келиб туришини, атайлаб юриб кетаётган автомашина ғилдираклари остига оёғини қўйиб беришини айтганида (менимча анграйиб қолдим ўшанда) қай ҳолатга тушганимни фақат тасаввур қилишингиз мумкин. Бундан чиқди бу кимсанинг “тирикчилиги” шу экан (суриштирдик маҳалласидан, уни “танийдиган” ҳайдовчи кўп)! 

Шундан кейин у кишига бошқа ҳеч нарса олиб бормасликларини турмуш ўртоғимдан илтимос қилдим. Орадан бир неча кун ўтгач, уй телефонимизга “жабрдийда”нинг аёли қўнғироқ қилиб, эрталабки нонуштага қаймоқ-патир келмай қўйганидан нолиди. Турмуш ўртоғим оёқ, тўпиқ олиб бориб беришларини, шўрва қайнатиб эрига ичириши кераклигини айтганида “портладим”: “Келинойи, келинг яхшиси, турмуш ўртоғимни милицияга топшириб юбора қолинглар” дедим. Шу-шу бошқа безовта қилмайдиган бўлишди.

Хулоса

Нуфузли идораларнинг бирида содир бўлган нохуш воқеа, унинг иштирокчилари тез кунда кўпчиликнинг хотирасидан ўчади. Чунки ахборотлашган замонамизда бу “сенсация”нинг ўрнини яна бошқаси эгаллайди. Бунга мисол, яқиндагина “замҳоким”лар ахборот жанги майдонига чақирилганди. Бундан ташқари, МИБ ходимининг калтакланиши, шифокорга нисбатан зўравонлик, ЙПХ ходимларига нисбатан суиқасдлик ҳаракатлари ва ҳ.к. ва ҳ.к. Ижтимоий тармоқлардаги зўравонлик, қотиллик ҳақидаги хабарларни-ку, айтмаса ҳам бўлаверади. Биз ўзбеклар, қачон Интернет дегани кашф этилади-ю, бор кирдикорларимизни бутун оламга намойиш этамиз, деб шум ният қилганмиз гўё.   

Ижтимоий тармоқдаги видео-тасвирга асосланиб, ўз ходимига нисбатан Вазирлар Маҳкамаси раҳбар ходимлари тўғри қарор қабул қилди, деб айтолмайман. Бу ҳудди тумов бўлган бурунни кесиб ташлашдек гап. Шу кетишда ахборот майдонида шахсий манфаатлари йўлида иш олиб борувчи “корчалонлар” кўпайиб, ташкилот ёки идора вакилини шарманда қилиш йўли билан ўз мақсадига эришиш осонлашади.  Ахир қачонгача ходимни бўшатиш билан масалани узил-кесил ҳал қилиш мумкин!? Бу ҳолат давом этаверса, давлат идораларида ишлайдиган ходим қоладими?! Халқ орасида аламзадалик, давлат сиёсатига ишончсизлик урчиши аниқ. Омма боқимандалик, манманлик, танбалликка ружу қўяди. Ва ниҳоят, жамиятимиз коррупциядан-да хавфли бўлган “гедонизм” иллатига дуч келади. 

Ижтимоий тармоқлар ОАВ эмас! Унда текширилмаган, исбот-далилланмаган, манбаси номаълум  маълумотлар қайнаб ётибди. Бундай ечим хизмат вазифасини адо этаётган ишчи-ходимларга даҳл қилиш ҳолатларининг олдини олади, деб ўйлаш хато. Ҳар қандай идора ва идора раҳбари, аввало, ўз ишчи-ходимининг хавфсизлиги, ҳуқуқларини таъминлаши зарур. Акс ҳолда ижтимоий тармоқлар орқали бошқарув органларига босим кўпаяди. Оқибатда бутун жамиятимиз парокандаликка учрайди. 

Вазирлар Маҳкамаси собиқ ходимини кимнингдир ўғли, эҳтимол қайсидир қоракўз болажоннинг отаси эканлигини, оқибатда бутун бир оиланинг боши эл-юрт олдида хам бўлганлигини таъкидлайман. У ишлаши, оиласини моддий таъминлаши керак. У энди қаерга боради?! Ахир, юқори ташкилот воз кечган, “обрўси тўкилган” ходимни ким ҳам ишга оларди?! 

Вазирлар Маҳкамасидаги тўрт йиллик хизмати давомида орттирган билим ва тажрибасини қаерда қўллайди?! Унинг лавозимига ким ишга келади ва янги ходимда тажриба, кўникма ҳосил бўлиши учун неча йил керак бўлади?! Яна бир муҳим савол: кадрлар оқими баъзи ички маълумотларнинг четга чиқиб кетиши, дегани эмасми?! 

Вазирлар Маҳкамаси собиқ ходимини шахсан танимайман, кўрмаганман! Лекин ҳамкасбларининг берган характеристикасига асосланиб ва фуқаро Ж.Аҳмедовнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларини инобатга олиб, ходимга нисбатан кўрилган чора нотўғри эканлигини таъкидлайман! 

Шунингдек, мен маълумот йиғиш, ахборот тарқатиш борасидаги мутахассис сифатида эмас, аёл, она, ёшлар тарбиячиси — журналист-педагог сифатида шуни айтмоқчиман: азиз ёшлар, қўлимиздаги мослама узоқни яқин қиладиган шунчаки мобиль алоқа воситаси эмас. Бу — ахборот қуроли. Унинг техник имкониятлари қанчалик кенг бўлса ахборот олиш ва тарқатиш борасида шунчалик қудратга эгамиз. Лекин қудратимизни бошқалар ҳуқуқини поймол қилиш эвазига намойиш этмаслигимизни англамоғимиз ва бу оддий инсоний бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз керак. Ахборот майдонига узатилган ҳар бир маълумот зумда дунё айланади. Ўзбек шаънига, отамерос ғуруримизга, қадриятларимизга доғ туширувчи ҳаракатларга йўл қўймаслик баробаринда, четдан бўлаётган ахборот ҳуружларига бахамжиҳатлик билан қаршилик кўрсатайлик. Интернет фақат эзгу амалларга хизмат қилсин.  

Муҳайё Саидова, журналист.

P.S.: Журналистик суриштирувни якунлаб, бинодан чиқиб кетаётганимда кутиш хонаси, қабулхоналар ва йўлакларга овоз ҳамда тасвир ёзиш имкониятига эга видео-кузатув камералари ўрнатиш масаласида режа тузаётган масъул ходимларни учратдим.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

427

Рейтинг

3.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг