Тожик-қирғиз можароси: Раҳмон ва Жапаров телефонда гаплашиб, нимага келишди?

Олам

image
Тожик-қирғиз можароси: меҳрибон Путин вазиятни ҳал қилишда воситачи бўлишга тайёр north_east

Тожик-қирғиз можароси: меҳрибон Путин вазиятни ҳал қилишда воситачи бўлишга тайёр

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров бугун, 30 апрель куни Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали суҳбат ўтказди. Бу ҳақда Қирғизистон Президенти Матбуот хизмати хабар бермоқда

Маълум қилинишича, давлат раҳбарлари икки мамлакат чегарасида юзага келган можароли вазиятни фақат тинч йўл билан ҳал қилишга ва май ойининг иккинчи ярмида Душанбеда юзма-юз учрашув ўтказишга келишиб олган.

Икки ҳукумат делегацияларининг қирғиз-тожик давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича музокаралари эртага, 1 май куни Қирғизистон Республикасининг Боткен вилоятида бўлиб ўтади.

Садир Жапаровнинг таъкидлашича, қирғиз томони давлатлараро муаммони диалог орқали ҳал қилиш ва мамлакат чегарасининг қирғиз-тожик қисмида барқарор вазиятни сақлашга қарор қилган.

Суҳбатда Жапаров Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик бундан кейин ҳам анъанавий ва кўп асрлик дўстлик ҳамда яхши қўшничилик асосида изчил, самарали ривожланиб боришига ишонч билдирган.

Эслатиб ўтамиз, бугуннинг ўзида Тожикистон Президенти Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан ҳам телефон орқали мулоқотда бўлиб, тожик-қирғиз чегарасида юз берган можарони муҳокама қилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, можаро оқибатида Қирғизистон тарафидан 31 киши ҳалок бўлган ва 130 дан ортиқ киши яраланган. Шунингдек, Қирғизистон чегарага яқин ҳудудда яшовчи 20 мингдан ортиқ аҳолисини эвакуация қилган. Расмий Душанбе эса саккиз киши ҳалок бўлгани ва 31 киши яралангани ҳақида хабар бермоқда.

Қирғиз-тожик чегарасидаги можаро

Жорий йилнинг 17 апрель куни Тожикистон ва Қирғизистоннинг чегарадош қишлоқлари аҳолиси ўртасида жанжал юз берди. Бунга Қирғизистон томони Тожикистон билан келишмасдан икки давлат учун умумий бўлган асосий сув тақсимлаш иншооти – “Головная” олдида кўприк қуриш ҳаракатини бошлагани сабаб бўлди.

Шундан сўнг, Тожикистон томони “Головная” сув тақсимлаш пункти ёнидаги электр устунига видеокамералар ўрнатишни бошлаган. Бундан норози бўлган қирғизлар камераларни олиб ташлашни сўраган. Шу билан 28 апрель куни икки томон ўртасида дастлаб, оғзаки ҳақорат ва айтишувлар сўнгра, бир-бирига тош отиш бошланган.

Кейинчалик можарога икки томон чегара қўшинларининг аралашуви оқибатида тошбўрон отишмага айланиб кетди. Вазиятнинг кескинлашиши ортидан икки мамлакат чегара томон қўшимча ҳарбий бўлинмалар юборди

Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров 29 апрель куни Қирғизистон ҳукумати аъзолари билан Боткен вилоятидаги давлат чегарасининг қирғиз-тожик қисмидаги вазият бўйича тезкор йиғилиш ўтказди. Бишкекда эса боткенликларни қўллаб-қувватлаш учун намойиш бошланди.

Ўз навбатида, Ўзбекистон икки қўшни республика чегарасидаги можарога муносабат билдириб, томонларни тўқнашувларни дарҳол тугатиш, вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чораларни кўриш ва зиддиятларнинг янада ошишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

29 апрель кунининг биринчи қисмида бошланган икки ўртадаги отишма томонларнинг саъй-ҳаракатлари билан куннинг охирида тўхтатилди

Бироқ, 29 апрель куни тузилган ўқ узишни тўхтатиш тўғрисидаги сулҳ узоққа бормади. Эртаси куни, яъни 30 апрелда яна ҳарбий ҳаракатлар бошлангани ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

249

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг