“Тоттенҳэм” шифокори Эриксеннинг ҳолатини коронавирус билан боғлиқ деб топди

Спорт 1742
image

Евро-2020 “Б” гуруҳи 1-туридан ўрин олган Дания – Финляндия учрашувида Дания терма жамоаси ярим ҳимоячиси Кристиан Эриксен бир ўлимдан қолгани ҳамон муҳокама қилинмоқда. Бўлиб ўтган воқеага Эриксеннинг собиқ клуби бўлган “Тоттенҳэм”нинг бош шифокори Санжай Шарма ўз муносабатини билдирди.

“Эшитишим бўйича, Эриксенда юрак-ўпка реанимацияси юз бериб, шифокорлар дефибриллятордан фойдаланибди. Бундан келиб чиқадики, ўша вазиятда Кристианнинг юраги тўхтаб қолган.  У тўп томон ҳаракат қилаётган эди, лекин оёқлари ўзига бўйсунмади ва у йиқилди. Йиқилганидан кейин кетган ҳар бир дақиқа вақт одам учун ҳаёт-мамот масаласини ҳал қилиши мумкин”, дейди Санжай Шарма. 

Шунингдек, унинг таъкидлашича, бундай вазиятда агар реанимация 5-6 дақиқа давом этса, оддий одам учун натижа жуда даҳшатли бўлиши мумкин. Эриксеннинг футболчилиги ҳамда унинг қон айланиш тизими яхши шакллангани айни шу пайтда қўл келган.

“Бу вазиятда гап коронавирус инфекцияси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Вирус инсон юрагида майда чандиқчалар ҳосил қилади ва табиийки бу қачондир панд беради. Муҳими у бир ўлимдан қолди”, дейди шифокор.

Эслатиб ўтамиз, Дания – Финляндия ўйини Эриксеннинг хушдан кетиши сабабли бир муддат тўхтатилиб, кейин ўша куннинг ўзида давом эттирилди ва ўйинда Финляндя 0:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Ўйиннинг энг яхши ўйинчиси деб эса Эриксен эълон қилинди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 26
Рейтинг: 3.1
t
×