Тошкентдаги 14 та эски маҳаллани сақлаб қолиш учун махсус ҳудуд ташкил этилади. Булар қайсилар?

Жамият

image

Яқин йиллар давомида Тошкентда қатор кўп қаватли биноларнинг ва янги йўлларнинг қурилиши натижасида пойтахт “бетонлашиб” қолди. Пойтахт қиёфасининг тубдан ўзгариши, янги ва замонавий биноларнинг қад кўтариши яхши, албатта. Аммо, қайсидир замонавий “city”нинг қурилиши фуқароларнинг ўз уйларини ташлаб кетиши, тарих аҳамиятга эга маҳаллаларини йўқ бўлишига олиб келмаслиги керак. Тошкентнинг ҳар бир маҳалласида олиб борилаётган қурилишлар миллий анъанларга ва қадриятларга зарар етказмаслиги жуда муҳим.

Шу мақсадда Тошкентдаги этнографик аҳамиятга эга ва тарихий объектлар жойлашган 14 та маҳаллани шаҳардан ажратмаган ҳолда сақлаб қолиш, реконструкция ва реставрация қилиш бўйича махсус лойиҳа ишлаб чиқилган. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан ишлаб чиқилди. Лойиҳа доирасида Тошкент шаҳри Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида жойлашган Хаст-Имом, Ҳофиз Кўҳакий, Абу Бакр Шоший, Қўштут, Чиғатой Дарвоза, Эски Шаҳар, Намуна, Гузарбоши, Ҳазрати Имом, Ачобод, Гуруч Ариқ, Қорасарой, Хончорбоғ ва Гулбозор маҳаллаларида анъанавий ҳаёт тарзини сақлаб қолган ҳолда Давлат тарихий-маъмурий этнографик ҳудудини ташкил этиш кўзда тутилган. Бугунги кунда ушбу лойиҳа Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда Швейцариянинг Цюрих Олий техника мактаби томонидан қўллаб-қувватланмоқда.

Қайд этилишича, бугунги кунда UNESCO ва Ўзбекистон ўртасида бир қатор йўл хариталари қабул қилинган бўлиб, уларнинг орасидан маҳаллаларни сақлаб қолиш, келажак авлодга безарар етказиш каби йўналишлар ҳам бор.

“Ҳаммамизга маълумки, бугунги кунда Ўзбекистондаги қатор тарихий объектлар мавжуд ҳудудлар UNESCO рўйхатига киритилган. Масалан, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз ва Самарқанд. Мана шу рўйхатга қарайдиган бўлсангиз, у ерда фақат тарихий объектлар киритилмаган. Ўша тарихий ёдгорлик атрофидаги маълум бир ҳудуд ҳам рўйхатга киритилган. Сабаби, тарихий объектлар  атрофидаги маҳаллалар, гузарлар ва кўчалар ҳам этнографик аҳамиятга эга.

Айтишим мумкинки, рўйхатга киритилган маҳаллалар Бутунжаҳон меросига кирган тарихий объектларнинг ажралмас қисмидир. Агар бу маҳаллаларга зарар етса, бутунжаҳон меросига ҳам путур етади”, дейди Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан ташкил этилган “Маҳалла келажаги” номли давра суҳбатида UNESCO’нинг Ўзбекистондаги вакили Санжар Аллаёров.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон ҳукумати кўмаги билан бу йил La Biennale di Venezia – Венециядаги XVII Халқаро архитектура биенналесида Ўзбекистоннинг “Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти”, деб номланган биринчи Миллий павильони тақдим этилди. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистонинг биринчи Миллий павильони Комиссари бўлди. Павильон раҳбарлари сифатида эса Цюрих Олий техника мактаби профессорлари Эммануэль Крист ва Кристоф Гантенбейн танланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

362

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг