Тошкент ер усти метро ҳалқа йўли Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги шарафига номланади

Жамият

image

Тошкент шаҳрида барпо этилаётган ер усти метро ҳалқа йўли “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз йиллиги” деб номланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги санаси муносабати билан:

•    Тошкентда “Истиқлол” мажмуасини ташкил этиш ва у ерда мустақилликнинг мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган ёдгорлик композицияси барпо этилади;

•    “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади;

•    ўтган даврда эришилган ютуқларга бағишланган “Янги Ўзбекистон” китоб-альбомини ҳамда ҳар бир соҳада амалга оширилган ислоҳотлар натижаларини ёритиб берувчи китоб-альбом ва тўпламлар нашр этилади;

•    2021 йилда мамлакат ўтказилиши режалаштирилган барча халқаро маданий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, илмий конференциялар, аждодларимиз юбилей саналари мустақилликнинг ўттиз йиллиги ғояси ва руҳи билан уйғун ва ҳамоҳанг ҳолда ташкил этилади;

•    маданият ва санъатнинг барча йўналишлари (мусиқа, театр, кино, тасвирий ва амалий санъат, цирк, халқ ижодиёти) бўйича республика миқёсида фестиваль ва кўргазмалар ташкил этилади;

•    мамлакат мустақиллигини тараннум этадиган энг яхши қўшиқ ва мусиқа асарлари ҳамда тарихий ва замонамиз қаҳрамонлари ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги пьесалар танловлари ташкил этилади;

•    мустақиллик йилларида эришилган илмий ютуқлар асосида яратилган инновацион лойиҳа ва технологиялар кўргазмалари ўтказилади.

Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда ушбу бандда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Ҳукумат қарорини қабул қилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Мустақиллик байрами

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг