Тошкент туманининг Олмазорга яқин ҳудудида 260 гектарлик янги шаҳарча қурилади

Жамият

image

Тошкент вилояти Тошкент туманининг Тошкент шаҳар Олмазор туманига яқин 260 гектар ҳудудида янги йўлдош шаҳарча қурилади.  Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёйев бугун, 12 июнь куни Олмазор туманига ташрифи давомида маълум қилди. 

Аҳолининг уй-жойга эҳтиёжи юқорилигини ҳисобга олиб, Тошкент туманида Олмазорга яқин ҳудудда 260 гектар ерни ажратиб бериб, 150 минг нафар аҳолига мўлжалланган йўлдош шаҳарча қурилади.

Туманда 20 метр кенгликдаги боғлар, пиёдалар ва велосипедчилар йўлакларидан иборат, узунлиги 14 километр бўлган дарёбўйи йўли барпо этилади. Бу ерда кўплаб хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳам ташкил этилиб, камида 5 минг нафар аҳоли иш билан таъминланади.

Президентнинг қайд этишича, Олмазор туманига янги лойиҳа олиб келишга ер майдонлари ва бинолар етишмаслиги халақит бермоқда.

Президент шу ернинг ўзида  Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Давлат активларини бошқариш агентлиги директори Суннатулла Бекеновга бир ой муддатда тўлиқ ишлатилмаётган 12 та давлат объекти ва илгари хусусийлаштирилиб, ҳозир бўш турган 97 та бино ва ер майдонлари негизида янги корхоналарни ташкил этиш бўйича аниқ лойиҳа таклифларни тайёрлашни буюрди.

“Янги лойиҳалар учун кўпроқ ер майдони топиш масаласини ҳам ўйлашимиз керак.

Бунинг учун, Тошкент туманида Олмазорга яқин ҳудудда 200 гектар ер майдонини ажратиб бериб, янги саноат зонасини барпо этишни таклиф этаман”, дейди давлат раҳбари.

Маълум қилинишича, бу ерда ташкил этиладиган корхоналарда камида 60 мингта янги иш ўринларини яратиш мумкин бўлади.

Ушбу масала юзасидан мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Тошкент вилояти ҳокимлиги билан бирга икки ҳафта муддатда аниқ таклиф киритиши белгиланди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Олмазор тумани Тошкент тумани

Баҳолаганлар

156

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг