Тошкент шаҳар судлари Раббимов иши бўйича ИИВ фактларини рад этадиган баёнот берди

Жамият

image

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик иши ва туман суди қарорининг ўзгартирилиши юзасидан Тошкент шаҳар судлари баёнот берди. Қизиқ ва эътиборли жиҳати шундаки, Тошкент шаҳар судлари томонидан берилган баёнот Ички ишлар вазирлиги Матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовнинг Раббимов иши бўйича келтирган фактларини рад этмоқда. Жумладан Тошкент шаҳар судлари расмий баёнотида шундай дейилади: 

“2022 йил 18 апрель куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судида К.Раббимов (1977 йилда Самарқанд вилоятида туғилган) ва Ш. Самандаров (1997 йилда Навоий вилоятида туғилган)га нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. 

Аниқланишича, 2022 йил 17 апрель куни К.Раббимов ва Ш.Самандаров Тошкент савдо маркази (Шайхонтоҳур тумани) олдидаги жамоат жойида шовқин қилиб туришган вақтда шу ерда хизмат олиб бораётган ички ишлар органлари ходимлари келиб (!), уларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ИИБ биносига таклиф қилишганда, уларга қаршилик кўрсатиб, ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, уларни омма олдида ҳақорат қилишган”. 

ИИВ Матбуот котиби Ғиёсов берган баёнотда эса гўё Раббимов “Чақар” маҳалласида санитария-профилактик тадбирлар жараёнида ўз хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар идоралари ходимларининг фаолиятига асоссиз аралашган. Ғиёсов бу борада шундай деган:

“Жорий йилнинг 17 апрель куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани “Чақар” маҳалласида ўтказилаётган санитария-профилактик тадбирлар жараёнида, чет эл фуқароси К.Р. хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг фаолиятига асоссиз аралашиб, уларнинг ишига тўсқинлик яратиб, қонуний талабларини бажармаган”.

Шу ўринда савол туғилади: Раббимов ўз хизмат вазифасини бажараётган ходимларнинг фаолиятига бориб аралашганми ёки бошқа биров билан жанжаллашаётганда ИИБ ходимлари  унинг ёнига келиб, шахсини аниқлаш мақсадида ИИБ биносига таклиф қилганми? Бу икки фарқли ҳолат ва иккиси ҳас алоҳида таҳлилни талаб қилади. 

Тошкент шаҳар судлари баёнотига қайтадиган бўлсак, ҳуқуқбузарлар К.Раббимов ва Ш.Самандаровнинг ҳаракатлари ишда мавжуд тўпланган далиллар, жабрланувчи З.Турсуновнинг аризаси, гувоҳларнинг тушунтириш хатлари ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топган.

Суднинг қарорига кўра:

К.Раббимов Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми ва 195-моддаси (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш)да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топилиб, унга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси (бир неча ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун маъмурий жазо қўлланиш)га асосан узил-кесил 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Ш.Самандаров  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топилиб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган. 

Ушбу қарор устидан К.Раббимов томонидан келтирилган апелляция шикояти Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, 18 апрелдаги жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман судининг К.Раббимовга нисбатан чиқарилган қарори ўзгартирилган.

Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 18 апрелдаги қарори билан К.Раббимовга узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланиб, апелляция шикояти қаноатлантирилган.

Қарорнинг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шоҳруҳ Ғиёсов Камолиддин Раббимов

Баҳолаганлар

608

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг