Тошкент шаҳар ҳокимлиги кўчаларнинг сув босишида аҳолини айблади

Таҳлил

image

Бугун пойтахт Тошкентда ёғингарчилик сабаб кўплаб кўчаларни сув босиб, автомобиллар ва йўловчилар ҳаракатланиши учун катта қийинчиликлар юзага келди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса бунга аҳолининг ўзини айбдор қилмоқда.

Бугун, ҳокимликнинг Telegram ижтимоий тармоғидаги саҳифасига пойтахтнинг турли кўчалари тозаланаётгани акс этган видео жойланди. Унинг изоҳида эса шу кунларда коммунал ва ободонлаштириш соҳаси вакилларининг асосий кучлари ариқлар ва дренаж тизимларидаги чиқиндиларни чиқаришга ва сув йўлларини очишга қаратилаётгани ёзилган.


“Ушбу вазиятнинг ягона сабаби – чиқиндиларнинг белгиланган жойларга эмас, балки йўлларга ва ариқларга ташлаб кетилиши”, дея таъкидланган ҳокимлик хабарида.

Бироқ!

Тошкент шаҳрининг ерости дренаж тизими 60-70 йилларда қурилгани ва ҳозирда аллақачон эскириб битгани ҳокимлик мутасаддиларининг ёдидамикан? Арзимаган икки кунлик ёмғирда Тошкент кўчаларини юриб бўлмайдиган даражада сув босишига фақат ариқларнинг чиқиндига тўлиши эмас, балки, кўча ва катта йўл ёқаларидаги ариқларнинг аллақачон қўмиб юборилгани ҳам сабаб эканлигини ҳокимлик тепасида ўтирган “каттаконлар” билишармикан? Ички кўчалардаги ариқларни-ку гапирмаса ҳам бўлаверади.

Бу ҳақида QALAMPIR.UZ аввалроқ жон куйдирган ва “Ҳар кузда шу бўлар такрор ёхуд Тошкентда ариқларнинг эгаси борми?” номли таҳлилий видеоматериал эълон қилганди. Унда эса шаҳар бўйлаб турли кўчаларда рейд ўтказилиб, кўплаб ариқларнинг кўмиб юборилгани натижасида ярмида тўхтаб қолгани ҳолатлари ўрганилган. Бугунги муаммолар бошланмасиданоқ, сентябрь ойида кўтарилган ва масъулларни огоҳликка чақирган бу видеоматериалда Америкада ирригация йўналиши бўйича фаолият олиб борувчи ўзбекистонлик мутахассис Асқарали Каримовнинг пойтахт дренаж тизими чуқур ислоҳотларга муҳтожлиги ва уларни кечиктириб бўлмаслиги ҳақидаги фикрлари келтирилганди.


“Охирги 7-8 йилда Тошкент шаҳри шиддатли ўсиб борди. Ер устида тезкор қурилишлар амалга оширилди-ю ер остидаги ирригация тизимининг нима бўлаётгани ҳақида ҳеч ким ўйламади. Бу эртага биз учун жуда катта муаммо бўлади. Бунақанги табиат ҳодисалари, кучли ёқингарчиликлар, сел тошишлари – ҳали бошланиши. Афсуски, Тошкентдаги ҳозирги тизим буни кўтара олмайди. 1970-йилларда қурилган дренаж тизими бу даражадаги ривожланишни ҳисобга олиб қурилмаган эди. Шунинг учун ҳозирдан буни ислоҳ қилмасак, муаммолар кўпаяверади”, дея муаммонинг асл сабабини келтириб ўтганди мутахассис.
Тошкент шаҳар ҳокимли эса бу масалаларни (асосий масалаларни) бир четга суриб қўйиб, келажакда бундай ҳолатлар қайтарилмаслиги учун чиқиндиларни фақат белгиланган жойга ташлашингизни, бу орқали, пойтахт озодалигига ҳисса қўшишни фуқаролардан илтимос қилмоқда.


Шунингдек, ҳокимлик эълон қилган видеода бир қанча коммунал ва ободонлаштириш соҳаси вакилларининг таъсирли гапларини эшитиш мумкин.
Масалан, улардан бири аҳолидан “лотоклар”га ҳар хил чиқиндиларни отиб кетмаслигини сўраган.


“Мана шу ёмғирда ўзимизга ўхшаган инсонлар қийналиб ишлаётганининг қадрига етишингизни сўраб қолардим”, деган у.


“Ҳозир мана битта жойни очдик, сув яхши кетяпти. Энди иккинчи жойни очиш керак. Агар очсак, охиригача сувни тортиб кетади”, деган муаммони ҳал қилишга ёмғир ёғмасидан аввал, ёзнинг иззиқ кунларида эмас, айнан ёмғирда ишга киришганлардан бири.


“Агар мана шу “мусор”ларни аҳоли ташламаганда эди шундай тошқинлар бўлмасди”, деб ҳолатга ўз фикрини билдирган бошқа бир ходим.


Ҳақиқатдан ҳам, бугун Тошкент кўчаларининг сув остида қолишига аҳоли томонидан ташланаётган чиқиндилар ҳам маълум маънода сабаб бўлиши мумкин. Аммо, асосий сабаб мутахассис Асқарали Каримов айтганидек, дренаж тизимининг эскиргани, бу борадаги ислоҳотларнинг кечикаётгани ва кўплаб ариқларнинг кўмиб юборилганидир.


Эслатиб ўтамиз, Тошкент кўчаларининг сув остида қолишини доимий равишда эътиборидан тушурмай, танқид қилиб келаётган QALAMPIR.UZ сайти бугун, 2 ноябрда ҳам  бу мавзуга тўхталди. Унда эса сайт мухбири сув тошган кўчаларда бўлиб, масъуллардан ҳолатга изоҳ олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

234

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг