Тошкент қорга бурканди, ЙТҲлар ортмоқда. Йўллар қачон тозаланади?

Жамият

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 18 ноябрь куни пойтахт Тошкентда кучли қор ёғмоқда. Соат 17:00 ҳолатига кўра, ҳарорат -5 даражани ташкил этмоқда. 

Пойтахт йўлларида аллақачон музламалар ҳосил бўлиб, автомобиллар ҳаракатланишига ноқулайликлар туғдирмоқда. Шаҳар ҳудудларида музламалар оқибатида бир неча ЙТҲлар қайд этилди. Айрим баландликлардан иборат бўлган йўлларда умуман ҳаракатланиш имкони бўлмаяпти. Шу боис тирбандлик ортиб бормоқда. 

Ҳолат бўйича QALAMPIR.UZ’га бир неча мурожаатлар келиб тушди. Биз уларга аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси расмийлари билан боғландик. 

Таъкидланишича, йўл-патруль хизмати бригадалари об-ҳаво шароитидан келиб чиққан ҳолда йўлларда фаолиятини олиб бормоқда. Барча отрядлар шаҳар кўчаларига жалб қилинган. Бироқ, йўлларни қордан тозалаш, музламалар устига қум ва туз каби эритувчи воситаларни сепиш Тошкент шаҳар ҳокимлиги бошчилигида Ободонлаштириш бошқармаси вазифасига киради. Тошкент шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати билан боғланганимизда, пойтахтнинг айнан қайси кўчаларини қор ва муздан тозалаш ишлари олиб борилаётгани ҳақида аниқ маълумот олиш имкони бўлмади. Пойтахт ҳокимлиги Матбуот котиби Фурқат Маҳмудхўжаевга кўра, аллақачон йўлларни қор ва муздан тозалаш ишлари бошланган. 

“Ишларни ташкил қиляпмиз. Кечаданоқ техникаларни созлаб, тайёрлаб қўйганмиз. Автомобиллар тезлиги кескин камайган, кўплар ёзги ғилдиракларда юрибди. Эҳтиёт бўлишларини илтимос қилар эдик. Барча техникалар кечаю кундуз ишлайди”, дейди Маҳмудхўжаев.

Шунга қарамай, пойтахт аҳолиси, айниқса, ҳайдовчилар ўртасида норозилик ортиб бормоқда. Тошкентнинг энг серқатнов йўллари – Кичик халқа йўли, Беруний шох кўчаси қор ва муздан тозаланмаган. Ҳокимлик бу борада амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоб бериши кутилмоқда. 

Йўлингиз бехатар бўлсин. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

109

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг