Тошкент энг жиноий ҳудудлигича қолмоқда

Олам

image

Пойтахт Тошкент жиноятчилик бобида мамлакатдаги энг юқори ўринларни қайд этаётган ҳудудлигича қолмоқда. Ўтган олти ойда содир этилган жиноятлар ҳар 100 минг кишига 363 тани ташкил этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахборотида айтилган.

Бугун, 3 август куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда вазир Бобожоновнинг эртага, 4 август куни бўлиб ўтиши режалаштирилган Сенатнинг 29-ялпи мажлисида тақдим этиши кутилаётган ахбороти муҳокама қилинган

Қайд этилишича, жорий йилнинг 6 ойида рўйхатга олинган жами жиноятлар сони ҳар 100 минг аҳолига 132 тадан тўғри келган бир вақтда ушбу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 363 тани, Фарғонада 190 тани, Тошкент вилоятида 184 тани, Сирдарёда 148 тани ташкил этган.

Сенатнинг 2022 йил 19 мартдаги тегишли қарорига мувофиқ кўрилган чоралар натижасида ўз фаолияти давомида жиноятларни жиловлаш борасида ишларни тўғри ташкил этмаган 1 559 нафар раҳбар ва ходимга интизомий таъсир чоралари қўлланилган.

2021 йил давомида очилмасдан қолган жиноятлардан 1 079 таси, аввалги йилларда очилмаган жиноятларнинг 151 таси фош этилиши таъминланган.

Шунингдек, ҳисобот даврида содир этилган умумий жиноятларнинг 93,9 фоизи фош этилган, қидирувдаги 2 841 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 203 нафар шахс топилган.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланиб содир этилган 332 та жиноят аниқланган.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган 25 869 нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилган, профилактик тадбирлар натижасида 8 348 та оила ярашган, 25 125 та низоли масала бартараф этилган.

Жиноятлар кўпайган 3 119 та ёки 33 фоиз маҳалла “қизил” тоифага киритилиб, ҳамкорликда қўшма патруллик йўналишлари ташкил этилган.

Бундан ташқари, профилактика тадбирлари натижасида реал олдини олиш имкониятлари мавжуд бўлган ва маҳалла ҳудудида содир этиладиган жиноятларнинг олдини олиш профилактика инспекторларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланса-да, бу йўналишдаги ишлар сустлиги боис, ушбу турдаги жиноятлар жами жиноятларнинг салмоқли қисмини ташкил этган.

Профилактик ишлар лозим даражада ташкил этилмаганлиги оқибатида олдини олиши мумкин бўлган айрим турдаги жиноятлар кўпайишига шароит яратилган.

Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сони айрим ҳудудларда юқорилигича қолган.

Мажлисда сенаторлар томонидан аҳоли ўртасида жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг