Тошкент ҳокимининг “снос” бўйича қарори маъмурий судда “синди”

Жамият

image

Кеча, 1 февраль куни Тошкент туманлараро маъмурий судида аризачи Н. Юнусова ва О. Пиантковскаянинг жавобгар Тошкент шаҳар ҳокимиятига нисбатан ҳоким қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги маъмурий иш мазмунан кўриб чиқилиб, ҳал қилув қарори ўқиб эшиттирилди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.

Ҳал қилув қарорига кўра, аризачи Н. Юнусова ва О. Пиантковскаянинг аризаси қаноатлантирилиб, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2007 йил 2 августдаги 697-сонли қарорининг Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Бобур кўчаси, 7 уйни маданий мерос объектлари давлат рўйхатидан чиқаришга оид қисми ҳақиқий эмас деб топилди.

Шунингдек, ишни кўриш давомида аниқланган қонунбузарликлар юзасидан жавобгар Тошкент шаҳар ҳокимияти ва Маданият вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси Тошкент шаҳар, Тошкент ва Сирдарё вилоятлари бўйича минтақалараро давлат инспекциясига нисбатан хусусий ажрим чиқарилди.

Суд қарорларига нисбатан 1 ойлик муддат ичида Тошкент шаҳар маъмурий судига шу суд орқали шикоят берилиши ёки протест келтирилиши мумкин.

Қайд этиш керакки, ижтимоий тармоқларда мазкур уйда яшовчи фуқаролар ҳоким қарори билан турар жойлари "снос"га тушганидан хавотирда экани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Аввалроқ, Тошкент шаҳар ҳокимининг Юнусобод туманидаги "Универсам" савдо маркази жойлашган ерни давлат ва жамият эҳтиёжи учун олиш тўғрисидаги қарори судда бекор қилингани ҳақида хабар бергандик.


Мақола муаллифи

Теглар

суд

Баҳолаганлар

220

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг