Тошкент ҳавосидаги чанг миқдори нормал даражага қайтди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Жорий йилнинг 4 ноябрь куни Тошкентда кузатилган қум бўронидан кейин шаҳар ҳавоси аста-секин тозаланмоқда. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати маркази хабар берди.

Марказ бугун, 8 ноябрь соат 11:00 ҳолатига мониторинг натижалари ҳаводаги чанг рухсат этилган максимал қийматдан ошмаганини кўрсатган.

Аввалроқ, 7 ноябрь куни соат 11:00 ҳолатига Тошкент ҳавосининг ифлосланиш даражаси нормал деб қабул қилинган концентрациядан 3,3 баробар ошиқ бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 4 ноябрь куни Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида, жумладан, Тошкент шаҳри, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида кучли шамол эсиб, қумли бўронлар ҳосил бўлди. Кўриш даражаси 500-1000 метргача пасайди. Бунинг оқибатида тупроқнинг жуда қуруқ устки қатлами кўтарилиб, атмосфера ҳавосидаги чанг миқдори белгиланган меъёрдан 30 баробар ошди.

Шамол авж олган маҳалда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасига ўрнатилган ҳавонинг ифлосланишини аниқлаш мосламаси пойтахт ҳавосини “ўта носоғлом”, деб баҳолади.

“Ўзгидромет” кузатувларига кўра, сўнгги 150 йил ичида Ўзбекистонда бундай чангли ғубор ҳодисаси кузатилмаган. Синоптиклар 12 ноябргача мамлакатда ёғингарчилик кутилмаётганини, шу сабабли ҳаводаги чанг яна бир муддат сақланиб қолиши мумкинлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

қум бўрони

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг