TOP-10: Фантастик асарларда башорат қилинган ва инсон ҳаётига кириб келган технологиялар

Технология

image

Китоб ва фильмлар кўп ҳолларда келажакни башорат қилади. Уларда ёзилган ёки намойиш қилинган ҳаёлий технологиялар орадан бир қанча вақтлар ўтиб инсон ҳаётига одатий норма бўлиб кириб келади. 

Қуйида ўтган асрда ишланган фильм ёки ёзилган асарларда тасвирланган ва ўша давр одамлари учун ҳаёлий бўлиб кўринган, лекин бугун аллақачон эркин равишда инсон эҳтиёжини қондираётган TOP-10 технология ҳақида сўз боради.   

Ген муҳандислиги

Инглиз ёзувчиси Олдос Хаксли ўзининг “Жасур янги дунё” романида ген инженериясининг пайдо бўлишини башорат қилган. 1932 йилда, тиббиётда бундай ривожланиш олимларнинг ҳали ҳаёлига ҳам келмаган пайтда Хаксли узоқ келажак ҳақида китоб чиқарди.

Хакслининг ўтган асрда ёзган асарининг мазмунига кўра, 2541 йилга бориб, болалар табиий равишда туғилмайди ва инкубаторда етилади. Шунингдек, одамлар туғилишидан олдин белгилаб қўйилган бешта кастага (ижтимоий табақага – таҳр.) бўлиниб ҳаёт кечиради. Пастки қатлам аъзоси, аниқроғи камбағал, мардикор ёки хизматкор бўлиши олдиндан белгилаб қўйилади. Улар туғилмасдан олдин эмбриондаги ривожланиш даврида фикрлаши ва савияси атайлаб хиралаштирилади. Инкубаторларда олимлар томонидан ишлаб чиқилган, аниқ бир “қолип”га туширилган чақалоқлар туғилади.

Гарчи беш аср бугунги кунни китоб воқеаларидан ажратиб турган бўлсада, бундай технологиялар ҳозирги кунда долзарб бўлиб бормоқда. Олимлар инсоннинг индивидуал дизайнини ривожлантириш учун генетик муҳандисликка интилмоқда. Мексикалик профессор Хуан Энрикеснинг тахминларига кўра, 10-20 йил ичида бундай технологиялар одатий ҳолга айланади. Эмбрион ривожланишининг дастлабки босқичида генетик муҳандислик касалликларни даволаш учун ишлатила бошланади ва бу миллионлаб одамлар учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлади.

2018 йилда хитойлик олим Хэ Цзянькуй эмбрион ДНК геномини таҳрирлаш бўйича биринчи ноқонуний тажрибани ўтказди. Натижада уч бола назарий жиҳатдан ОИВга қарши иммунитет билан дунёга келди. Олим ўз фаолияти учун уч йил қамоқ жазоси ва давлат томонидан тақиқланган фаолият учун миллионлаб доллар жаримага тортилди. Илм-фанни оммалаштирувчи Рональд Бейли ва баъзи олимларнинг тахминларига кўра, келажакда бундай технологиялар ёрдамида болаларнинг сочлари ва кўзларининг рангини ўзгартириш ёки уларга маълум бир юз хусусиятларини бериш мумкин бўлади.

Олдос Хакслининг 1932 йилда ёзилган романига қайтадиган бўлсак, у ўз асарида тиббиёт ривожи туфайли одамлар қаришдан тўхтаб, ёш ва чиройли ўлишини тасаввур қилади. Бу ёзувчи башорат қилган генетик муҳандисликнинг яна бир йўналиши эди. Зотан, ҳозирда бу борада ҳайвонлар устида муваффақиятли тажрибалар ўтказилмоқда, бу эса бундай технологиялар ёрдамида кексаликни секинлаштириш мумкинлигини кўрсатди.

Бионик имплантатлар

1972 йили “Киборг” номли романида америкалик ёзувчи Мартин Кэйдин бионик протезларнинг пайдо бўлишини башорат қилган. Китобда шикастланган ёки кесилган тана қисмлари механик қурилмалар билан алмаштирилган одам ҳақида ҳикоя қилинади. Шундай қилиб, китоб қаҳрамони иккита янги оёқ ва оддий оёқнинг барча функцияларини бажара оладиган металл қўлга эга бўлади.

Шундай қилиб, реал ҳаётдаги биринчи бионик қўл 1993 йилда пайдо бўлган ва у мияга уланган датчиклар орқали ҳаракат қилган. Ушбу технология 2007 йилга келиб, кенг тарқала бошлаган. Яна ривожланиб, бармоқларнинг нозик ҳаракатларини такрорларлай ола бошлаган. Бундай ясама қўл эгасига компьютер сичқончасидан фойдаланишга ва оёқ кийимларининг боғичларини боғлашга имкон берди. Бугунга кунда бутун дунёда ушбу технологниядан кенг фойдаланилмоқда. Янги протезлар одамнинг юришига мослаша олади ва унинг индивидуал имо-ишораларини эслаб қолади.

Ҳозирги кунда эса нафақат инсон йўқотган функцияларни ўрнини босадиган, балки уларни янги имкониятлар билан тўлдирадиган механизмлар ишлаб чиқилмоқда. Масалан, бундай протезлар ёрдамида оддий одам учун жуда оғир бўлган нарсаларни кўтариш мумкин бўлади.

Темир одам костюми

Marvel оламидаги таниқли Тони Старк костюми Америка армиясининг махсус кучларида пайдо бўлиши мумкин. 2014 йилда Қўшма Штатлар армия учун роботлаштирилган темир костюм лойиҳасини ишлаб чиқаётгани ҳақида хабар берилган эди. ТАЛОС лойиҳаси Темир одам фильмидаги костюм каби хусусиятларга эга бўлиши кутилмоқда. Унга алоқа, бошқариш ва навигация функцияси киритилади. У атроф-муҳитни доимий равишда кузатиб бориши ва маълумотни аскарнинг ўзига ҳам, юқоридаги раҳбариятга ҳам етказиши мумкин бўлади.

Ҳарбийлар нанотехнологиялар ёрдамида яратилган суюқ керамика зирҳлари билан ҳимоя қилинади. Терморегуляция ва биомедикал соғлиқни сақлаш назорати костюмга киритилади. Ҳозирча ушбу лойиҳа доирасида ҳарбий костюмга киритилмаётган ягона вазифа учиш, холос. 

Космик туризм

Инглиз футурист ёзувчиси Артур Кларк 1961 йилда космик туризм ғоясини тасвирлаб берди. У ўзининг “Ой чанглари” романида Ердан учирилган сунъий йўлдошда турист сифатида саёҳат қилаётган одамлар ҳақида ҳикоя қилади. Асар қаҳрамонлари ой чангига тўлган маршрут бўйлаб учади. Ҳатто космик самолётда стюардессалар ҳам бўлади. Режиссёр Стенли Кубрик 1968 йилда суратга олган “2001 йил Космик одиссея” фильмида худди шундай тасаввурни намойиш этган.

Шуниси эътиборга лойиқки, реал ҳаётдаги биринчи космик сайёҳ ҳам 2001 йилда пайдо бўлган. Америкалик тадбиркор Денис Тито Халқаро космик станцияга саёҳат қилди ва бунинг учун 20 миллион АҚШ доллари тўлаган. Умумий ҳисобда шу вақтгача ушбу дастур доирасида етти нафар турист парвоз қилди, саёҳатларнинг барчаси Россияда ишлаб чиқарилган кемаларда амалга оширилган.

SpaceX Бош директори Илон Маск ва Boeing компанияси космик туризмни ривожлантиришга интилмоқда. Улар 2021 йил охиридан бошлаб Ер атрофида ва Халқарор космик станцияга сайёҳлик павозларини амалга оширишни режалаштирган. Маск шунингдек, Марсга саёҳат қилиш имконияти ҳақида гапирган. Унинг тахминларига кўра, бир кун келиб, бундай парвозлар тахминан 100 минг АҚШ долларига тушади.

Учувчисиз транспорт воситалари

Совет фантастика ёзувчиси Александр Беляев 1926 йилда “Дунё Ҳукмдори” романида учувчисиз самолётлар ҳақида ёзган. Америкалик Дэвид Келлернинг 1935 йилдаги “Жонли машина” қиссасида биринчи марта ҳайдовчисиз машиналарнинг имкониятлари ҳақида сўз юритилган. 

Ҳозирги кунда учувчисиз транспорт воситалари ҳаёлий нарсалар тоифасига кирмайди. Авто бошқарув кўплаб самолётларда, поэздларда ва баъзи автомобилларда ҳам мавжуд. Google ёки Яндекс каби технологик гигантлар учувчисиз транспортларни фаол равишда ривожлантирмоқда. Баъзи автомобиллар аллақачон йўлларга чиқиб улгурган. Қўшма Штатларда ҳайдовчисиз автомобиллар озиқ-овқат етказиб бермоқда ва коронавирус тестларини тарқатмоқда.

Жамиятда учувчисиз технологияларни тўлиқ жорий этиш ҳақида гапиришга ҳали эрта. Ишлаб чиқувчилар ҳали ҳам техник муаммолар ва қийин ахлоқий қарама-қаршиликларга дуч келмоқда. Масалан, ҳайдовчисиз автомобиль йўл транспорт ҳодисаси вақтида қандай қарор қабул қилиши керак: автомобиль салонидаги йўловчиларни қутқариши керакми ёки атрофдаги пиёда ва бошқа транспортдаги одамларними? Шу билан бирга, роботларга тўлиқ ишонч ҳосил бўлмагунча, жамият ҳайдовчисиз автомобилларнинг кенг қамровда пайдо бўлишига тайёр эмас.

Қуёш энергияси

1911 йилда америкалик ихтирочи Хьюго Гернсбек “Ральф 124C 41+” илмий романини нашр этди. Ёзувчининг сўзларига кўра, китоб ўқувчиларга фаннинг ривожланиш суръати билан таққосланадиган келажак ҳақида сўзлайди. Гернсбек ўз ишида телевизор, овозли фильмлар, магнитафонлар, трансконтинентал ҳаво саёҳати ва космик парвозларни башорат қилган. Китобда қуёш энергиясидан амалий фойдаланиш ҳақида ҳам сўз боради.

Китобга кўра, ушбу ихтиролар 2660 йилда пайдо бўлиши керак эди, аммо замонавий илм-фан ёзувчининг келажак ҳақидаги ғояларидан олдинга ўтиб кетди. Биринчи қуёш энергияси билан ишлайдиган аппарат 1978 йилда, Хьюго Гернсбекнинг башоратидан 67 йил ўтгач пайдо бўлган. Олимларнинг тахмин қилишича, 2020 йилларнинг ўрталарига келиб энергия манбаларининг аксарияти қайта тикланишга ассосланган бўлади. Қуёш электр энергияси асосий манба – кўмир ўрнини босади. 2030 йилга келиб дунё энергетикасининг қарийб 80 фоизи ушбу турдаги ишлаб чиқаришга тўғри келади. Қуёш электр станциялари глобал тенденцияга айланиб бормоқда ва биргина Хитойда 2020 йилда қуёш қурилмалари сони икки бараварга ошган.

“Ақлли” уй

“Ақлли” уйда яшаш қулай, интернет, электр жиҳозлари, иситиш системасидан тортиб дарвозанинг очилиш ва ёпилишигача инсон омилисиз, шунчаки смартфон орқали бошқиш мумкин. Бундай уйнинг тасвири кўпинча илмий фантастикада акс этарди. Шундай уй 1984 йилда “Электр орзулари” фильмида ва “Футурама” анимацион сериалида суратга оолинган. Бундай уй ҳақида биринчи маълумотлардан бирини Рей Бредберининг 1950 йилда ёзилган “Майин ёмғир бўлади” ҳикоясида топиш мумкин. Ёзувчининг “ақлли” уйи ядровий урушга бардош бериб, уй эгаларининг тинч ва тотув яшашини таъминлайди.

Сўнгги йилларда “ақлли” уйлар ҳам хаёлот туркумидан чиқиб кетди. Замонавий квартираларда овозли ёрдамчилар, ўз-ўзини бошқарадиган чангютгичлар ва шубҳали ҳаракатни аниқласа, эгасига телефон орқали қўнғироқ қиладиган ақлли видеокамераларга кўзингиз тушиши мумкин. 

“Ақлли” уйлар оммалашиб бормоқда, улар арзон ва бошқариш осон. Мутахассисларнинг фикрига кўра, яқин ўн йил ичида “ақлли” уйлар нафақат эгаларининг хоҳиш-истакларини бажара олади, балки уларнинг эҳтиёжларини ҳам башорат қила олади. Масалан, музлатгичлар ширинликларни тез-тез истеъмол қилаётган уй эгаларига фойдали овқатларни ҳам таклиф қилиб, эслатиб туради.

Видеоалоқа

1927 йилда “Метрополис” номли илмий-фантастик асарда видеоалоқа башорат қилинган. Саҳналаштирилган асарнинг бир қисмида бош бригадир Грот ўша вақтлар учун ғайриоддий маҳсулот – видеоалоқадан фойдаланади. 

Ҳозирги кунда видеоалоқа сайёрамиздаги аксарият одамларнинг кундалик ҳаётига кириб борган. Айниқса, коронавирус пандемияси давридан масофадан туриб ўқиш, ишлаш ва қариндошлар билан мулоқот қилишда ёрдам бермоқда. Аммо техника ҳали фантастика ҳақидаги барча ғояларни ортда қолдирмади. Масалан, 1989 йилда “Келажакка қайтиш-2” фильмида видеоқўнғироқлар пайтида экранда суҳбатдош ҳақидаги шахсий маълумотлар: унинг севимли ичимликлари, севимли машғулотлари, ҳолати кўрсатилган. Видео платформалар ушбу йўналишда ривожлана бошлайдими ёки йўқлигини вақт кўрсатади.

3D-принтер

1987 йилда футуристик “Самовий йўл” медиа-франшизаси 3D-принтерларнинг пайдо бўлишини башорат қилган. Уларнинг ғояси бир зумда озиқ-овқат ва кундалик эҳтиёж буюмларини яратишга ва уларни тезда қайта ишлашга қодир мослама ҳақида эди. 

Замонавий 3D-принтер ҳали бу даражага етишмаган ва буюмлар ҳажмига қараб уларни яратишгаи бир неча соатдан бир неча ойгача вақт сарфлайди. Маҳсулотларни қайта ишлаш ҳам вақт талаб этади.

3D-принтер индивидуал эскиз ва чизмалардан буюмлар яратишга имкон беради. Аммо ишлаб чиқариш тезлиги ва юқори нархи ҳали технологиянинг трендга чиқишига имкон бермади. Ҳозирги кунда бундай принтерлар асосан тиббиётда протезлар ва имплантларни яратиш учун ишлатилмоқда. Баъзи бошланғич компаниялар 3D-принтер ёрдамида сунъий гўшт тайёрламоқда. 

Универсал таржимон

“Самовий йўл”дан келган яна бир технология – бу универсал таржимон. Медиа франшизадан олдин бошқа илмий-фантастик ёзувчилар ҳам матнни ҳар қандай тилга тезкор таржима қилиш имконияти ҳақида ёзган.

Ҳозирги кунда ушбу ҳаёлий ғоя ҳам аллақачон, реал ҳаётга кириб келган. Яқинда футуролог Даниел Сусскинднинг “Ишсиз келажак” китобини “Яндекс Переводчик” роботи рус тилига таржима қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

215

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг