“Толибон” Тожикистон учун муҳим божхона постини жангсиз эгаллади

Олам

image
Маршал Дўстумнинг толибларга қарши жангда яраланиб, Афғонистонни тарк этгани айтилмоқда north_east

Маршал Дўстумнинг толибларга қарши жангда яраланиб, Афғонистонни тарк этгани айтилмоқда

Бугун, 22 июнь куни “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг Тожикистон билан чегарада жойлашган Шерхон шаҳрини жангсиз эгаллади. Шу билан бирга, икки мамлакат ўртасидаги Шерхон-Бандар божхона ва савдо ўтиш пункти ҳам толиблар қўлига ўтди. Бу ҳақда “Азия-Плюс” Афғонистоннинг “Пажвок” ахборот агентлиги мухбири Ажмал Кокарга таяниб хабар бермоқда.

Манбага кўра, толиблар Шерхон-Бандарни эгаллаб олган, натижада Афғонистон ҳукумат кучларининг бир қисми “Толибон” ҳаракатига таслим бўлган, бошқалари эса Тожикистонда бошпана топган. Қайд этилишича, Тожикистонга қочиб ўтганлар орасида афғонистонлик маҳаллий амалдорлар ҳам бор. 

Тожикистон томони бу борада ҳали расмий изоҳ бермаган.

Маълумот ўрнида, Шерхон-Бандар божхона пости — Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги муҳим савдо ва қайта юклаш пункти, у орқали Тожикистоннинг Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёдан, шу жумладан Покистон ҳамда Эрондан келадиган юклари ўтади.

Ушбу чегара пости Тожикистоннинг Хатлон вилояти Панж тумани ҳамда Афғонистоннинг Қундуз вилоятининг Имом Соҳиб тумани чегарасида жойлашган. Кеча, 21 июнь куни Имом Соҳиб туманининг ўзи ҳам толиблар қўлига ўтганди.

Манбага кўра, айни вақтда ушбу савдо ва божхона назорат пункти орқали барча транспорт ҳаракати тўхтатилган ҳамда Қундуз вилояти атрофида жанглар давом этмоқда.

Маълум бўлишича, кеча, 21 июнь куни Шерхон-Бандардаги баъзи расмийлар Афғонистон марказий ҳукуматини ушбу муҳим чегара ўтиш жойи хавф остидалиги ва қўлга олиниши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, 20 июнь куни Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилояти раҳбари Ёдгор Файзов чегарадаги вазият бўйича фавқулодда йиғилиш ўтказганди.

“Афғонистон билан чегарадаги хавфли вазият ички барқарорликни ҳимоя қилиш зарурлигидан далолат беради. Агар давлат чегараси хавф остида қолса, биз мамлакатни ҳимоя қиламиз ва ҳужум қилганларга жавоб берамиз”, дейди Ёдгор Файзов.

Фаоллашиб қолган “Толибон”

Сўнгги бир ой ичида у “Толибон” кучлари билан тўғридан-тўғри Фарёб, Жузжон ва Сари-Пул ҳудудларида кураш олиб борганди.

Қайд этиш керакки, АҚШ ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқишни бошлагандан бери “Толибон” кескин ҳаракат қилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг июнь ойида “Толибон” ҳаракати Афғонистон шимолидаги Фарёб провинциясининг Давлат Обод, Қайсар ва Гҳор провинциясининг Шаҳрек ҳамда Урузган провинциясининг Гизоб туманларини қўлга киритган эди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқиш ишларини бошлаб юборди. Шу вақтгача Америка ўз ҳарбий контингентининг учдан бир қисмини бу мамлакатдан олиб чиқиб кетди.  

Маълумот ўрнида, 2020 йил февраль ойи охирида АҚШ ва “Толибон” тинчлик шартномасини имзолади. Келишувга кўра, Америка қўшинлари шартнома тузилганидан 14 ой ўтгач, аниқроғи 2021 йилнинг майигача Афғонистонни тарк этиши керак эди. Бироқ бу жараённинг “старт” олиши бироз кечикди.

Жорий йилнинг 14 апрель куни Президент Жо Байден АҚШнинг Афғонистондаги миссияси якунланганини ва 1 майдан бошлаб ушбу мамлакатдан қўшинларини олиб чиқишни бошлашини эълон қилди. Унга кўра, қўшинларни олиб чиқиб кетиш 11 сентябргача якунланиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1117

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг