“Толибон” расмий Тошкент билан “Аср лойиҳаси” режасини ҳал қилишга уриняпти – ОАВ

Олам

image

Жорий йилнинг май ойи охиригача Афғонистон Ўзбекистон билан биргаликда Трансафғон темир йўли қурилиши бўйича дала ишларини бошламоқчи. Бу ҳақда “ToloNews” хабар берди.

Қайд этилишича, 12 май куни Афғонистон Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақи Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири раҳбари Сардор Умурзоқов билан онлайн музокара ўтказган. Улар икки давлат ўртасидаги темир йўл режасини якунлаш масаласини муҳокама қилган.

Афғонистон темир йўллари бошқармаси бошлиғи Бахт-ур-Раҳмон Шарафатнинг айтишича, Трансафғон темир йўли қурилишида олға силжиш бўлиб, бир ой ичида уни ўрганиш бошланади.

“Техник гуруҳлар шу ойда ўз ишини бошлаши кутилмоқда, ҳозир барча бўлимларда бу масала муҳокама қилиняпти”, деди Бахт-ур-Раҳмон Шарафат.

Режага кўра, Мозори Шарифдан йўналиш Саманган, Пул-е-Хумри, Қобул, Логар ва Жалолободдан ўтиб, Покистон билан чегарагача боради. Унинг узунлиги тахминан 600 км бўлади.

Трансафғон темир йўлининг амалга оширилиши Марказий ва Жанубий Осиёни боғлаш ва улар ўртасидаги савдо-сотиқни осонлаштиришга ёрдам беради. Афғонистон Иқтисодиёт вазири ўринбосари Абдул Латиф Назарийга кўра, унинг шарофати билан Афғонистон минтақавий марказга айланади ва қашшоқлик муаммосини ҳал қила олади.

“Афғонистон-Туркманистон-Покистон темир йўли Афғонистонни минтақавий марказга айлантириши ва мамлакатда иш ўринлари яратиш ҳамда қашшоқликни камайтиришда муҳим роль ўйнаши мумкин”, деган Абдул Латиф Назарий.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил бошида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон янги транспорт йўлаги: Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар бўйича “йўл харитаси”ни имзолаган эди. 

У Европа Иттифоқини, Россияни Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан боғлаши керак.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон айнан Афғонистон орқали темир йўл қуриб, денгизга чиқишни режа қилган. Бу учун бир неча йирик лойиҳалар ҳам тайёрланган. 2021 йилнинг июль ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” номли йирик халқаро анжуман айнан ушбу лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган. Бундан ташқари, Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг июнь ойида Сурхондарё вилоятига қилган ташрифида Ўзбекистонни денгизга олиб чиқиши мумкин бўлган “Мозори-Шариф – Қобул – Пешавор” темир йўли қурилишини юқори баҳолаб, уни “аср лойиҳаси”, деб атаган эди. Ушбу темир йўл линияси айнан Сурхондарё вилоятининг маъмурий маркази Термиздан бошланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

421

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг