“Толибон” қатор вазирлик ва идораларга раҳбарлар тайинлади

Олам

image

“Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг қатор вазирлик ва идораларига ўз кадрларини раҳбар этиб тайинлади. Бу ҳақда “Pajhwok” агентлиги хабар берган. 

Таъкидланишича, Гул Оға Молия вазири вазифасини бажарувчи, Садр Иброҳим Ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Махфий хизматни Нажибулла бошқаради. Ҳамдулла Номаний Афғонистон пойтахти мэри, мулла Ширин эса шу номдаги Қобул вилоятининг ҳокими бўлди. Ҳожи Муҳаммад Идрис мамлакат Марказий банки бошлиғи вазифасини бажарувчи бўлган. Шунингдек, таълим ва олий таълим вазирлари ҳам тайинланган. 

Маълумот ўрнида, 2018 йил октябрь ойида АҚШ Молия вазирлиги Садр Иброҳимни “Толибон” ҳаракатининг асосий аъзоларидан бири деб атаган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига кўра, Мавлави Ширин номи билан ҳам танилган мулла Ширин 2018 йил Афғонистон жанубида “Толибон” разведкасини бошқарган. 

Жорий йилнинг 18 август куни ҳаракатнинг юқори лавозимли аъзоси Воҳидулла Ҳошимий
Афғонистонни толиблар кенгаши бошқаришини маълум қилган. Таъкидланишича, янги ҳукуматнинг олий раҳбари “Толибон” бошлиғи Ҳайбатулла Охундзод бўлади, у ўз ваколатлари бўйича кенгаш раҳбаридан ҳам юқори бўлади. 

Аввалроқ, “Толибон” ҳаракати раҳбарияти Афғонистонни бошқариш учун кенгаш тузмоқчи экани, унга 12 киши, шу жумладан, собиқ Президент Ашраф Ғани ҳукуматининг баъзи аъзолари ҳам киритилиши мумкинлиги ҳақида хабар бергандик.

20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ

2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади. 

Афғонистондаги давлат тўнтариши

Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон

Баҳолаганлар

134

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг