“Толибон” Афғонистонда қанча “наркоман” борлигини очиқлади

Олам

image

Афғонистондаги гиёҳвандлар сони айни дамда 3,5 миллион кишини ёки аҳолининг қарийб 9 фоизини ташкил қилади. Бу ҳақда “Толибон” ҳаракати томонидан тайинланган Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдул Бари Умарга асосланиб, ТАCC хабар бермоқда.

“Мамлакатда 3,5 миллион киши гиёҳванд. Уларнинг ҳар бири кунига, тахминан, 3 долларлик гиёҳванд моддаларни истеъмол қилади", деган Абдул Бари Умар.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 2020 йилда Афғонистонда кўкнорини ноқонуний етиштириш учун фойдаланиладиган ер майдони ўтган йилга нисбатан 37 фоизга ошган. Жаҳон афюнини ишлаб чиқаришнинг 85 фоизи Афғонистон ҳиссасига тўғри келган, бу  мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 6-11 фоизини ташкил қилади.

1996 – 2001 йилларда ҳокимят тепасига келган “Толибон”нинг асосий даромад манбаи гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва контрабандадан иборат бўлган. UNODC ҳисоб-китобларига кўра, ўша йилларда “Толибон” гиёҳванд моддалар бизнесидан йилига 400 миллион доллар даромад қилган. Aммо, толиблар 2000-йилларда халқаро ҳамжамият тан олишига эришгач, кўкнор етиштиришни тақиқлаб қўйди. Далалар буткул вайрон қилинди. Гиёҳванд моддалар савдоси ҳам кескин камайди. Бироқ, AҚШ Aфғонистонга ҳарбийларини киритган йиллардан бошлаб афюн, героин ва метамфетамин савдоси яна гуллаб-яшнади.

Хусусан, 2021 йилда Афғонистонда афюн етиштириш ҳажми 8 фоизга ўсиб, 6,8 минг тоннага етди. БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси дунё бўйлаб бозорларга бу ўсиш натижасида 320 тонна соф героин киришини таъкидлаган.

Аввалроқ, Афғонистонда ҳокимиятга келган "Толибон" ҳаракати мамлакатда гиёҳванд моддага қарши кураш бошлагани ҳақида хабар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

303

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг