“Толибон” ҳужумлари фонида қанча афғон қочқинга айлангани маълум бўлди

Олам

image

Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли жорий йилнинг май ойидан бери қарийб 390 минг киши уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Бу ҳақда Афғонистоннинг “Ariana News” телеканали БМТ маълумотларига асосланиб хабар берди.

Таъкидланишича, фақат охирги икки кун ичида 5 800 га яқин афғонистонлик мамлакат шимолидаги вилоятлардан Қобулга қочган. Улар хиёбонларга жойлаштирилган. Қочқинларнинг ҳаммасига ёрдам керак, жумладан, озиқ-овқат ва дори-дармонлар.

Қайд этиш керакки, афғонистонликлар сарсон бўлишининг асосий омили мамлакатдаги “Толибон” радикал ҳаракати номи билан боғлиқ. Гап шундаки, АҚШ қўшинлари жорий йилнинг май ойидан бошлаб Афғонистонни тарк этишни бошлади.

Қулай сиёсий вазиятдан фойдаланган толиблар мамлакат ҳудудларини бирин-кетин эгаллаб келмоқда. Бу эса ўз навбатида минглаб тинч аҳолининг жон сақлаш мақсадида қочқинга айланишига сабаб бўлмоқда. Афғон халқи нафақат мамлакат ичида кўчиб юрибди, балки уларнинг катта қисми Туркия, Эрон ва Европа давлатларига кетмоқда.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда “Толибон” Афғонистондаги бир неча стратегик аҳамиятга эга бўлган объектларни, жумладан мамлакатнинг иккинчи энг йирик шаҳри — Қандаҳор, Ғазни ва Ҳиротни эгаллаб олди.

Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик

Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди. 

Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, ИталияАвстралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

61

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг