Токио-2020. Воронина мавсумдаги энг яхши натижаси орқали 12-ўринда юришини якунлади

Спорт 1174
image

Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилаётган ёзги Олимпия ўйинларида аёллар ўртасидаги еттикураш баҳслари якунига етди. Спортчилар мусобақа сўнгида 800 метрга югуриш баҳсларида иштирок этди.

Ўзбекистонлик Екатерина Воронина 800 метрлик масофани 2 дақиқа 9,73 сонияда босиб ўтиб, финишга ўз гуруҳида тўртинчи бўлиб етиб келди. Бу орқали ўзбекистонлик спортчи ушбу йўналишда ўзининг мавсумдаги энг яхши натижасини қайд этди. Унга мазкур натижа учун 969 балл берилди.

Шундан сўнг, Воронинанинг умумий очколари сони 6298 баллга етди ва у 24 спортчи орасида 12-поғонани банд этди. Кучли ўнликка кириши учун унга 20 балл етмади.

Аёллар кўпкураши мусобақасида олтин медаль бельгиялик Нафиссату Тиамга насиб этди. У 6791 очко жамғарди. Кумуш ва бронза медалларни эса нидерландиялик спортчилар — Аноук Веттер (6689) ва Эмма Остервегель (6590) қўлга киритди. Учинчи ўринга асосий даъвогар бўлиб турган бельгиялик Нур Видс (6571) сўнгги курашдан сўнг 4-ўринга тушиб кетди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 15
Рейтинг: 3
t
×