Токио-2020: ўзбекистонлик боксчиларга қилинган ноҳақлик тафсилотлари маълум қилинди

Спорт

image

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси раҳбарлари томонидан Токио Олимпиадаси давомида ўзбекистонлик боксчилар иштирокидаги жангларда юзага келган баҳсли ҳолатлардан сўнг, ҳакамлар қўмитаси раҳбарига қатъий этироз билдирилмаган. Бу ҳақда бугун, 19 август куни Токио-2020 Олимпиадаси якунлари ва сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов маълум қилди. 

Таъкидланишича, Олимпиаданинг бокс бўйича ҳакамларига бошқа спорт туридан вакиллар раҳбарлик қилган.

“Ўзбекситонлик боксчиларнинг аксарияти кутилмаганда 1-босқичдаёқ мағлубиятга учради. Токио Олимпиадасининг бокс баҳслари AIBA (Халқаро бокс ассоциацияси) эмас, балки Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан ташкил қилинди. Халқаро гимнастика федерацияси президенти Моринари Ватанабе, Дзюдо федерацияси президенти Матиас Визер ҳамда кураш федерацияси президенти Ненад Лаловичга ҳакамлар қўмитасига биргаликда раҳбарлик қилиш ваколати юклатилган эди. Бевосита мусобақалар қисмига Ватанабе масъул бўлгани учун, Миразизбек Мирзаҳалиловнинг жангидан сўнг, у билан учрашув ўтказишни сўрадик. МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов бошчилигида суҳбат ўтказдик, бироқ қатъий эътироз билдиришдан қўрқдик”, дейди Ойбек Қосимов. 

Унинг таъкидлашича, МОҚ вакиллари ҳамда Маринори Ватанабе ўртасидаги учрашувдан сўнг, жангларни ноҳақ баҳолаган ҳакамлар мусобақадан четлатилган, бироқ натижалар ўзгаришсиз қолган.

“Ўзбекистон бокс терма жамоаси мураббийлари Марат Қурбонов, Раҳматжон Рўзиоҳунов ва Тўлқин Қиличев билан маслаҳатлашган ҳолда, агар масала кўндаланг қўйилса, бу келгусида ўзбек боксчиларнинг зарарига ишлаб қолиши мумкин, деган хулосага келдик. Суҳбат давомида тўлиқ бўлмаса-да, маълум вазиятларда ноҳақ ҳакамлик қилингани таъкидлаб ўтилди. Ушбу масалани эътироз сифатида Ватанабега маълум қилдик ва буёғига ўзбек боксчилари иштирокидаги жангларни адолатли тарзда баҳолашларини сўрадик”, дейди Қосимов. 

Унинг қўшимча қилишича, Мирзаҳалиловнинг баҳсли жанги ҳакамлар қўмитаси раиси томонидан бириктирилган масъул билан таҳлил қилинган ва натижада ўзбекистонлик спортчининг ғалабаси ўз исботини топган.

“Бизга алоҳида масъул шахс бириктириб берилди ва у билан жангни тўлиқ таҳлил қилдик. Натижалар Мирзаҳалилов ғалаба қозонганини кўрсатди. Ўша жангда рақибга тўлиқ устунликни тақдим этган америкалик рефери мусобақалардан четлатилди. Учрашув якунида, ҳар бир ҳакамни икки нафар мутахассис назорат қилиши, агар беллашувлар ноҳақ баҳолагани ўз исботини топса, рефери Олимпия ўйинларидан четлатилиши ҳақида айтиб ўтилди. Афсуски, натижа ўзгаришсиз қолади”.

Маълумот учун, бокс бўйича Осий ва Жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзаҳалилов ва Турсуной Раҳимова иштирокидаги жанглар ҳакамларнинг баҳсли қарорига кўра, рақиб фойдасига ҳал қилинган эди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 август куни Токио-2020 Олимпиадасида иштирок этган Ўзбекистон Олимпия делегацияси тантанали равишда кутиб олинди. Маросимда сўзга чиққан Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Миразиз Мирзахалилов ва Турсуной Раҳимованинг рингда қўли баланд келган бўлса-да, ҳакамлар ғалабани рақиб спортчисига тақдим этганини айтиб, ушбу ҳолатни кескин қоралаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

МОҚ Бокс Миразизбек Мирзаҳалилов Ойбек Қосимов

Баҳолаганлар

935

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг