Токио-2020 нинг 15-куни ўзбекистонлик спортчилар учун қандай ўтди?

Спорт 6375
image

Бугун, 7 август куни Олимпия ўйинларининг ўн бешинчи кунида умумий ҳисобда тўққиз нафар ўзбекистонлик спортчи баҳсларда иштирок этди.

Каноэда эшкак эшиш. Жуфтлик баҳсларида иштирок этган Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова ўз иштирокини якунлади. Жуфтлик 500 метр масофага ўтказилган иккинчи ярим финал гуруҳида, маррага сўнгги ўринда етиб келди. Бу натижа медаллар учун курашишга етарли бўлмади. Қолган ўринларни аниқлаш учун ўтказилган беллашувда ўзбекистонлик каноэчилар 3-бўлиб маррани забт этишди ва умумий ҳисобда 11-ўринни қўлга киритишди;

Бадиий гимнастика. Жамоавий баҳсларда ўзбекистонлик Ксения Александрова, Камола Ирназарова, Динара Равшанбекова, Севара Сафоева ва Нилуфар Шомуродова умумий рўйхатда 9-ўринни эгаллаб финалга чиқа олишмади;

Замонавий бешкураш. Александр Савкин баҳслар якунида умумий 36 спортчи ичида 32-поғонани эгаллади ва турнирдаги юришини якунлади; 

Енгил атлетика. Баландликка сакраш бўйича финалга йўл олган ягона атлет Сафина Саъдуллаева финалда муносиб иштирок этди. Дастлаб, 1,89, 1,93 ҳамда 1,96 метр баландликларни забт эта олган спортчи 198 метрга сакрай олмади ва умумий жадвалда 6-ўринда турнирдаги юришини якунлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси Токио-2020 Олимпиадасида, 7 августгача 2 та олтин ва 2 та бронза медаль қўлга киритган. Олтин медаллар Улуғбек Рашидов (таэквондо) ва Акбар Жўраев (оғир атлетика) томонидан қўлга киритилган бўлса, бронза медаль Давлат Бобонов (дзюдо) ва Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш) томонидан ютиб олинган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 382
Рейтинг: 3
t
×