Токио-2020 нинг 14-куни ўзбекистонлик спортчилар учун қандай ўтди?

Спорт 6720
image

Бугун, 6 август куни Олимпия ўйинларининг ўн тўртинчи кунида умумий ҳисобда олти нафар ўзбекистонлик спортчи баҳсларда иштирок этди.

Эркин кураш. 74 кг вазн тоифасида Бекзод Абдураҳмонов дастлаб ўтиш баҳсида Гвинея-Бисау курашчиси Мидана Аугистони мутлоқ устунлик билан енгди. Бронза медали учун Бекзод қозоғистонлик Данияр Кайсанов билан беллашди ва 13:2 ҳисобида ғалаба қозониб, делегацияга тўртинчи медаль ҳамда иккинчи бронзани тақдим этди; 

Эркин кураш. 97 кг вазн тоифасида Магомед Ибрагимов биринчи баҳсда Сулейман Караденизга ютқазиб мусобақадаги юришини тўхтатди; 

Каноэда эшкак эшиш, жуфтлик баҳслари. Нилуфар Зокирова ва Дилноза Раҳматова гуруҳда иккинчи натижа билан ярим финалга йўлланма олди ва эртага, 7 август куни медаль учун курашни давом эттиради;

Бадиий гимнастика. Коронавирусга чалинган Сабина Тошкенбоеванинг ўрнига Ўзбекистон делегацияси номидан иштирок этган Екатерина Фетисова баҳсларда умумий ҳисобда 24-ўринни эгаллаб, Олимпиададаги иштирокини якунлади; 

Замонавий бешкураш. Кеча, 5 август кунги бешкураш баҳсларида 22-ўриндан жой олган Алисе Фахрутдинова бугунги якуний баҳсларда 35-ўринда турнирдаги юришини якунлади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси Токио-2020 Олимпиадасида, 6 августгача 2 та олтин ва 1 та бронза медаль қўлга киритган эди, бугун эса уларнинг сони яна биттага ортди. Олтин медаллар Улуғбек Рашидов (таэквондо) ва Акбар Жўраев (оғир атлетика) томонидан қўлга киритилган бўлса, бронза медаль Давлат Бобонов (дзюдо) томонидан ютиб олинган эди. Уларнинг орасида энди Бекзод Абдураҳмонов ҳам бор.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 328
Рейтинг: 3
t
×