Токио-2020 нинг 13-куни ўзбекистонлик спортчилар учун қандай ўтди?

Спорт 8779
image

Бугун, 5 август куни Олимпия ўйинларининг ўн учинчи кунида умумий ҳисобда 8 нафар ўзбекистонлик спортчи баҳсларда иштирок этди.

Енгил атлетика. Делегациянинг кун дастуридан ўрин олган юришини биринчилардан бўлиб бошлаб берган спортчи — Ўзбекистон шарафини Олимпия ўйинларида кетма-кет тўртинчи бор ҳимоя қилиб келаётган Светлана Радзивил ҳам Токио-2020 билан хайрлашди. У саралаш доирасида 1,93 метр баландликдан сакрай олмади. 1,90 метр баландликни 3 уринишда забт этган Светлана ўз гуруҳида ўнинчи натижани қайд этди;

Енгил атлетика. Сафина Садуллаева саралаш босқичидан муваффақиятли ўтиб, финал дастурида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Баландликка сакраш йўналишида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Садуллаева 1,95 метр баландликдан ўта олди. Финал баҳслари 7 август куни Тошкент вақти билан соат 15:35 да бошланади;

Енгил атлетика. Екатерина Воронина дастлаб узунликка сакраш баҳсларида 6,11 метр натижа қайд этиб, ўз гуруҳида учинчи ўринни қайд этди. Атлет мусобақа сўнгида 800 метрга югуриш баҳсларида иштирок этди. У ушбу масофани 2:09,73 вақтда босиб ўтиб, финишга ўз гуруҳида тўртинчи бўлиб етиб келди. Бу орқали ўзбекистонлик спортчи ушбу йўналишда ўзининг мавсумдаги энг яхши натижасини қайд этди. Бироқ бу ҳам камлик қилди: умумий очколари сони 6298 баллга етган Воронина 24 спортчи орасида 12-поғонани банд этди. Кучли ўнликка кириши учун унга 20 балл етмади;

Эркин кураш. Кутилмаганда эркин курашчи Ғуломжон Абдуллаев чорак финалда мағлуб бўлди ва аранг қўлга киритилган бронза медаль учун ўтиш баҳсини ҳам бой берди. Турнир у учун якунланди;

Эркин кураш. -86 кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Жавраил Шапиев Токио-2020 Олимпия ўйинларининг бронза медали учун россиялик Артур Наифоновга қарши гиламга чиқиб, имкониятни бой берди. Ушбу баҳсда Наифонов 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва бронза медални қўлга киритди;

Эркин кураш. Чорак финалда россиялик Заурбек Сидаков томонидан мағлуб этилган Бекзод Абдураҳмонов рақибининг ярим финалда ғолиб бўлгани боис эртага, 6 август куни бронза медали учун ўтиш босқичида гиламга чиқадиган бўлди;

Замонавий бешкураш. Алисе Фахрутдинова умумий 35 та баҳснинг 16 тасида ғалаба қозонган бўлса, 19 тасида мағлубиятга учради. Натижада у 196 балл жамғарди ҳамда 22-ўринни эгаллади. Энди у эртага, 6 август куни қолган 4 та йўналиш — сузиш (200 метрга эркин услубда), от йўрттириш (конкур), югуриш ва ўқ отиш машқларини бажариб, керакли очколарини жамғаради. Кун якунида эса совриндорлар номи аниқ бўлади;

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси Токио-2020 Олимпиадасида бугун, 5 августгача 2 та олтин ва 1 та бронза медаль қўлга киритди. Олтин медаллар Улуғбек Рашидов (таэквондо) ва Акбар Жўраев (оғир атлетика) томонидан қўлга киритилган бўлса, бронза медаль Давлат Бобонов (дзюдо) томонидан ютиб олинган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 370
Рейтинг: 2.9
t
×