Токио-2020 нинг 12-куни ўзбекистонлик спортчилар учун қандай ўтди?

Спорт 6911
image

Бугун, 4 август куни Олимпия ўйинларининг ўн иккинчи кунида умумий ҳисобда  нафар ўзбекистонлик спортчи баҳсларда иштирок этди.

Каноэда эшкак эшиш. Ушбу спорт тури бўйича Токио-2020 Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Дилноза Раҳматова ҳамда Нилуфар Зокирова яккалик босқичида чорак финал баҳсини ўтказди. 200 метр масофага кечган беллашувда дастлаб Нилуфар Зокирова стартга чиқди. У ўз гуруҳида 48.995 сония натижа билан олтинчи бўлиб маррага етиб келди. Иккинчи гуруҳда Дилноза Раҳматова 46.645 сония кўрсаткични қайд этди. Бироқ бу натижа билан иккинчи ўринни қўлга киритган россиялик спортчидан 0.008 сония ортда қолган Раҳматова ҳам ярим финал йўлланмасидан қуруқ қолди;

Эркин кураш. -86 кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Жавраил Шапиев илк босқичдаёқ имкониятни бой берди. Унинг рақиби Рио-2016 Олимпиадаси ва икки карра Жаҳон чемпиони эронлик Ҳасан Яздани бўлди. Шапиев тажрибали рақибга қарши муносиб курашганига қарамай, Яздани якунда ғалаба қозониб, кейинги даврага йўл олди. -57 кг вазн тоифасида Ғуломжон Абдуллаев ҳам Токио-2020 Олимпиадасининг чорак финалида имкониятни бой берди. Уни мазкур босқичда сўнгги 2 Жаҳон чемпионатининг ғолиби россиялик Заур Угуев таслим этди. Шу тариқа, эркин курашчилар ўз юришини тўхтатди;

Бокс. +91 кг вазн тоифасида ўзбекистонлик Жаҳон чемпиони Баҳодир Жалолов британиялик Кларк Фрейзерга қарши рингга кўтарилди ва муросасиз кечган жангда 5:0 ҳисобида ғалабани қўлга киритиб, финалга йўл олди. Ўзбекистонлик бокс юлдузи энди камида кумуш медални нақд қилди. Финалда Жалоловга АҚШлик Ричард Торрес Жуниор рақиблик қилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон делегацияси Токио-2020 Олимпиадасида бугун, 4 августгача 2 та олтин ва 1 та бронза медаль қўлга киритди. Олтин медаллар Улуғбек Рашидов (таэквондо) ва Акбар Жўраев (оғир атлетика) томонидан қўлга киритилган бўлса, бронза медаль Давлат Бобонов (дзюдо) томонидан ютиб олинган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 371
Рейтинг: 3
t
×