Токио-2020. 2 нафар ўзбекистонлик пара сузувчи финалга йўл олди

Спорт 2645
image

Ўзбекистонлик Паралимпиячиларнинг Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларидаги иштироки давом этмоқда.

Бундан бироз аввал 4 нафар ўзбекистонлик пара сузувчи S13 классда 100 метрга чалқанча усулда сузиш бўйича саралаш баҳсларида иштирок этди.

Жумладан, эркаклар ўртасида Музаффар Турсунхўжаев ва Ислом Асланов, аёллар ўртасида эса Шоҳсанамхон Тошпўлатова ва Нигорахон Мирзоҳидова стартга чиқди. Натижада, эркак спортчиларга бироз омад етишмади ва улар саралашда 5 ҳамда 6-ўринларни эгаллаб, финал босқичига ўта олишмади. Бироқ аёллар ўртасидаги саралаш баҳсларида қатнашган икки спортчи – Шоҳсанамхон Тошпўлатова ҳамда Нигорахон Мирзоҳидова финал босқичи йўлланмасини нақд қилди.

Нигорахон финишга 2-бўлиб етиб келган бўлса, Шоҳсанамхон 5-ўринни эгаллади.
Аёллар ўртасидаги 100 метрга чалқанча усулда сузиш бўйича финал баҳслари бугун, Тошкент вақти билан соат 15:12 дан кейин старт олади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 25 август куни Паралимпия ўйинларининг илк кунида Ўзбекистон делегацияси мусобақадаги биринчи медалини қўлга киритди. 100 метр масофага баттерфлай усулда сузишнинг финал босқичида эркаклар ўртасида Ислом Асланов 3-ўринда финишга етиб келди ва Паралимпия бронза медалини қўлга киритди.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 87
Рейтинг: 3.1
t
×