Токио-2020, 2-кун. Спортдан кетган Чусовитина, Ўзбекистоннинг Олимпиададаги илк олтини ва рекордчи Раҳимова — кун дайжести

Спорт 12018
image

Аввал хабар берганимиздек, Токио Олимпиадасининг иккинчи кунги беллашувлари ўзбекистонлик спортчилар учун қисман муваффақиятли якунланди. Эртага, 26 июль куни 7 нафар ўзбек атлети 5 та спорт турида медаллар учун кураш олиб боради. Келинг, дастлаб бугунги баҳсларнинг энг муҳимларини яна бир ёдга оламиз.

  • Эрта тонгдан бўлиб ўтган бокс жангларида польшалик Сандра Драбикка қарши -51 килограмм вазн тоифасида рингга кўтарилган Турсуной Раҳимова рақиби устидан 4:1 ҳисобида ғалабага эришди. Бу билан у Олимпия ўйинларида ғалабага эришган илк ўзбекистонлик боксчи қиз сифатида тарихга кирди. Унинг кейинги босқичдаги рақиби туркиялик Бусе Наз Чакироўғлу бўлади.
     
  • Дзюдо бўйича баҳс олиб борган Сардор Нуруллаев ва Диёра Келдиёрова кутилмаганда илк босқичдаёқ мағлубиятга учраб, мусобақани тарк этди. -66 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Сардор Нуруллаев “Nippon Budokan” аренасида молдовалик Денис Виеруга қарши татамига чиқди. Беллашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. “Golden Score” — “олтин очко” учун кечганг 7 дақиқа ва 12 сониялик баҳс давомида эса Нуруллаевнинг бурни қонагани учун унга 4 марта тиббий ёрдам кўрсатилди. Якунда баҳс унинг жароҳат туфайли тўхтатилди ва ғалаба молдовалик дзюдочига насиб қилди. 
     
  • Аёллар ўртасида -52 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Диёра Келдиёрова эса илк босқичда кучли рақиб билан рўбарў келди. Мўғулистонлик Сосорбарам Лхагвасурен бир ярим дақиқа ичида “иппон баҳоси” билан баҳсни ўз фойдасига ҳал қилди. Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоасининг дастлабки 3 дзюдочиси биринчи беллашувда мусобақани тарк этди.
     
  • Эшкак эшиш спорт тури бўйича иштирок этаётган Шаҳбоз Холмирзаев ва Собиржон Сафаралиев 1000 метр масофада ўтказилган баҳсда маррага 4-бўлиб етиб келди ва юқори ўринлар учун курашдан чиқиб кетди. Энди улар 6-ўрин учун кураш олиб боришади. Сафаралиев ва Холмирзаев 24 июль куни ўтказилган 2000 метрга эшкак эшиш беллашувларида ҳам 6 терма жамоа ичида 4-натижани қайд этган эди.
     
  • Ўзбекистонлик оғир атлетикачи вакиллардан Адҳамжон Эргашев терма жамоанинг ушбу йўналишдаги юришини бошлаб берди. -67 кг вазн тоифасида қатнашган спортчи олтинчи ўринни эгаллади. Даст кўтариш машқини 139 килограмм билан якунлаган Эргашев силтаб кўтаришда 173 килограмм тошни кўтаришга муваффақ бўлди. Икки кураш бўйича қайд этилган 312 килограмм якунда спортчининг олтинчи ўринни эгаллашини таъминлади.
     
  • Таэквондо бўйича -68 килограмм вазн тоифасида бугуннинг ўзида 5 та жанг ўтказган 19 ёшли Улуғбек Рашидов финалда амалдаги жаҳон чемпиони британиялик Бредли Синденга қарши жангда ғалаба қозониб, Ўзбекистон терма жамоасига Токио-2020 даги илк олтин медални тақдим этди. Финалга қадар у Мали ва Жанубий Корея вакиллари Сейду Фофана ҳамда Ли Де Ҳунгни ортда қолдириб, чорак финалда эронлик Мирҳошим Ҳоссайнидан 34:22 ҳисобида устун келди. Ярим финалда Босния ва Герцеговина давлати вакили Недзад Хушичга қарши даянга чиққан Рашидов 28:5 ҳисобида ғалабани қўлга киритди.
     
  • Шунингдек, Олимпиаданинг гимнастика бўйича аёллар ўртасидаги саралаш босқичи ҳам ўз ниҳоясига етди. Ўзбекистонлик афсонавий спортчи Оксана Чусовитина ҳам ўзи чиқишини амалга ошириб, ҳакамлар томонидан 14,166 баллга лойиқ кўрилди ва саралашда 11-ўринни эгаллади. У сўнгги чиқишини амалга оширгач, спортдаги фаолиятини тамомлади. Бутун арена афсонавий Чусовитинани қарсаклар остида кузатиб қўйди.

Эслатиб ўтамиз, бу иштирок Оксананинг фаолияти давомидаги 8-Олимпиада ҳисобланади ва у бу борада жаҳон рекордини ўрнатган.

Абдулла Маннонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 500
Рейтинг: 3
t
×