Тоҳир Маликнинг ўзбек адабиётига қолдирган “маънавий ҳуқуқ” мероси

Таҳлил

image

Айни пайтдаги меҳнат фаолиятим матбуот майдони билан бевосита боғлиқ бўлгани учун кўпчилик қатори мобиль телефоним ҳам, ноутбуким ҳам тезкор ва муҳим хабарлар бериб турувчи интернет нашрларининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига уланган...

Бугун тинмай янгиланиб турадиган хабарлар ичида севимли адибимиз, ажойиб инсон, устоз Тоҳир Маликнинг оқ-қора суратига кўзим тушди-ю этим жимирлаб кетди! Наҳотки... Шифохонада эканликларини эшитгандим...

Бир ойча олдин қайсидир юмуш билан уйларига боргандим. Ҳар галгидек ҳовлиларининг тўридаги ижодхоналари деразаси ортидан нимтабассум билан кутиб олдилар. Устоз фотиҳага қўл очиб, дуосининг сўнггида ижод қилмай қўйган ноширга ― каминага “ижодингизни давом эттиринг” дегандай яхши тилаклар билдирди. Сўнг нашриётимизда чоп этилаётган китоблари билан боғлиқ ишлар ҳақида гаплашиб олдик.

Тоҳир ака билан бундан 15 йилча олдин “Бекажон” газетаси таҳририятида танишган эдик. Устоз газета саҳифаларида эълон қилиб турилган машқларимизни кузатиб бораркан, мен ва ўша пайтдаги ҳамкасбларим: Каримберди Тўрамуродов, Аброр Зоҳидов, Азамат Қоржовов ва яна бир қатор қаламкашларга ўзларининг янги нашр этилган китобларини биз учун муҳим эътироф бўлган дасхат жумлалари билан совға қилганди. 

Орадан йиллар ўтиб газета таҳририятларидаги фаолиятим нашриётларга ўтса-да адиб Тоҳир Малик билан ижодий алоқани узмадик. Бош муҳаррир вазифасида ишлаб юрган кезларимда хусусий нашриётнинг илк нашри устоз илтимосимга кўра тақдим этган янги асарни чоп этиш билан бошланди ва ҳозирда мазкур нашриёт-матбаа уйи анча маълум ва машҳур. 

Туз тортган экан, ризқ-насиба мени Ўзбекистондаги отахон нашриёт ― “SHARQ” компаниясининг бош таҳририятига етаклади. Бош муҳаррир Аҳрор Аҳмедов, болалар адабиёти бўлими раҳбари Эркин Малик, барча-барча ҳамкасбларимиз устоз Тоҳир Малик билан яқин ижодий ва дўстона алоқада экан. Бош таҳририятда ажойиб бир анъана бор эди, ҳамкасбларимизнинг бирортаси мукофот олса ёхуд қайсидир ижодкорнинг китоби нашрдан чиқса, Эркин Маликдан тушликка ош дамлаб таҳририятга тарқатишини илтимос қиларди. Ош Эркин аканинг ҳовличасида дамланаётганда албатта Тоҳир акани чақирардик. Устознинг ошқозони  бетоблиги учун бир чўқим ош еса-да даврамизга, таҳририятимизга олам-олам хурсандчилик, кўтаринки кайфият бағишларди. 

Тоҳир Малик билан ҳамсуҳбат бўлган кишилар яхши билишадики, у киши жуда одамохун, эътиборли, хушмуомала, бир гапириб ўн кулдирадиган хушчақчақ киши эдилар. Устоздан Ўзбекистон халқига, умуман башариятга қолаётган асарлари чинакам бойлик ва улкан мерос. Ўзбек адабиётига, хусусан одоб-ахлоқ мавзусидаги панднома асарлар йўналишига катта йўл очиб, унга «маънавий ҳуқуқ» дея аталган атамани киритган ва ушбу атама замиридаги намунали ҳаёт йўлини босиб ўтган адибнинг асарлари, ишончим комил, ҳали кўп ва хўп ўқилади. Китоблари миллионлаб ададларда чоп этилади, юзлаб илмий ишларга мавзу бўлади, устоз қаламига мансуб ҳар бир жумланинг мазмун-моҳияти бугунги ва эртанги кун ўқувчилари томонидан қайта-қайта таҳлил этилади. 

Шахсан мен устоз Тоҳир Малик билан яқин ижодий алоқада бўлганлигим, китобларимга сўзбоши ёзиб беришларига лойиқ кўрилганим, ижодий сафарларда туну кун ёнларида юриб суҳбатини олишга муяссар бўлганимдан фахрланаман!

Устоз, ўзингиз дуоларингизда тез-тез такрорлайдиган икки дунё саодатига мушарраф инсон эдингиз. Илоҳим, жойингиз жаннатдан бўлсин! 

Улуғ БЕК
 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Тоҳир Малик

Баҳолаганлар

51

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг