Тергов департаменти 19 ёшли қиз зўрланиши ортидан муҳим эслатма билан чиқди

Жамият

image

Хабарингиз бор, Самарқанд вилоятида 19 ёшли қиз ишхонасида тунги навбатчилик вақтида жинсий зўравонлика учрагани жамоатчилик орасида муҳокамага сабаб бўлмоқда. Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти мунозараларга сабаб бўлаётган воқеа бўйича батафсил маълумот берди.

Дастлабки тергов давомида аниқланишича, ушбу жиноят жорий йилнинг 23 май куни фуқаро М.Б.га нисбатан А.Ф. томонидан содир этилган ва ушбу ҳақда ариза билан мурожаат қилинган вақтдан бошлаб мазкур ҳолат белгиланган тартибда рўйхатга олинган ҳолда, Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 391-моддаси тартибида терговга қадар текширув ҳаракатлари амалга оширилган.

Жумладан, судга оид тегишли экспертизалар тайинланган, ҳолатнинг шоҳидлари аниқланиб, кўрсатувлари расмийлаштирилган ҳамда қатор процессуал ҳаракатлар амалга оширилган.

Экспертиза хулосалари ва тўпланган далилларга асосланган ҳолда, Самарқанд шаҳри бўйича ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки терговга киришилган.

Жиноят иши доирасида бир қанча процессуал ҳаракатлар ўз вақтида, ҳар томонлама, тўла ва холисона олиб борилиб, гумон қилинувчи дастлабки терговдан яширинганлиги сабабли, Жиноят-процессуал кодекси талабларига асосан, қонуний зарурат вужудга келганлиги муносабати билан унга Жиноят кодексининг 118-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилиниб, эҳтиёт чораси сифатида “қамоққа олиш” қўлланилган. Ички ишлар органларининг тезкорлик билан амалга оширган процессуал ҳаракатлари натижасида гумон қилинувчи қўлга олиниб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тергов департаменти Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун-ҳужжатларига кўра, фуқароларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик қонунда белгилаб қўйилганига эътибор қаратган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13, 27 ва 48-моддаларида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиши ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканликлари қатъий белгилаб қўйилган.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги Қонунининг (янги таҳрирда) 6-моддасига кўра, оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланиши белгиланган.

Шунингдек, Жиноят-процессуал кодексининг 17-моддасига мувофиқ, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, соғлиғини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ва маънавий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш тақиқланади. Ушбу кодекснинг 19-моддасига кўра, шу ва шунга ўхшаш маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида ишларни ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилади.

“Афсуски, миллий қонунчилигимизда фуқароларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик қонуний зарурат сифатида белгиланган бўлса-да, жиноят иши доирасида шахсга доир маълумотларнинг кенг жамоатчиликка ошкор қилиниши натижасида ушбу шахс ва унинг яқинлари ўзларини жамиятдан олиб қочишларига, уларнинг руҳий тушкунликка олиб келиши мумкинлиги баъзи мутасаддиларнинг эътиборларидан четда қолмоқда.

Бундан ташқари, бу тоифадаги жиноятларни ижтимоий тармоқларда ёритиш давомида жабрланувчи ва унинг оила аъзоларидан интервью ва бошқа жиноят ишига алоқадор маълумотларни олиб, ишни судга боргунга қадар фуқаролар орасида жабрланувчининг кўрсатмаси асосида бошқа шахсларни айбдор қилиб кўрсатиш ҳолатлари учраб турибди.

Ўтказилган тергов натижасида баъзи ҳолларда гумон қилинаётган шахснинг айбсиз бўлиб чиқаётганлиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Мисол тариқасида Сурхондарё ва Андижон вилоятларида содир бўлган жинсий эркинликка қарши жиноятлари ҳам аввалига тергов органи томонидан адолатли қарор қабул қилинмаётганлиги ҳақида кенг жамоатчилик ўртасида хабар тарқатилган бўлса-да, бироқ дастлабки тергов жараёнида тўпланган далилларга асосан ушбу жиноятлардаги ҳолатлар аслида тўқиб чиқарилганлиги ва жабрланувчиларнинг шу тариқа кўрсатмалар беришида бошқа бир шахслар манфаатдор эканликлари аниқланган.

Шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш – барча давлат органлари ва жамоат ташкилотлари, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг мажбурияти бўлиб, ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритилаётган ҳар бир жинсий эркинликка қарши жиноятлар замирида ундан жабр кўрган фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва обрўси ётади.

Баъзи ҳолларда эса, ушбу жиноятлар бўйича маълумотлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлиши, у ҳақидаги маълумотларни узлуксиз ва кўр-кўрона баён этиб борилиши жиноятдан жабрланганлар томонидан суицидиаль ҳаракатларни амалга оширишларига сабаб бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан кенг жамоатчилик, масъул мутасаддилар ҳамда блогерлардан юқорида келтирилган факторларни инобатга олган ҳолда, бундай турдаги жиноятларни тафсилотларини ёритмаслик, фақатгина суд ҳукми кучга кирганидан сўнггина, белгиланган тартибда давлат идораларининг расмий хабарларига асосан маълумотлар ёритилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида шахснинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш натижасида содир этилган жиноятлар учун жиноий жавобгарлик назарда тутилганлиги ҳақида эслатиб ўтишни лозим топамиз”, дейилади хабарда.

Аввалроқ, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманидаги текстиль корхоналарининг бирида ишлаган 19 ёшли қиз иш вақтида зўрлангани ҳақида хабар берган эдик. Фуқаро М.Б.нинг Ф.А. ўзининг Spark автомашинасида уни қўлларини боғлаб, мажбурлаб номусига текканлиги тўғрисидаги мурожаати юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра 12 июнда жиноят иши қўзғатилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанда номусга тегиш

Баҳолаганлар

557

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг