Собиқ бухгалтер, Паралимпия чемпиони – Ҳусниддин Норбеков билан суҳбат

Интервью

Токиода 19 та медални қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари орасида икки карра Паралимпиада чемпиони унвонига сазовор бўлган спортчилар оз эмас. Улардан бири диск ва ядро улоқтириш йўналишида жаҳон рекордчиси ҳисобланган Ҳусниддин Норбековдир. Навоийлик спортчи Паралимпия ўйинларининг муросасиз кечган финал баҳсида аргентиналик рақибидан 23 см яхшироқ натижа қайд этиб, олтин медалини қўлга киритди.

QALAMPIR.UZ енгил атлетика бўйича икки карра Олимпия ўйинлари ғолиби, уч карра Жаҳон чемпиони Ҳусниддин Норбеков билан суҳбатлашди. Суҳбат давомида унинг спортга кириб келиши, мураббийи, коллежда бухгалтерия соҳасида таҳсил олгани, дастлабки мусобақалардаги муваффаққиятсиз иштироки ва ҳаётдаги қийинчиликлари ҳақида сўз боради.

Ҳусниддин Норбеков билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Ҳумоюн Орипов, мухбир: — Токио Паралимпиадасининг ядро улоқтириш баҳсларида аргентиналик Эрнан Урра билан ўзаро рақобат олиб бордингиз. У сўнгги уринишида натижангизни 10 смга яхшилади ва 1-ўринга чиқиб олди. Сизда сўнгги имконият қолган, агар 15.90 метрдан узоқроққа тошни ирғитсангиз олтин, акс ҳолда кумуш медаль насиб қилар эди. Ўз уринишингизни муваффаққиятли бажариб, 16.13 м натижа қайд этдингиз. Айнан ўша жараёндаги руҳий ҳолатингиз ва таассурот ҳақида гапирсангиз.

Ҳусниддин Норбеков, енгил атлетика бўйича Паралимпия ўйинлари ғолиби: — Тўғри айтасиз, спортчи мағлубиятни ёмон кўради. Буни кўп йиллардан буён синовдан ўтказиб келаман. Доимо биринчиликни эгаллашга ҳаракат қиламан ва уни бой беришдан қўрқаман. Чунки, иккинчи ўринни эгаллаш баъзида спортчининг иродасини синдириши мумкин. Тўғри, олдинда мусобақалар бўлади, бироқ яна олтин медаль қўлга кирита олмаслик фикри унга ҳалақит қилмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Шунинг учун, биринчиликни сақлаб қолишга ҳаракат қилганман ва бу йўлда меҳнатдан тўхтамадим.

Об-ҳаво қандай бўлишидан қатъи назар, ҳар куни 4-5 марта машғулот ўтказишга ҳам тўғри келган. Ахир, олдинда Олимпиада кутиб турганди. Халқимиз, оиламиз ва Президентимизнинг ишончини оқлашимиз керак эди. Шукрки, олтин медални қўлга киритдим. Оёғимда оғир жароҳат бор эди. Омадим келди, халқимизнинг дуоси ва қўллаб-қувватлаши сабабли юзим ёруғ бўлди.

Ҳ.О.: — Демак, спортчи учун руҳий ҳолат жуда муҳим. Сиздан аввал спорт вакиллари билан суҳбатлашдик. Лекин, Ҳусниддин Норбеков ҳақида у қадар кўп маълумотга эга эмасликларини таъкидлашди. Кўпчилик учун қизиқ, спорт билан шуғулланишни қачон бошлагансиз ва биринчи мураббийингиз ким? Нима учун, айнан енгил атлетикани танлагансиз?

Ҳ.Н.: — Бу спортни танлашимга биринчи мураббийим Игорь Геннадьевич Шишков сабабчи бўлган. Бу инсон 2009 йилда енгил атлетика билан шуғулланишни маслаҳат берган. Тошкентда енгил атлетика клуби очилгани, агар ядро ва диск улоқтириш спорти билан шуғуллансам, менга мураббийлик қилишини айтган. Бу мен учун қизиқарли туюлган ва таклифни қабул қилганман. Ўзим туғилиб ўсган Навоий вилоятининг “Химик” стадионида машғулот ўтказишни бошлаганман.

Аввалига имкониятимдан келиб чиқиб, анчагина қийналган эдим. Лекин кун ўтиши билан енгил атлетикага боғланиб, секин-аста натижаларга эриша бошладим. Мураббийим билан Осиё ва Жаҳон чемпионати, Олимпия ўйинларида ғалаба қозонишни мақсад қилдик. Шишков менга ишонч билдирди ва мотивация берди. Шу сабабли кун ўтган сари натижаларим яхшиланиб борди.

Биринчи марта Хитойнинг Гуанчжоу шаҳрида ўтган Осиё ўйинларида иштирок этдим. Стадиондаги 35 минг мухлис қаршисида кучли рақиблар билан беллашдим. Бироз омад етишмади ва кумуш медални қўлга киритдим.

Бу натижа мураббийимга ишонч берди. Игорь Шишков мени ва оила аъзоларимни ҳам Олимпия ўйинларида ғолиб бўлишимга ишонтирди. Илк марта 2012 йилги Лондон Паралимпиадасида иштирок этдим. Бундай катта мусобақада иштирок этиш спортчи учун орзу ва улкан бахт десам, адашмайман. Биринчи ўринга чиқиб, яна иккинчи поғонага тушиб кетганман. Якунда 4-ўрин билан мусобақани тугатдим. Тажрибали рақибларим медаллар учун курашда мендан ўтиб кетганди. Натижани қабул қилишга қийналдим. Спортчи учун ютқизиш жуда аламли бўлади.

Ҳ.О.: — Айниқса, 4-ўрин...

Ҳ.Н.: — Албатта, 4-ўрин спортчини бирданига синдириб қўйиши мумкин. Мураббийим руҳан далда бериб, бор эътиборни кейинги мусобақаларга қаратишга ундади. Риода бугунги мағлубиятнинг аламини олишимиз, қаттиқ тайёргарлик кўрсак, жаҳон рекордини ўрнатиб, олтин медални қўлга киритишимиз мумкинлигини айтди. Ўзбекистонга қайтганимизда, яхши натижа қайд этмаганимиз учун бизга эътибор беришмади. Чунки медаль олмаса, спортчи эътиборсиз қолиб кетади. Бир ой муддатда ўзимга келдим ва машғулотларни бошладим. Худо хоҳласа, рақибларимни Риода ортда қолдиришни мақсад қилиб қўйдим.

2014 йилда Кореянинг Инчеон шаҳрда Параосиё ўйинлари ўтказилди. Диск улоқтиришдан илк олтин медални айнан ўша мусобақада қўлга киритганман.

Биринчи марта Инчеондаги Осиё ўйинларида олтин медални қўлга киритдим. Осиёда медаль қўлга киритиш ҳам катта натижа ҳисобланарди. Чунки бу мусобақа ҳам 4 йилда бир марта ўтказилади. 2015 йилда Қатарнинг Доҳа шаҳрида Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Бунга қадар икки марта Жаҳон чемпионатида ҳам тўртинчи ўринни эгаллагандим. Ютқизиш жуда аламли бўлган. Доҳада эса диск улоқтириш бўйича олтин медални қўлга киритдим ва бу натижа Олимпия ўйинларидан аввал менга ишонч бағишлади. Янада кўпроқ меҳнат қилиб, 2016 йилги Рио Олимпиадасида 59,75 м масофага дискни улоқтириб, жаҳон рекордини ўрнатдим ва мураббийимга айтган сўзларимнинг уддасидан чиқдим. Бу натижа тарихда қолади, сабаби, Токио Олимпиадасида аввалги рақибларим 55 метр натижа билан медаль қўлга киритишди. Менимча, ушбу рекорд анча вақтгача сақланиб қолади. Ўшанда ядро улоқтириш бўйича ҳам баҳсларда иштирок этиб, бронза медални қўлга киритиб, олтин ва бронза медаллар билан Ўзбекистонга қайтиб келдим.

Ҳ.О.: — Рио Олимпиадаси нафақат олимпиячилар балки паралимпиячилар учун ҳам эсда қоларли бўлган. Сабаби, ҳар икки йўналишда ҳам тарихдаги энг яхши натижа қайд этилганди. Ўзингиз иштирок этган деярли барча мусобақада олтин медални қўлга киритдингиз. Айтингчи, 12 йил давомида бундай натижаларга эришиш учун нималардан воз кечдингиз?

Ҳ.Н.: — Жуда кўп нарсалардан воз кечдим: оилам ва ота-онамнинг ёнида бўла олмадим. Йиғинлар давомида бир неча ойлаб уйда бўлмаймиз, меҳрдан бироз узоқроқ бўлганмиз. 12 йил давомида спорт билан шуғулландим. Фарзандларим худдики, ўз-ўзидан вояга етиб қолгандай бўлади. Уларнинг меҳрига тўя олмай қолганман. Бу спортчи учун жуда катта йўқотишдир. Токиода мусобақаларда иштирок этаётган пайтда фарзандларим қачон қайтишимни сўрашди. “Бир-икки кунда қайтаман”, деб уларни алдашга мажбур бўлдим. Аслида биз 16 кунда ортга қайтдик.

Ҳ.О.: — 2009 йил 22 ёшда спорт билан шуғулланишни бошлагансиз. Ўша пайтга қадар нима билан шуғуллангансиз?

Ҳ.Н.: — Навоий вилояти техника коллежининг бухгалтерия йўналишида 3 йил ўқиганман. Лекин спортга бўлган қизиқиш кучлилик қилди ва у соҳада бирор кун ҳам ишламадим. Ишга кирмоқчи ҳам бўлганман, лекин мураббийим бу соҳада бериладиган маошга қараганда спорт орқали кўпроқ пул топиш мумкинлигини айтганидан кейин спортга қизиқиб кетганман (кулади).

Ҳ.О.: — Биринчи мураббийингиз – Игорь Шишков ҳақида гапирдингиз. Ўзбекистон пара енгил атлетика терма жамоаси бош мураббийи, яқин дўстингиз Сардор Абдухолиқов ҳақида қандай фикрдасиз, сизнинг эришган натижаларингизга бу инсон қандай ҳисса қўшган?

Ҳ.Н.: — Сардор Абдуҳолиқов жуда яхши инсон. У билан 2013 йилда танишганман. Ўша йили Франциянинг Лион шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатига Игорь Шишков бора олмаганди. Мураббий сифатида Сардор бизга куч берди, қўллаб-қувватлади. Менга унинг характери, бизга бераётган ёрдами ва мотивацияси ёққан. Бу инсонни ўз дўстим каби ҳурмат қиламан. Вақт ўтиб, бизнинг бош мураббийимизга айланди ва ҳозирда нима керак бўлса, олиб келишга ҳаракат қилади. Доимо яхши шароитлар яратиб берган. Мураббийимизни енгил атлетика терма жамоасининг барча вакиллари қаттиқ ҳурмат қилади, яхши кўради. Чунки, у ҳар бир паралимпия спортчиси учун қадрли инсон. Интервьюларда ҳам керак бўлса, спортчиларимиз учун жон бераман, деган гапларни айтган. Қолган спортчилар билан суҳбатлашсангиз ҳам, худди шундай фикр эшитасиз. Доимо бизга яхши бўлиши учун ҳаракат қилади. Сардор Абдуҳолиқовни мураббийим ва дўстим сифатида ҳурмат қиламан. У паралимпия терма жамоасининг натижалари яхшиланиши ва ривожланишига жуда катта ҳисса қўшган.

Ҳ.О.: — Олимпиада ўйинлари соясида Паралимпиада эътиборсиз қоладигандек кўринганди, лекин мусобақадан сўнг олимпиячилар қандай тақдирланган бўлса, паралимпиячилар ҳам худди шундай эътиборда бўлди ва тақдирланди. Кўпчилик учун қизиқ, сизга берилган мукофот пулларини нима мақсадда сарфламоқчисиз?

Ҳ.Н.: — Рио де-Жанейрога жўнаб кетишимиздан аввал Президентимиз менга байроқни топшириб, Норбеков, насиб бўлса, олтин медаль билан ортга қайтасан, сенга ишонаман, деб айтганди. Ўшанда бизни олимпиячилардан-да, яхшироқ даражада тақдирланишимиз ҳақида айтган ва бизнинг ортимизда туришини таъкидлаганди. Бу бизга жуда катта мотивация берган. 2020 йилги Паралимпиада ўйинларида ҳам ғалаба қозониб, ортга қайтдик. Мукофот биз ўйламаган даражада кўпроқ – машина, уй ва пул мукофотлари берилди. Анчадан бери ният қилиб юрардим, Аллоҳ учун масжид қуриш ниятим бор.

Ҳ.О.: — Демак хайрли ишга сарфламоқчисиз... Пара спортчилар яхши натижалар қайд этмоқда. Паралимпия ўйинлари, Жаҳон чемпионати ғолиблари анча кўпайди. Лекин пара спортчиларнинг машҳурлик даражаси юқори эмас. Бунинг асосий сабаби нимада ва аслида спортчи учун машҳурлик керакми?

Ҳ.Н.: — Менинг шахсий фикрим, спортчи учун машҳурлик керак эмас, деб ўйлайман. Агар халқ спортчини ҳурмат қилса, у ўз-ўзидан машҳур бўлади. Агар спорт вакили ўзини катта феъл тутса ёки одамларни писанд қилмаса, бунақанги машҳурликнинг кераги йўқ. Халқнинг ўзига қўйиб бериш керак. Мен машҳур бўлишни ҳоҳламайман, оддий инсон бўлиб юрганим яхши.

Ҳ.О.: — Спортчилар доимий эътиборда бўлмагани бир томондан яхши, бу руҳий ҳолатига таъсир қилиши мумкин, яъни спортчи барибир майдонда ўз рақибларидан устунлигини кўрсатгани яхшироқ, демоқчимисиз?

Ҳ.Н.: — Албатта, халққа мақтангандан, кўра, мусобақада ўз рақиблари устидан ғалаба қозонгани маъқулроқ.

Ҳ.О.: — Бугунги кунда спортчилар олдида қандай муаммолар бор? Пара спорт йўналишида мусобақалардан аввал, мусобақалар пайтида натижаларга аралашиш ҳолатлари учраб турадими, сиз қандай фикрдасиз?

Ҳ.Н.: — Бугунги кунга келиб, пара енгил атлетика спортида ҳеч қандай муаммо йўқ! Бизга барча шароит яратиб бериляпти. Авваллари бизга массажчилар ва шифокорлар, спортчилар даволаниши учун поликлиникалар етишмасди. Ҳозир ҳамма имконият яратиб берилди. Мен кўп жароҳатлар олиб, шифохонага борганимда ҳурматимизни жойига қўйиб, даволашади. Катта кетиб айтишим мумкинки, бизда муаммолар йўқ.

Ҳ.О.: — Спортчилар олдида ҳеч қанақа муаммо йўқ, шундайми?

Ҳ.Н.: — Албатта, муаммо йўқ. Агар камчиликлар бўлса, мураббийимиз Сардор Абдухолиқов ёки Паралимпия ассоциацияси президенти Мухтор Тошхўжаевга айтиб, жойида ечилмоқда.

Ҳ.О.: — Демак, раҳбарият ва спортчилар ўртасида ўзига хос мулоқот шаклланган?

Ҳ.Н.: — Спортчиларимиз хозирги кунда бемалол ўзига керакли нарсаларни айтиб, ўша нарсани талаб қилиб олишмоқда. Муаммолар вақтида бартараф этиляпти. Натижалар яхшиланаётгани муаммолар камайганидан далолат беради.

Ҳ.О.: — Енгил атлетиканинг диск ва ядро улоқтириш йўналишида кучдан ташқари руҳий ҳолат жуда ҳам муҳим. Фаолиятингиз давомида ушбу спорт тури билан шуғулланишдан афсусланганмисиз? Аслида натижага қараб, бундай савол бериш нотўғри. Лекин шундай ҳолатлар содир бўлган бўлиши мумкин...

Ҳ.Н.: — Тўғри савол бердингиз, бундай ҳолат бўлган. 2015 йилга қадар спортдан воз кечиш фикри ҳам бўлган. Ўзимни омадсиздек ҳис қилганман. Айтганимдек, ҳар бир мусобақада мағлубиятга учраш, спортчини синдириши мумкин. Фаолиятимдаги кетма-кет мағлубиятлар натижасида балки, бошқа касбни танлаганимда оиламни яхшироқ таъминлашим мумкин эди, деб ўйлаганман. Лекин ўзимни руҳан тайёрлай олганман. Яхшироқ яшашим учун кераксиз нарсаларни ўйламай, кунига 3-4 марта машғулот ўтказишимга тўғри келди. Спортчи ҳадеб ўйлайверса, фаолияти ортга қараб кетиши мумкин. Мен кам ўйлаб, кўп машғулот ўтказдим. Мураббийим “Норбеков шу ердами?” деган гапни кўп ишлатарди. Мен эса доимо стадионда бўлардим. Керак бўлса, шу ерда ухлардим.

Ҳ.О.: — Юқорида таъкидланганидек, ўзингиз иштирок этган барча мусобақада – Параосиё ўйинлари, Жаҳон чемпионати ва Паралимпиадада олтин медални қўлга киритгансиз. Бир спортчи эришиши мумкин бўлган барча совринни ютган Ҳусниддин Норбековнинг бундан кейинги режалари қандай?

Ҳ.Н.: — Режаларим жуда кўп. Аксарият ҳамкасбларим спортни қачон ташлашим ҳақида сўрашади ва менга бу алам қилади. Чунки ҳозир 34 ёшда бўлишимга қарамасдан танам бақувват. Насиб қилса, яна икки ёки учта Паралимпия ўйинларида иштирок этиш ниятим бор. Доимо мен спортни энди бошладим-ку, қандай қилиб буни ташлашим мумкин, деган гапни уларга таъкидлаб келаман. Ҳали-бери спортдан кетиш ниятим йўқ. Мен ушбу спортга шу қадар боғланганманки, танамнинг 2-3 та Олимпиадага кучи етади. Бизнинг спорт ёш танламайди ва жисмоний тарафдан ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, яна Паралимпиада чемпиони бўлишга ҳаракат қиламан.

Ҳали мақсадларим кўп. Президентимиз уч карра Олимпиада чемпиони бўлишинг керак, деб таъкидладилар. Бунинг ўзи – менга катта мотивация. Шу сўзлар учун ҳам яна олтин медални қўлга киритишга ҳаракат қиламан ва жаҳон рекордини ўрнатишни мақсад қилиб олдим.

Афсуски, Токиога қадар жароҳатдан тикланишга улгуролмай қолдим. Лекин Яратган томонидан омад берилди. Ўзим камида учинчи ўринни мақсад қилиб боргандим. Чунки, жароҳатим жиддий эди. Бизда оёқ соҳаси жуда ҳам муҳим. Баҳслар давомида ядрони отиб бўлганимдан кейин жуда кучли оғриқ бўлди. Бироқ, спортчи шоҳсупада туриб, мамлакатининг мадҳияси янграганида бутун азобларни унутади.

Олтин медалларни қўлга киритдик, шукрки, Ўзбекистоннинг обрўси кўтарилди. Халқимиз, оиламиз жуда хурсанд бўлди. Буёғига янги мусобақаларга тайёргарликни бошлашимиз керак. Ўтган беш йиллик меҳнатимизни унутиб, навбатдаги тўрт йилликнинг энг нуфузли турнири учун ҳаракат қиламиз.

Ҳ.О.: — Демак, эришилган натижалар ортда қолди ва янги натижалар учун ҳаракат бошланади.

Ҳ.Н.: — Мен бир гапни ният қилиб келган эдим. Бутун паралимпия терма жамоаси номидан мурожаат қилмоқчиман.

Бизда паралимпия спортчилари жуда кўп. Ўзбекистонда имконияти чекланганлар катта сонни ташкил қилади. Имконияти чекланган инсонларга айтмоқчиманки, агар вақт топсангиз, имкониятингиз бўлса, Паралимпия ассоциациясига келинг. Биз имкониятингизга қараб тоифаларга ажратамиз. Баҳсларда имкониятингиз синалади ва қўлимиздан келганча ўзимизнинг спортни сизга ўргатишга ҳаракат қиламиз. Баландлик ва узоқликка сакраш, найза, диск ва ядро улоқтириш бўйича қўлимиздан келган барча ёрдамни берамиз. Шахсан ўзимнинг ўн икки йиллик тажрибамни ўргатишга тайёрман. Президент Шавкат Мирзиёев паралимпиячиларни қўллаб-қувватлаяпти. Бу инсон пара спортни янада ривожлантиради. Иккита Олимпиада давомида 8 та олтин медаль ўз-ўзидан келиб қолгани йўқ, Ўзбекистонда спортга кўрсатилаётган эътибор ва қизиқиш жуда юксак даражада.

Имконияти чекланган, ҳаётга қизиқиши сўнган, кундан кунга соғлиги ёмонлашиб бораётган инсонларнинг ота-оналари бизга қўнғироқ қилади. Мен буларни эшитиб, сиқиламан. Агар уларни бизнинг ёнимизга олиб келишса, ёрдам берамиз. Сабр қилиб, машғулотлардан тўхтамасалар, паралимпия чемпиони бўлиб етишади.

Авваллари ҳаётимни ҳозиргидек тасаввур қила олмасдим. Мактабда ўқиб юрган даврларимни эслайман, кўп нарсадан орқада эдим. Дўстларимиз футбол ўйнаганида мени қўшмаган ёки давра ўйинларида кўпинча орқада қолганман. Ҳозирги кунга келиб, уларнинг ҳаммаси менга ҳавас қилмоқда. Фарзандларига ушбу спортни ўргатишимни, уларни тарбиялашимни сўрашади. Бу мен учун жуда катта ютуқ. Бу гапим билан дўстларимни ёмон кўрсатмоқчи эмасман.

Ҳаммаларини яхши кўраман. Мен шунчаки бошқа нарсаларга эътибор бермадим. Тириклигимизнинг ўзи Аллоҳ томонидан берилган катта мўжиза, деб ўйлайман. Нафас олишимиз – энг катта бахт.


Мақола муаллифи

Теглар

QALAMPIR.UZ Токио-2020 Ҳумоюн Орипов Ҳусниддин Норбеков Паралимпиада Паралимпия қўмитаси

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг