Шукуржон Зуҳуров Мирзиёевга Раҳмоннинг саломини етказди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 7 октябрь куни Тожикистон Республикаси Олий Мажлиси Вакиллар палатаси раиси Шукуржон Зуҳуров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлат раҳбари меҳмонларни қутлар экан, олий даражадаги ўзаро ишончга асосланган мунтазам мулоқот икки томонлама ҳамкорликни мисли кўрилмаган юксак даражага кўтаришга хизмат қилганини катта мамнуният билан қайд этди.

Шу муносабат билан Тожикистон парламенти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи қардош мамлакатлар ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин далилидир.

Олий мартабали меҳмон, ўз навбатида, Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдирди ҳамда Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг саломи ва эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда ўзаро алоқалар барча даражаларда фаоллашгани қайд этилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, саноат, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Чегарадош ҳудудлар ўртасида, маданий-гуманитар соҳада алмашинувлар кенгаймоқда.

Парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашга муҳим аҳамият қаратилмоқда. 

Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида қўмиталар ва парламентлараро гуруҳлар даражасида яқиндан ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Учрашув сўнгида Шукуржон Зуҳуров Тожикистон парламенти қардош мамлакатлар ва халқлар манфаатлари йўлида дўстлик ва стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини билдирди.

Тожикистон Олий Мажлиси Вакиллар палатаси раиси жорий йил декабрь ойида мамлакатимиз парламентига сайловлар муваффақиятли ўтишини тилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Тожикистон Шукуржон Зуҳуров

Баҳолаганлар

13

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг