Шифокор Гулжаҳон Йўлдошева уйига, оиласи бағрига қайтди

Жамият

image

Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонаси Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева уйига, оиласи бағрига қайтди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳар прокуратурасидан хабар бермоқда. 

Маълумотларга қараганда, Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан очилган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан тегишли тартибда ўрганиб чиқилган. Шундан кейин айбланувчи Йўлдошева аёл экани, шунингдек олти нафар вояга етмаган фарзанднинг онаси экани инобатга олиниб, Бош прокурорнинг ташаббуси билан унга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси уй қамоғи эҳтиёт чорасига ўзгартириш масаласи кўриб чиқилган. Бугун, 6 октябрь куни Чирчиқ шаҳар прокурори Бахтиёр Иброҳимов томонидан судга тегишли илтимоснома юборилган ва суд томонидан прокурор илтимосномаси қаноатлантирилган.

Кеча, 5 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия аъзоси Саида Мирзиёева прокуратурадан Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини ўзгартиришни сўраб чиққан эди

Йўлдошева иши 

Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори, вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева коронавирус касаллигига чалинган бемор ўлимига сабабчи бўлиш ва 250 млн сўм маблағни талон-торож қилишда айбланиб ҳибсга олинганди

У Зангиота туманида жойлашган тергов ҳибсхонасининг аёллар бўлинмасида сақланаётган эди. 

Йўлдошевага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди

Жорий йилнинг 8 сентябрь куни шифохона Бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева мажбурий тартибда терговга олиб келиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб этилган.
 
Прокуратура баёнотига кўра, айбланувчи Гулжаҳон Йўлдошева тергов ҳаракатларини амалга оширишга тўсқинлик қилаётгани, ўзига юклатилган мажбуриятларни бажармаётгани, у томонидан содир этилган жиноят оғир жиноятлар туркумига кириши, шунингдек, унинг жиноий фаолият билан шуғулланишига барҳам бериш, қочиб кетишининг, далилларни яшириши ёки йўқ қилиб юборишининг олдини олиш мақсадида процессуал тартибда ушланиб, суднинг 9 сентябрдаги ажрими билан унга нисбатан “қамоққа олиш” эхтиёт чораси қўлланилган.

Биз бугунгача ушбу иш юзасидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимов, вилоят Руҳий асаб касалликлари диспансери Бош шифокори Феруза Шоносирова, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасида вафот этган шифокор Фаррух Рустамовнинг рафиқаси Камола Рустамова, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Низом Абдуллаев билан суҳбатлашдик. Ушбу интервьюларда улар бир овозда Гулжаҳон Йўлдошевани айблаган. QALAMPIR.UZ воқеаларга янада аниқлик киритиш, иккинчи тарафнинг фикрларини тинглаш мақсадида Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳимоячиси Хушнуд Ахроровга микрофон тутди.


Мақола муаллифи

Теглар

Гулжаҳон Йўлдошева

Баҳолаганлар

252

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг