Шерматов 80 минг ортиқча ўқитувчи ҳақидаги фикрига изоҳ берди

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистон Халқ таълими ваъзири Шерзод Шерматов соҳада ярим миллион ўқитувчилар бўлиб, улар мавжуд ставкалар сонига қараганда 80 мингга кўп деб маълумот берганди. Вазир Шерматов ўзининг айтганларига қўшимча изоҳ берди.

“Мактабларда айнан малакали ўқитувчиларга талаб жуда юқори. Лекин ушбу графикда кўришингиз мумкинки, атиги 3 фоиз ўқитувчи олий тоифага, 11 фоизи эса биринчи тоифага эга, яъни умумий 14 фоизи ўқитувчини яшил категорияга ажратса бўлади. Булар нафақат мактаб директори томонидан эъзозда, балки ота-оналар ҳам айнан шундай малакали ўқитувчиларни репетитор сифатида қўшимча дарс беришга кўндиришга ҳаракат қилишади”, дейди Шерматов.

Унга кўра, аввал айтилган қизил категориядаги мактабларга борилса, аксариятида умуман олий тоифали ўқитувчи йўқ экани кўринади. Аксинча, яшил категориядаги мактабларда олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар ҳам нисбатан кўпроқ бўлиб чиқади.

“Энди, қуйироқдаги графикка эътибор берсангиз, яшил категорияли ўқитувчилар педставкага нисбатан кўп эмас, аксинча, жойларда уларга талаб жуда юқори. Қизил категориядаги, яъни тоифасиз ўқитувчилар орасида ва умуман олий таълимда ўқимаган ўқитувчилар орасида айнан бир ўқитувчи ўрнида бир неча ўқитувчи ишлаётгани графикдан яққол кўринади. Бунинг натижасида уларнинг ҳақиқатда олаётган ойлиги ҳам анчагина камаяди. Ушбу қизил категориядаги ўқитувчилар умумий ўқитувчиларнинг ярмидан кўпини ташкил этади. 80 минг ўқитувчи кўпроқ дейилгани ҳам айнан ушбу қизил категориядаги ўқитувчилар орасидадир”, дея аниқлик киритган амалдор.

Шу сабабли, вазир қизил категориядаги ўқитувчилардан кўпроқ ўз устиларида ишлаб, ўз фанларини чуқурроқ ўрганиб, навбатдан ташқари малака тоифа имтиҳонларидан ўтиб, ўз тоифаларини оширишларини сўраган. Шу орқали уларнинг ойлик маошлари ҳам ошади.

Таъкидланишича, тоифасиз ўқитувчи ва олий тоифали ўқитувчи ойлиги орасидаги фарқ ҳам анчагина, шунингдек, юқори тоифали ўқитувчидан соат ортиб қолсагина пастроқ тоифа ўқитувчига бериладиган тартиб жорий этилмоқда. Бу эса малакали ўқитувчининг ойлиги яна ошишига ёрдам беради. Бундан буёғига ҳам ойлик ошириш бўйича сиёсат юқори малакали ўқитувчи билан тоифасиз ўқитувчи ойлиги орасидаги фарқни оширишга қаратилади.

Ўқитувчи бошқа туманга ишлаш учун борганига 50 фоиз, бошқа вилоятга борганига эса 100 фоиз қўшимча тўланиши ҳам фақат олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларга тааллуқли бўлгани ҳам бундай кадрларга қўшимча стимул бўлиши учун қилинган.

“Ўқитувчининг ўз касбини ҳамда болаларни севиши, ўз малакасини доимий ошириб бориши энг муҳим масаладир ва қолган ташқи факторлар иккиламчи. Масалан, яқинда Булунғур туманидаги 2 та тўқ қизил категориядаги мактабларга ташрифимиз чоғида шунга гувоҳ бўлдикки, аввало, уларнинг моддий техник ҳолати ўша тумандаги яшил мактабникидан яхшироқ экани, ҳамда қизил мактаблар битирув синфларидаги ўқувчилари сони 15,16 ва 19 нафарни ташкил этгани ва аксинча яшил мактабда ўқувчилар сони синфда бундан анча кўп бўлган.

Уч-тўрт йил аввал бундай талаб қўйиб бўлмас эди, чунки ўқитувчи ўзининг ишидан бошқа барча иш билан шуғулланар, ҳамда қоғозбозликка кўмилган эди. Ҳозир эса ўқитувчидан фақат ўз устида ишлаш, ҳамда ўқувчиларнинг натижага эришишларига ҳаракат қилиш талаб этилади. Ҳозирнинг ўзидаёқ, дарҳол қизил категориядаги ўқитувчига чора кўрилсин деб айтилгани йўқ. Асосий мақсадимиз таълим сифатини оширишга биргаликда ҳаракат қилиш! Ўқитувчилар орасида ҳам соғлом рақобат шаклланиши барча мактабларда таълим сифати ошишига ёрдам беради”, дейди Шерматов.

Вазир сўзи сўнггида Олий ва биринчи тоифани Халқ таълими вазирлиги эмас, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги алоҳида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси имтиҳонлар асосида тақдим этишини эслатиб ўтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шерзод Шерматов

Баҳолаганлар

195

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг