Шер боласи ҳужум қилган 3 ёшли қизча қандай аҳволдалиги очиқланди

Саломатлик

image

Аввалроқ, Тошкент вилояти Тошкент туманидаги уйларнинг бирида ноқонуний боқилаётган шер боласи ушбу ҳудудда яшовчи 3 ёшли қизчани тишлаб олгани ва у шифохонада ётқизилгани ҳақида хабар берган эдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати қизчанинг аҳволи ҳақида маълумот берди.

Қайд этилишича, 7 апрель куни соат ахминан 18:40 да 2019 йилда туғилган бемор С.М. ота-онаси билан биргаликда Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 2-сон болалар жарроҳлик клиник шифохонасига мурожаат қилган. Навбатчи шифокор кўригидан сўнг у  “бошнинг тепа соҳасида, ўнг елканинг тепа учлигида ва ияк қисмида тишланган жароҳатлар” ташхиси билан  стационар даволаниш учун ётқизилган. 

“Травматология ва нейрохирургия бўлимида шошилинч равишда барча керакли муолажалар ўтказилди. Жумладан, қутуришга қарши антирабик вакцина қўлланилиб, жароҳатларга бирламчи жарроҳлик ишловлари берилди”, дейди муассаса бош шифокори Д.Сабиров. 

Бемор муассасага олиб келинган вақтда  умумий аҳволи ўрта оғирликда баҳоланган. Ҳуши жойида бўлса-да, безовта ва қўрқув аломатлари кўзга ташланган. Бош соҳаси рентген ва МСКТ текширувларидан ўтказилган.  

Патологик синиш аломатлари кузатилмаган. Ёш бемор нейрохирург, невропотолог  ва педиатр каби қатор мутахассислар томонидан  консультация қилинган. 

Шунингдек, унда қўшимча тарзда юқори нафас йўлларининг яллиғланиши белгилари бўлгани учун кўкрак қафасининг рентгенографияси текшируви ўтказилган. Педиатр томонидан “Ўткир респиратор инфекция. Фарингобронхит” ташхиси қўйилиб, даволашни давом эттириш ва жароҳатларини назорат қилиб туриш мақсадида торакал жарроҳлик бўлимига ўтказилган. 

“Ҳозир болакайнинг умумий аҳволи нисбатан қониқарли. Даво муолажалари режа асосида давом эттирилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморнинг аҳволини назоратга олган. 2-сонли клиник шифохонанинг травматология ва нейрохирургия бўлими бошлиғи Исмат Ниғматов ҳамда Республика бош рабиологи Саидворис Ғаниев томонидан беморнинг ҳолати мунтазам тарзда текшириб борилмоқда”, дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 апрель куни туманнинг “Баҳор” маҳалласи Наврўз кўчасидаги уйларнинг бирида ноқонуний боқилаётган шер кечки соат 17:30 да онаси ва ҳомиладор янгаси билан дўконга сут олиш учун чиққан болага ҳужум қилган. Тўсатдан боланинг орқа томонидан келиб ташланган йиртқич қизчанинг бош ва елка қисмини тишлашни бошлаган. Она боласини шер оғзидан қутқариб қолган. 

Воқеа кечки пайт шернинг эгалари уйдан ташқарига айлантириш учун олиб чиққан пайтда юз берган.

Қайд этилишича, бола Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани 2-сон болалар жарроҳлик клиникасида даволанмоқда. Қизчада жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Шу билан бирга, шер эгалари қизчанинг оиласига босим қилгани айтилмоқда.

Ҳозирда Экология қўмитаси томонидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, шер боласи олиб кетилган. Ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўрганилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

258

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг