Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги янги меҳмонхоналарнинг шароити билан танишди

Жамият

image

Яқин ойларда Самарқандда бир нечта халқаро даражадаги тадбирлар бўлиб ўтади. Айни пайтда ушбу анжуманларга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифи чоғида бугун, 24 август куни ушбу жараённи кўздан кечирди.

“Самарқанд шаҳрида XIX аср охири - XX аср бошларига оид обидалар кўп. Алишер Навоий ҳамда Шоҳруҳ кўчаларидаги шундай тарихий биноларда миллатлараро дўстлик ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликка бағишланган музейлар ташкил этиш режалаштирилган”, деб ёзмоқда Президент Матбуот хизмати.

Президент бу режаларни маъқуллаб, музейларни мазмунан бойитиш, ҳамкор мамлакатлар билан яқин муносабатларни намоён этиш бўйича кўрсатмалар берган.

Кеча, 23 август куни Самарқанд туманида “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази очилган эди. Бу мажмуа йирик халқаро анжуманларга мезбонлик қилади.

Давлат раҳбари бу ердаги Конгресс холл ва меҳмонхоналарда яратилган шароитлар билан танишган.

Қайд этилишича, меҳмонхоналарнинг иккитаси 5 юлдузли ва олтитаси 4 юлдузлидир. Конгресс холлнинг умумий майдони қарийб 6 минг квадрат метр. У 3 минг 500 кишини қабул қилиш қувватига эга. Анжуманлар вақтида ишларни самарали мувофиқлаштириш учун ситуацион марказ ҳам ташкил этилган.

Президент бу ерда хорижий делегациялар, икки томонлама учрашувлар учун қулайликларни ошириш бўйича тавсиялар берган.

Шу билан давлат раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи якунланди, Президент Тошкентга қайтиб келди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

238

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг