Шавкат Мирзиёев Корея билан ҳамкорликни 5 та йўналишда ривожлантиришни таклиф қилди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 30 октябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтказилган Шимолий иқтисодий ҳамкорлик иккинчи халқаро форумида иштирок этди ва нутқ сўзлади. Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш йўналишлари бўйча таклифларини бериб ўтди. Қуйида Шавкат Мирзиёевнинг форумдаги нутқи тўлиқ шаклда келтирилган.

Муҳтарам Раис жаноблари!

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Форум иштирокчилари!

Хонимлар ва жаноблар!

Шимолий иқтисодий ҳамкорлик иккинчи халқаро форумининг барча иштирокчиларини қутлаш менга улкан мамнуният бағишлайди.

Корея Республикаси Президенти Мун Чже Ин Жаноби Олийларини коронавирус оқибатларини биргаликда енгиб ўтиш ва шериклигимизни кенгайтириш масалаларига бағишланган ушбу муҳим тадбирда иштирок этиш таклифи учун миннатдорлик билдираман.

Жаҳондаги мушкул вазият ва глобал инқироз шароитида айнан шундай кўп томонлама мулоқот янги хатар ва таҳдидларга самарали қарши туриш учун имконият яратиб, мамлакатларимиз барқарорлиги, фаровонлиги ва изчил тараққиётини таъминлашга хизмат қилади.

Ҳурматли форум иштирокчилари!

Биз Ўзбекистонда Корея Республикаси Президентининг кенг Евроосиё маконида хавфсизликни таъминлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган "Янги шимолий сиёсати"ни юксак баҳолаймиз.

Минтақавий сиёсатнинг энг муҳим жиҳатлари ва ҳамкорлигимиз истиқболларига қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчидан. COVID-19нинг глобал миқёсда тарқалиши минтақа давлатлари ўртасида яқин мувофиқлашув ва кенг халқаро ҳамкорлик бўлиши зарурлигини кўрсатди.

Кореялик ва бошқа шерикларимизни Ўзбекистонда ушбу касалликка қарши курашишда кўрсатилган кўмак учун миннатдорлик билдираман.

Биргаликдаги ишларни қуйидаги йўналишларда давом эттиришни таклиф этаман:

- Корея компаниялари билан биргаликда ташкил этилаётган фармацевтика кластери негизида самарали вакцина ва зардоблар, касалликларни тез ва аниқ ташхислаш тизимларини ишлаб чиқиш;

- замонавий лабораториялар ташкил этиш ва чегараларимиздаги санитария назорати пунктларини модернизация қилиш;

- Корея Республикасининг етакчи олий таълим муассасалари иштирокида эпидемиолог ва вирусолог врачларни тайёрлаш;

- тиббий чиқиндиларни утилизация қилиш корхоналарини ташкил этиш;

- минтақада эпидемиологик вазиятни мониторинг қилиш ва барвақт прогнозлаштиришнинг интеграциялашган тизимини жорий этиш.

Иккинчидан. Биз Корея Республикасини мамлакатимизга рақамли ва "яшил" технологияларни келтиришда асосий ҳамкорлардан бири деб биламиз.

Бугунги кунда Кореянинг етакчи компания ва банклари иштирокида Ўзбекистонда юқори технологик тармоқларда ўнлаб йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Биз кореялик инвесторлар фаолиятини бундан буён ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлаймиз ва рағбатлантирамиз.

Шунингдек, Сеул шаҳрида бўлиб ўтадиган "Яшил" тараққиёт ва 2030 йилга қадар глобал мақсадлар учун шериклик халқаро саммитида фаол иштирок этишга тайёрмиз.

Учинчидан. "Янги шимолий сиёсат"нинг изчил амалга оширилиши самарали минтақавий транспорт йўлакларини ривожлантиришнинг долзарб аҳамиятини кўрсатмоқда.

Бу борада сўз юритилганда, аввало, Транссибирь магистрали ва "Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой" йўлаги маршрутларини минтақамиздаги янги темир йўллар қуриш лойиҳалари билан ўзаро боғлаш зарурлигини қайд этиш лозим.

Бундай шароитда Корея яримороли Тинч океани минтақасини Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан боғлайдиган ғоятда муҳим коммуникация кўприги бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ушбу ноёб имкониятларни экспертлар даражасида кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Тўртинчидан. Шериклигимизни мустаҳкамлашда "Марказий Осиё – Корея Республикаси" форуми муҳим роль ўйнайди.

Унинг доирасида янги ташаббус ва лойиҳалар амалга оширилмоқда, инвестициялар, инновациялар, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим ва маданият соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгайиб бормоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда ҳамкорлигимизни янги, янада юқори босқичга олиб чиқиш ҳамда Форум йиғилишини давлатларимиз ҳукуматлари раҳбарлари иштирокида ўтказишга объектив зарурат сезилмоқда.

Ишончим комил, биргаликда "Марказий Осиё – Корея Республикаси" форумини устувор дастур ва лойиҳаларни илгари суришнинг таъсирчан механизмига айлантирамиз.

Бешинчидан. Президент Мун Чже Иннинг Корея яриморолида мустаҳкам тинчликка эришиш борасидаги фаол саъй-ҳаракатларини Ўзбекистон ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ҳамда уларга минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлашга муҳим ҳисса сифатида қарайди.

Биз Марказий Осиёда ядровий қуролдан холи ҳудуд яратиш борасида ноёб тажриба тўпладик.

Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган тегишли шартнома иштирокчилар ўртасида мураккаб келишиш жараёнидан ўтиб, энг йирик ядровий давлатларнинг зарур кафолатларини олган.

Бугунги кунда ушбу шартнома Марказий Осиёда ядровий хавфсизликни таъминлашнинг самарали сиёсий-ҳуқуқий механизми ҳисобланади.

Кенг тажриба алмашиш мақсадида Ядровий қуролсизланиш, ядровий қуролдан холи ҳудудлар яратиш масалалари бўйича халқаро экспертлик форумини ўтказишни таклиф этамиз.

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар!

Корея Республикаси Ўзбекистон Республикасининг алоҳида аҳамиятга эга, ишончли стратегик шеригидир.

Мамлакатларимиз ўртасидаги дипломатик, савдо ва маданий алоқалар бир неча минг йиллик тарихга эга.

Дўстлигимиз халқларимизнинг ўхшаш менталитети, миллий қадрият ва анъаналарига асосланган.

Ўзбекистондаги кўп сонли корейс диаспораси бузилмас ришталаримизни мустаҳкамлаб турувчи муҳим омилдир.

Бу фуқароларимиз мамлакат ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Сўзим якунида яна бир бор ишонч билан айтмоқчиман: бугунги форум мамлакатларимизнинг узоқ муддатли ва серқирра ҳамкорлигини бутун минтақа тинчлиги ва равнақи йўлида ривожлантириш учун янги истиқболлар очиб беради.

Эътиборингиз учун раҳмат.

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев форум

Баҳолаганлар

85

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг