ШҲТнинг блокларга қўшилмаслик принципига амал қилиш зарур – Мирзиёев

Жамият

image

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг блокларга қўшилмаслик принципларига амал қилиш зарур. Бу ҳақда бугун, 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг тор доирадаги мажлисидаги нутқида айтиб ўтди.

Тадбирда Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Чжан Мин ва ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев иштирок этди.

Мажлис кун тартибига мувофиқ, давлат раҳбарлари ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилдилар, минтақада юзага келаётган сиёсий ва иқтисодий вазиятни ҳисобга олган ҳолда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.

Президент ШҲТ тарихан қисқа даврда минтақавий ва глобал жараёнларнинг таъсирчан иштирокчисига айланганини таъкидлади. Хавфсизлик ва иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида, ташкилотнинг барқарорлаштирувчи роли кучайиб бормоқда.

Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг блокларга қўшилмаслик мақомини, очиқлик ва кенг ҳамкорликка қаратилган руҳини сақлаш, муроса, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро ҳурмат принципларига амал қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Шуларни ҳисобга олиб ҳамда ШҲТ доирасидаги кўп қиррали шерикликнинг самарали тажрибасига таяниб, Ўзбекистон Президенти яқин йилларда ҳамкорликнинг асосий йўналишларидаги устувор вазифаларни ҳал этишга доир аниқ таклиф ва амалий ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, ШҲТ фаолиятини бугунги воқеликка мослаштириш, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳаларида ҳамкорлик қилиш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, экология масалалари, маданий-гуманитар алоқаларга тўхталиб ўтилди. Хавфсизлик муаммолари ва Афғонистондаги вазиятни тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилди.

Сўзининг якунида Президент ШҲТ келажаги ва мамлакатлар ривожи кўп жиҳатдан баҳамжиҳат ва самарали ишлашга боғлиқ эканини таъкидлади. 

“Биз биргаликда минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш мақсадида, мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида ташкилотни янги марраларга олиб чиқишга қодирмиз”, дея ишонч билдирди Шавкат Мирзиёев.

Аъзо давлатлар етакчилари ўз чиқишларида ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларига, минтақавий ва халқаро хавфсизлик муаммоларига тўхталиб ўтдилар. Самарқанд саммити алоҳида, тарихий аҳамиятга эга экани қайд этилди.

 

ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси кузатувчи мамлакатлар, фахрий меҳмонлар, халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди. Саммит бундай кенг форматда – 14 та мамлакат етакчилари иштирокида биринчи марта ўтмоқда

.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

67

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг