ШҲТ мажлиси бошланди. Путин Қорабоғ, Афғонистон, Қирғизистон, Яқин Шарқ ва Беларусдаги вазият ҳақида гапирди

Олам

image

Айни дақиқаларда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида мажлиси бўлиб ўтмоқда. Мажлисда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Афғонистон Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон Республикаси Бош вазири – Президент вазифасини вақтинча бажарувчи Садир Жапаров, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, Покистон Бош вазири Имрон Хон ва Эрон Ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф иштирок этмоқда. 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш йиғилиш иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. 

Россия раислигида ўтказилаётган йиғилишда биринчи бўлиб Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин нутқ сўзлади. 

“Мамлакатларимиз коронавирус эпидемиясига дуч келган ва унга қарши кураш зарур бўлган бир вақтда Россия Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик қилди. Шу сабабли, ҳамкорликдаги фаолиятимиз кун тартибига муайян ўзгаришлар киритилди, аъзо давлатларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро алоқаларига, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга эътибор кучайтирилди”, дейди Путин. 

У ШҲТ давлатлари инфекцияга қарши курашда бир-бирларига катта ёрдам кўрсатиб келаётганини урғулади. Россия шерикларига коронавирусни аниқлаш учун ярим миллионга яқин лаборатория диагностикаси тўпламини, шунингдек, контактсиз ҳароратни ўлчаш мосламаларини совға қилгани айтилди. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонга 9 та россиялик тиббиёт мутахассислари гуруҳлари юборилгани қайд этилди.  

Путинга кўра, Россия раислиги даврида ШҲТга аъзо давлатларнинг ҳарбий ва махсус бўлинмалари, шу жумладан кузатувчи мамлакатлар вакиллари иштирокида қўшма машқлар амалиёти ҳам давом эттирилган.  

Хусусан, Қозоғистон ҳудудида терроризмга қарши машқлар, Хитойда интернетдан экстремистик мақсадларда фойдаланишга уринишларга қарши кураш машқлари, Россияда “Бирдамлик” чегара операциясининг биринчи босқичи ўтказилган.  Бундан ташқари, Россия ва Қозоғистонда иккита "Ўргимчак тўри" гиёҳвандликка қарши халқаро операциялари ташкил қилинган.

Шунингдек, Россия раҳбари Иккинчи Жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган мамлакатларда ўтказилган тадбирларни алоҳида эътироф этди. 

“ШҲТга аъзо барча давлатлар ушбу юбилейга бағишланган хотира тадбирларини ўтказишга алоҳида эътибор беришди. Москвадаги Қизил майдонда Ғалаба куни парадида рус ҳарбийлари билан тантанали юришлари рамзий маънога эга эди”, дейди Путин. 

Россия Президенти глобал ва минтақавий хавфсизлик соҳасидаги вазият қийинлигича қолаётгани ҳақида ҳам сўз очди. Унинг таъкидлашича, Халқаро терроризм ва гиёҳванд моддалар савдоси дунёга жиддий таҳдид солишда давом этмоқда. Кибержиноятчилик сезиларли даражада ошган. Стратегик барқарорлик тизими ёмонлашишда давом этмоқда. 

“Афсуски, зўравон минтақавий можаролар тўхтамаяпти, бундан ташқари, янги кескинлик ўчоқлари, жумладан ШҲТ ташқи чегараларида ва қўшни минтақаларда пайдо бўлмоқда. Шунинг учун ШҲТ фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири инқирозларни тинч, сиёсий ва дипломатик йўл билан ҳал қилишга кўмаклашиш, кечкинлашув ўчоқларида келиб чиқадиган таҳдидларни тўхтатишдир. 

Афғонистондаги вазият алоҳида хавотир уйғотмоқда. ШҲТ орқали афғон дўстларимизга миллий келишувни излашда ва узоқ муддатли тинчликни ўрнатишда ёрдам бериш учун кўп ишлар қилинмоқда. 

ШҲТ-Афғонистон алоқа гуруҳи тузилди, унинг доирасида Афғонистон йўналишидаги ташкилотимизнинг кейинги ҳаракатлари учун "йўл харитаси" ишлаб чиқилди ва қабул қилинди.  Буларнинг барчаси Афғонистоннинг барқарор ва хавфсиз, терроризм ва гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноятлардан холи давлатга айланишига ва қўшнилари билан тинч-тотув яшашига ёрдам беришга қаратилган”, дейди Путин. 

Путинга кўра, сўнгги йилларда ШЧҲТ кўмаги билан Россия бир қатор учрашувлар ташкил этган, унда барча афғон сиёсий кучларининг вакиллари истисносиз қатнашган. 

Шунингдек, Владимир Путин Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада хавфли беқарорлик сақланиб қолаётганига ҳам эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, Ливия ва Ямандаги қуролли қарама-қаршилик, Сурияда қолган бузғунчи тузилмалар анклавлари террористик таҳдид, гиёҳванд моддалар ва қуролларнинг тарқалиш манбалари ҳисобланади. 

“Албатта, жангариларнинг юқорида айтиб ўтилган минтақадан ташқарида ҳаракатланиши алоҳида эътиборга лойиқдир. Бу низоларни янада кучайтиради”, дейди Россия раҳбари. 

Шунингдек, Президент Путин жорий йилнинг сентябрь ойида Озарбайжон ва Арманистон ўртасида бошланган қуролли тўқнашувларни ҳам тилга олди. 

“Дарвоқе, Қорабоғда содир бўлаётган воқеалар ҳақиқатан ҳам катта фожиа. Қон тўкилишини тўхтатиш бўйича эришилган келишувларни катта мамнуният билан қайд этмоқчиман. Яқинда ташлаган барча қадамларимиз Озарбайжон ва Арманистон халқлари фаровонлиги учун узоқ муддатли тинчлик ўрнатилишига олиб келади, деб умид қиламан”, дейди Путин. 

У ШҲТга аъзо мамлакатларнинг яна бир муаммосини ўртага ташларкан, “умумий хавфсизлигимизга қаратилган яна бир очиқ-ойдин муаммо бу ШҲТга аъзо давлатларнинг ички ишларига ташқи томондан бевосита аралашишга уринишларнинг кўпайишидир”, дейди. 

“Гап суверенитетнинг қўпол равишда бузилиши, жамиятда бўлиниш, давлат тараққиёти векторини ўзгартириш, асрлар давомида шаклланиб келган ва аллақачон ўрнатилган сиёсий, иқтисодий ва гуманитар алоқаларни бузиш истаги ҳақида бормоқда.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотида кузатувчи бўлган Беларусь ҳам ташқи кучларнинг бундай зарбасига дучор бўлди. Мамлакатдаги президентлик сайловларидан сўнг беларусь дўстларимиз мисли кўрилмаган босимни бошдан кечирмоқдалар, санкциялар ва провокациялар, ахборот ва ташвиқот урушига қарши туришди.

Биз ташқаридан кимдир Беларусь халқи учун маълум қарорлар қабул қилишини номақбул, деб ҳисоблаймиз. Беларусликларга ўзларини тартибга солишга ва керакли чораларни кўришга имкон бериш керак. Худди шу нарса Қирғизистондаги сўнгги воқеалар ва Молдовадаги ички сиёсий курашга ҳам тегишли”, дейди Путин.

Йиғилиш давом этмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Владимир Путин ШҲТ мажлиси

Баҳолаганлар

115

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг