Сенат суд ҳукмларини SMS орқали юбориш назарда тутилган қонунни маъқулламади

Жамият

image

Сенатнинг йигирма тўққизинчи ялпи мажлисида “Судларнинг фаолияти рақамлаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун ҳам сенаторлар томонидан рад этилди. 

Қонун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Муҳокама жараёнида Қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган қатор масалалар мавжудлиги таъкидланди.

Хусусан, Қонунда суд ишларини юритишда илтимоснома билдириш ёки шикоят қилиш чоғида давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда адвокатларнинг ўз мурожаатларини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни электрон шаклда, шу жумладан идоралараро электрон ҳамкорлик тизими орқали судларга тақдим этиши мумкинлиги назарда тутилган. Бироқ амалдаги жиноий, маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий қонунчиликда “мурожаат ва унга илова қилинадиган ҳужжатлар судга электрон ҳужжат тарзида юборилиши мумкин”лиги қайд этилган бўлиб, давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, адвокатлар томонидан судга электрон ҳужжат тарзида мурожаат қилиш бўйича чеклов йўқ. Шу муносабат билан, мазкур кодексларга қўшимчалар киритиш масаласини ўрганиб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, Қонун билан Жиноят-процессуал кодексининг 475-моддасига киритилаётган қўшимчага кўра, ҳукм эълон қилинганидан кейин суднинг расмий веб-сайтига эркин фойдаланилиши чекланган режимда электрон ҳужжат тарзида жойлаштирилиши ва ҳукм жойлаштирилган расмий веб-сайтнинг электрон манзилига оид ҳавола маҳкумга, оқланган шахсга улар судга маълум қилган телефон рақамларига “SMS-хабар” ёки электрон манзилга электрон хабар орқали юборилиши белгиланган.

Таъкидлаш жоизки, амалиётда жиноят ишлари бўйича судларда фуқароларнинг шахсий ҳаёти ёки давлат сирлари билан боғлиқ ишлар ҳам кўриб чиқилади. Мазкур ишлар бўйича суд ҳукмининг электрон тарзда веб-сайтга жойлаштирилиши, уни келгусида бегона ёки маълумот билан танишишга рухсати бўлмаган шахслар кўриши ҳамда ўзининг бошқа мақсадларида ундан фойдаланишига замин яратиши мумкин. Шунинг учун ушбу масалани яна бир маротаба кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги айтилди.

Қайд этилишича, Қонун билан жорий этилаётган янги тизим қатор амалий чора-тадбирларни амалга ошириш заруратини келтириб чиқаради.

Жумладан, ишда иштирок этувчи шахсларни улар судга маълум қилган телефон рақамларига “SMS-хабар” ёки электрон манзилига электрон хабар орқали хабардор қилиш ва хабардор қилинганлик факти қайд этилиши тартибини ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этиш, унинг амалиётда самарадорлигини баҳолаш, суд ва адвокатура, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ушбу тартибни тўлақонли қўллаш бўйича амалиёт ҳам йўлга қўйилмаган.

Бундан ташқари, аҳолининг жорий этилаётган тизим бўйича фикрини ҳам ўрганиш зарурлиги ҳам таъкидланди.

Шу боис, мазкур тизимни ҳуқуқий эксперимент тариқасида айрим ҳудудларда жорий этиш ва синовдан ўтказиш масаласини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Юқорида баён этилганларни ҳисобга олиб, мазкур Қонунни рад этиш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

24

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг