Самарқандда шифокор ҳақоратланди ва калтакланди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Қўшработ туманида шифокор беморнинг яқинлари томонидан калтаклангани ҳақида хабарлар тарқалди.

Қўшработ туман тиббиёт бирлашмасида ўз хизмат вазифасини бажараётган шифокорни беморнинг яқинлари калтаклаганлиги ҳолатлари акс этган материаллар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўрганилди.

ССВ Матбуот хизматининг маълум қилишича, воқеа жорий йилнинг 7 август куни Қўшработ туман тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонасининг қабул бўлимида рўй берганлиги маълум бўлди. 

Аниқланишича, шу куни соат 17:40 лар атрофида туман марказий шифохонасининг қабул бўлимига 1973 йилда туғилган М.С. шу туманда яшовчи Бекзод ва Миролим исмли шахслар томонидан олиб келинган. Навбатчиликни ўтаётган терапевт шифокор Отабек Сирлибоев беморга зудлик билан тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида носилкани кўтаришда қатнашади ва беморни олиб келган икки эркакнинг тиббиёт ходимларига нисбатан айтилган хақоратли сўзларини эшитади. 

“Аввалига улар барча тиббиёт ходимларини ҳақоратлашди. “Ёрдам кўрсатаяпмиз-ку, нимага бунақа ҳақоратлаяпсиз врачларни” деганимдан сўнг менинг шахсиятимга тегувчи сўзлар билан янада қаттиқроқ ҳақоратлаб, мени иккаласи бир вақтнинг ўзида бараварига уриб-тепиб кетишди. Ўша вазиятда улар маст ҳолатда эди. Мен нима учун ҳақорат эшитганлигимни, нима сабабдан таёқ еганлигимни умуман тушунмадим, дейди терапевт Отабек Сирлибоев.

Шу куни ИИБ бўлимига хабар берилган. Улар келиб жабрланувчидан тушунтириш хати олиб кетишган, холос. Орадан деярли олти кун ўтиб, воқеа ижтимоий тармоқларда тарқалгандан кейингина, жароҳатларим битай деганда ИИБ ходимлари келиб, мени суд-тиббий экспертизадан ўтиш учун юборишди.

“Охирги бир ой ичида ижтимоий тармоқларда Йўл-патрул хизмати ходимларидан қочиб кетган бир қанча ҳайдовчилар акс этган видеоси тарқалиб кетди. Ушбу ҳолатларнинг барчасида шўхлик қилиб қочиб кетган ҳайдовчилар зудлик билан топилиб, интернет тармоқлари орқали улар ва уларнинг яқин қариндошлари ЙПХ ходимларидан кечирим сўраттирилиб, 15 сутка қамоқ жазосига тортилганлигининг гувоҳи бўлдик.

Худди шундай интернет сайтларда ички ишлар идораси ходимига бир тарсаки урган қонунбузарлар зудлик билан ушлаб келтирилиб, дарҳол қамоққа олинганлиги ва кейинчалик улар озодликдан маҳрум этиш жазосига тортилганлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳам тез-тез ўқиб турибмиз. Лекин ички ишлар ходимларининг биз врачларга нисбатан содир этилган тажовузларга бўлган бундай муносабати, суднинг эса врачларга муштумзўрлик қиладиганларга жудаям енгил жазо тайинлаб келиши тиббиёт ходимларида чуқур таажжуб уйғотмоқда. Ахир биз ҳам ички ишлар идораси ходимига ўхшаб халқни хизматини қилаяпмизку. Бизнинг айбимиз нимада? Тиббиёт ходимлари билан боғлиқ вазиятларда нега бундай сусткашликка йўл қўйилиши керак?”, дейилади вазирлик баёнотида.

Воқеа содир бўлгандан сўнг жабрланувчи Отабек Сирлибоевга тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, дастлаб марказий шифохонанинг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган. Айни пайтда у боши ва кўз қисми жароҳати билан даволанишни давом эттирмоқда. Аҳволи ўртача оғирликда. Беморнинг аҳволи Соғлиқни сақлаш вазирлиги назоратида.

“Маълумот ўрнида, шуни қайд этиб ўтиш лозимки, юқоридаги каби шифокорларни ҳақоратлаб, уларга тажовуз қилиш ҳолатлари жорий йилнинг ўтган даври мобайнида, биргина Қўшработ туманида тўрт марта кузатилди. Мамлакатимиз бўйича олганда эса бу рақамлар жуда катта ва аянчли аҳволда”, дейди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг етакчи юрисконсульти Санобар Юсупова.


Мақола муаллифи

Теглар

Қўшработ тиббиёт бирлашмаси

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

2.8

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар