Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосарлари сони биттага кўпаяди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йил 3 июндаги “Самарқанд вилояти ҳокимлиги бошқаруви тузилмасига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги 342-сон қарор қабул қилинди. Қарор билан вилоят ҳокимлиги тузилмасига ўзгартириш киритилди.

Биринчидан, Самарқанд вилояти ҳокимлиги бошқарув аппарати тузилмасида Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбари лавозими жорий этилади.

Иккинчидан, вилоят ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими вилоят ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари лавозими этиб қайта номланади.

Қуйидагилар Самарқанд вилояти ҳокимининг саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари – “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси раҳбарининг асосий вазифалари этиб белгиланди: 

•    маҳаллий хом ашёни чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали ҳудудларнинг саноат салоҳиятини жадал ривожлантириш;
•    саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш, саноат маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқиш мақсадида тақдимотлар ўтказиш, хорижий давлатларнинг кўргазма-ярмарка тадбирларида иштирок этиш;
•    электротехника саноатини янада ривожлантириш, ички бозорни юқори сифатли миллий электротехника маҳсулотлари билан тўлдириш ва унинг экспорт географиясини, жумладан турли ахборот ресурслари ва кўргазма тадбирларида миллий брендларни илгари суриш ва электротехника саноати корхоналарининг салоҳиятини намоён этиш орқали кенгайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини ташкил этиш;
•    тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва замонавий технологияларни жалб этиш, маҳаллий хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, импорт ўрнини босувчи, экспорт бозорларида рақобатбардош ва юқори қўшилган қийматли замонавий электротехника ва электрмаиший маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш.

Тегишли вазирликлар ва идораларга Самарқанд вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятини комплекс ривожлантириш, минерал хом ашё ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини чуқур қайта ишлаш орқали инновацион тадбиркорлик ва юқори технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш топширилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг