Саддамнинг Ҳумайнийга “туширган мушти” ёхуд Эрон-Ироқ урушига нима сабаб бўлган?

Таҳлил

image


“Урушда ғолиб бўлмайди – фақат мағлублар”
Буюк Британия Бош вазири Невилл Чемберлен

1980 йил 22 сентябрь, пешин вақти. Ироқ ҳаво кучларининг 192 та бомбардимончи самолёти Эронга ҳужум қилиш учун ҳавога кўтарилди. Асосий нишон душман самолётлари, радарлар ва ҳаво мудофааси батареялари эди, Саддам Ҳусайннинг буйруғи билан Ироқ армияси 22 сентябрь куни Ал-Араб дарёси (Эрон-Ироқ чегарасидаги дарё)дан ўтиб, Эронга бостириб кирди. Шу тариқа, бундан роппа-роса 41 йил олдин, XX асрнинг иккинчи ярмидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган урушлардан бири бошланди. Бугунги мақоламизда саккиз йил давом этган Эрон-Ироқ уруши ҳақида маълумот берамиз.

1980 йилдаги Халқаро вазият

1980 йил халқаро майдонда АҚШ ва СССР ўртасидаги “Совуқ уруш” айни қизиган палла эди. Чунки, СССР 1979 йилнинг декабрь ойида Афғонистонга қўшин киритиши ва 1979 йил Эронда Ислом инқилобининг муваффақиятли якунланиши АҚШ ва СССР муносабатларини кескинлаштириб юборди. БМТ бор эътиборини “титанлар” рақобатига қаратган бир вақтда, Эрон-Ироқ можароси авж олди.

Эрондаги Ислом инқилоби

1978 йил 8 январь куни Эронда Ислом инқилоби бошланди. Қарийб бир йил давом этган қуролли тўқнашувлардан сўнг, АҚШнинг Шарқдаги ишончли ҳамкори шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий тахтдан ағдарилди. Муҳаммад Ризо Мисрга қочиб кетди. 1979 йилнинг 1 февралида Оятуллоҳ Хумайний 15 йиллик қочқинликдан сўнг Эронга қайтади. 1979 йил 11 февраль куни мамлакат расман Эрон Ислом Республикаси, деб эълон қилинди. Хумайний ҳокимият бошқарувини ўз қўлига олди. Айни шу вақтда, Ироқда ҳам ҳокимият алмашинуви юз берди.

Саддам Ҳусайннинг ҳокимиятга келиши

1979 йил 16 июль куни Ироқдаги Ҳасан ал-Бакр ҳукумати Саддам Ҳусайн уюштирган ҳарбий тўнтариш натижасида ағдарилди. Мамлакат бошқарувини Ҳусайн ўз қўлига олди. Аммо, Саддам қўшни Эрондаги ҳолатдан хавотирда эди. Чунки, Эрондаги Ислом инқилобининг Ироққа ҳам кўчиб ўтиш эҳтимоли катта бўлган. Саддам Ҳусайн Ироқда ривожланган диктатура тизимини ўрнатди. Ҳусайн давлат раҳбари бўлишдан олдин Ироқ иқтисодиёти аста-секин ривожланаётган эди. Аммо, у бошлаган Эрон-Ироқ уруши мамлакатга катта зарар келтирди.

Зиддиятнинг бошланиши

Эрон-Ироқ ўртасидаги муносабатлар уруш бошланишидан олдин ҳам мураккаб ва зиддиятли эди. Бунга бир нечта сабаблар мавжуд эди:

Биринчи – ҳар икки давлат ўртасида ҳудудий можаролар бўлиб, Ироқ Эроннинг нефтга бой Хузистон вилоятини ўзига қўшиб олишни истарди.

Иккинчи – Эрон-Ироқ чегарасида жойлашган Ал-Араб дарёсидан қайси давлат  фойдаланиши баҳсли эди. 1937 йилда Буюк Британия воситачилигида Эрон ва Ироқ ўртасида шартнома имзоланган бўлиб, унга кўра, дарёдан фойдаланиш ҳуқуқи Ироққа берилди. Аммо, 1960 йилда минтақада Эрон устунликни ўз қўлига олди. Бунга нефть нархининг кўтарилиши ҳамда АҚШнинг ҳарбий ёрдами сабаб бўлди. 1969 йилда дарё назорати Эронга ўтди. Бундан фойдаланган Эрон 1971 йилда Ўрмуз бўғозидаги учта оролни эгаллаб олди.

Учинчи – дарё назорати Эронга ўтгач, Ироқ бунга жавобан Хузистондаги араб айирмачиларини қўллаб-қувватлай бошлади ва мамлакат ҳудудидан Эрон фуқароларини чиқариб юборди.

Тўртинчи – 1975 йил 6 март куни Жазоирда Саддам Ҳусайн ва Шоҳ Паҳлавий ўзаро келишиб олишди, Унга кўра, шоҳ Ироқнинг Хузистонга бўлган ҳудудий даволарини тан олди. Ироқ эса ўз навбатида, Ал-Араб дарёсини Эронга топширди. Бундан ташқари, расмий Теҳрон Ироқ Курдистонидаги жангариларни қўллаб-қувватлашни тўхтатиши лозим эди. Лекин, Эрон келишувни тўлиқ амалга оширмади.

Бешинчи – Эронда 1979 йил ғалаба қозонган Ислом инқилобининг етакчиси Оятуллоҳ Хумайний инқилобни Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларига ҳам кенг ёймоқчи эди. Бу эса ўз навбатида Саддам Ҳусайнда қўрқув уйғотиб, ўртадаги муносабатни кескинлаштирди. Бундан ташқари, Хумайний Саддамни ёқтирмасди.

Юқоридаги санаб ўтилган сабаблар уруш оловини аланга олдириш учун етарли бўлди.

Урушнинг бошланиши

1980 йилда Саддам Ҳусайн Эронга ҳужум қилишга қарор қабул қилди. Албатта, урушни бошлаш учун баҳона керак эди. Ироқ раҳбари Эроннинг 1975 йилги Жазоир битими бўйича ўз мажбуриятларини бажармаганлигини баҳона қилиб қўшни давлатга уруш эълон қилди.

Бу урушнинг бошланишига баъзи тарихчи ва сиёсатчилар турлича фикр билдиришади. Хусусан, бир гуруҳ тарихчилар бу урушни Америка уюштирган дейишади. Чунки, Эрондаги шоҳ ҳукумати АҚШнинг энг ишончли ҳамкори эди. “Америка Саддамга зимдан ёрдам бериб, Эронни қайта эгаллаб, Афғонистонга бостириб кирган Совет қўшинларининг йўлини тўсмоқчи бўлган”, деб таъкидлашади. Айрим сиёсатчилар эса бу урушни СССР уюштирганлигини иддао қилишади. Бошқа бир сиёсатчилар бўлса, “урушни Саддам Ҳусайннинг ўзи истаб бошлади”, деган фикрларни илгари суради. Сабаби, ўша вақтда Ироқнинг иқтисодий аҳволини тиклаш учун нефть керак эди. Саддам бу нефтни Эрондан олмоқчи эди.

1980 йил 22 сентябрь куни, пешин вақтида. Ироқ ҳаво кучларининг 192 та бомбардимончи самолёти Эронга кутилмаганда ҳужумга ўтди. Узоқ давом этган шиддатли жанглардан сўнг, Ироқ қўшинлари Хуррам шаҳрини эгаллаб олди. 1981 йилнинг декабрь ойида Эрон армияси қарши ҳужумга ўтди. 1982 йилда Ироқ қўшинлари Эрон ҳудудидан сиқиб чиқарилди. Жанг вақтида ҳар икки томон ҳам кимёвий қуролдан кенг фойдаланди.

1985 йил 27 январда Ироқ Мажнун оролларидаги нефть конига ҳужум бошлади. 1986 йил январь ойида Ироқ ниҳоят Мажнун ороллари устидан назорат ўрнатди. Ироқ урушда асосан ҳаво кучларидан кенг фойдаланди, Эрон армиясида ҳарбий техника етишмовчилиги бўлса-да, аскарлар сони бўйича Ироқдан устун эди. Бу урушга Европа мамлакатлари ҳам бурун суқишди. 1987 йилнинг 17 июлида Эрон армияси француз журналистларини қўлга олди. Бунга жавобан Франция Эрон билан барча дипломатик алоқаларни узиб, Форс кўрфазига ўзининг ҳарбийларини ташлади. СССР эса Эронни ҳар томонлама қўллаб-қувватлади.

Урушнинг якунланиши

Урушнинг узоқ давом этиши ҳар икки давлат аҳолиси ўртасида баъзи норозиликларни уйғотди. Ҳар икки томон аскарларининг жанговар руҳи тушиб кетган эди. 1988 йил 3 июнь куби Эрон чегара ҳудудида Ироқ позицияларига қарши ҳужум уюштирди ва ўз ҳудудининг бир қисмини қайтариб олишга муваффақ бўлди.

1988 йил 17 июль куни Ироқ Президенти Саддам Ҳусайн сулҳ шартларини эълон қилди. Унга кўра, икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри музокаралар бошланиши, Ал-Араб дарёси тозаланиши ва Ироқ кемаларининг Форс кўрфазида эркин ҳаракатланиш ҳуқуқи берилиши ҳамда асирлар алмашинуви амалга оширилиши керак эди. Ўша куни Ироқ қўшинлари ортга чекинди.

1988 йил 19 июль куни Эрон раҳбари Оятуллоҳ Хумайний чиқиш қилиб шундай дейди:

“Бу қарорни қабул қилиш мен учун бир пиёла заҳар ичишдан кўра оғриқли. Яратганга ишониб, мен бу қирғинни тўхтатиш учун бу пиёлани кўтараман. Мен охирги нафасимгача курашишга қасам ичган эдим. Менга жанг вақтида ўлиш бундан осонроқ бўлар эди. Лекин, барча ҳарбий мутахассисларнинг доно фикрини инобатга олишга мажбур бўлдим”.

1988 йил 6 август куни Эрон тинчлик музокараларини бошлашга рози бўлди. 7 август куни ҳар икки давлат келишувга эришди. Келишув 20 август кунидан кучга кирди. Шу билан Эрон-Ироқ уруши якунланди.

Йўқотишлар

Уруш ҳар икки томон учун даҳшатли оқибатларни келтириб чиқарди. Бу тўқнашувда тахминларга кўра, 180 минг нафар Ироқ, 500 минг Эрон аскари ҳалок бўлган. 20 мингга яқин тинч аҳоли уруш вақтида ўлди. Ҳар икки томондан 1,5 миллионга яқин ҳарбий яраланган. Ироқ бу урушда жами 342 миллиард доллар йўқотди ва мамлакат ташқи қарзи 110 миллиард долларга етди. Эрон эса тахминан 645 миллиард доллар миқдорида зарар кўрган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

996

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг