Саҳнада яна Бухоро прокуратураси! Бу сафар собиқ терговчи Президентга мурожаат йўллади

Жамият

Бухоро вилояти прокуратура ходимлари ўртасида видеомурожаат йўллаш бўйича эстафета таёқчаси бошқа бир иштирокчига ўтганга ўхшайди. Бундан аввалроқ жамоатчилик ва ижтимоий тармоқларни “портлатган” Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Администрацияси Зайнилобиддин Низомиддиновга йўллаган мурожаати халқнинг ёдидан кўтарилиб улгармасидан, ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти прокуратураси собиқ ходими Ўткир Соҳибовнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва Олий суд раиси Козимжон Комиловга йўллаган видеомурожаати тарқалди. Унда прокуратура собиқ терговчиси асоссиз равишда жиноий жавобгарликка тортилгани ҳақида гапирган.

“Мен 2004 йил ўз аризамга асосан, ишдан бўшатилганман. Менга нисбатан босим ва тазйиқлар бўлавергани сабаб, прокуратура тизимидан кетганман. Шундан кейин бир неча бор ариза билан мурожаат қилган бўлсам ҳам, улар прокуратура томонидан ижобий ҳал қилинмади. 2016 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал портали очилганидан кейин у ерга ҳам мурожаат қилиб, менга нисбатан ўтказилган хизмат текширувини менинг иштирокимда қайта ўтказиб беришларини сўрадим. Шу вақтгача менга нисбатан хизмат текшируви ўтказилганини билмасдим. Мурожаатимдан сўнг, 2016 йил декабрь ойида прокуратура органлари менга нисбатан ўтказилган хизмат текшируви билан таништиришди. 

Ўзимга ўтказилган хизмат текшируви билан танишиб чиққанимда, ушбу текширув умуман ноқонуний ўтказилган, бирор бир шахс менинг устимдан ариза ёки шикоят билан мурожаат қилмаган бўлса-да, вилоят прокуратураси ички хавфсизлик ходими томонидан менга нисбатан сохта маълумотлар асосида хизмат текшируви ўтказилганини билдим. Хизмат текшируви билан танишиб чиққанимдан сўнг, ушбу текширувга киритилган барча маълумотлар сохта эканини билдим. Шундан сўнг, мен Президент виртуал қабулхонасига камида 500 мартага яқин мурожаат қилганман. Афсуски, буни ҳеч ким назарга илмади. Барча муражаатларимга рад жавоби бериб келинди, текширилмади”, дейди собиқ терговчи. 

Ўткир Соҳибовнинг таъкидлашича, у Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Турсинхон Худойбергановнинг қабулига кирганидан сўнг, унга нисбатан ўтказилган хизмат текширувини прокуратура тергов органи қайта текшириб кўриб, 2018 йил 15 март куни собиқ терговчининг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқ, деган хулосага келган ва ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан, қарор чиқарган. Соҳибов ушбу қарор билан 2019 йил 2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг Бухоро вилоятида ўтказилган сайёр қабулига борган. Қабулда ўзини ноҳақ ишдан бўшатишганини айтиб, қайта ишга олишларини сўраган. Шундан сўнг 2019 йил июнь ойида ҳеч бир сабабсиз, далил-исботсиз Жиноят кодексининг 139, 237, 240 ва 238-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, унга айб эълон қилинган. 2019 йилинг 20 июнь куни унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси белгиланган. 

Видеомурожаат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси расмий баёнот берди.

Бош прокуратурага кўра, Ўткир Соҳибовга нисбатан бўлган жиноят иши юзасидан Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, жорий йилнинг 15 февралида  Жиноят кодексининг 139 (Туҳмат) ва бошқа моддалари билан айб эълон қилинган ҳамда жиноят иши жорий йилнинг 29 февралида айблов хулосаси билан судга юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор тумани судининг 2020 йил 28 августдаги ҳукмига кўра, судланувчи Ўткир Соҳибов ЖКнинг 139-моддаси (Туҳмат) 3-қисми “а”,“г” бандлари ва 240-моддаси (Жиноят процессини юритиш қатнашчиларининг ўз зиммасидаги вазифани бажаришдан бўйин товлаши) билан айбдор деб топилиб, ЖКнинг 64-моддаси (Жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиш)га асосан жавобгарликдан озод қилинган.

Суд ҳукмига кўра, Ўткир Соҳибов Бухоро вилоят прокуратураси иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими алоҳида муҳим ишлари бўйича катта терговчиси лавозимида ишлаб келиб, 2004 йил 1 ноябрда ўз аризасига асосан эгаллаб турган лавозимидан озод қилиниб, прокуратура органларидан бўшатилган.

“У ўзининг ишдан бўшатилишига Бухоро вилояти собиқ прокурори ҳамда вилоят прокуратурасининг бошқа масъул ходимларини айбдор деб ҳисоблаб, била туриб уларни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиб, ходимларни 2004 йилда бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганликда айблаб туҳмат қилиб, 2009 йилнинг январь ойидан ноябрь ойига қадар юқори турувчи давлат органларига аризалар билан мурожаат қилиб келган”, дейилади Бош прокуратура баёнотида.

Бош прокуратурага кўра, Ўткир Соҳибов 2010 йил март ойида Тошкент шаҳар прокуратурасининг иш юритувида бўлган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини ўтказиш учун таклиф қилиниб, кўрсатув беришдан бош тортган тақдирда ЖКнинг 240-моддаси билан жавобгарликка тортилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган бўлсада, ЖПКнинг 66-моддасида белгиланган мажбуриятларини бажармасдан, кўрсатув беришдан бўйин товлаган. 

Ўткир Соҳибовнинг суд ҳукмидан норози бўлиб берган апелляция шикоятига асосан, жиноят иши жорий йилнинг 13 октябрида жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг апелляция инстанциясида кўришга тайинланган.  

Собиқ терговчи адвокатининг жорий йил 30 ноябрдаги қўшимча ҳужжатлар тўплаш ва тақдим этиш ҳақидаги илтимосномасига асосан жиноят ишини кўриш номаълум муддатга қолдирилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бухоро шаҳар прокурори Жасур Фозиловнинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган видеомурожаати тарқалганди.

Шундан сўнг, ушбу ҳолат бўйича Жасур Фозиловга нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, иш ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритиш, ҳар қандай аралашув ва таъсирларнинг олдини олиш мақсадида у жорий йилнинг 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча озод қилинди.

Кейинчалик Бухоро прокурорининг Президентга мурожаати бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди.

Бир неча кун олдин Фозиловнинг ўз лавозимига қайтгани маълум бўлди. Ижтимоий тармоқларда эса унинг яна бир видеомурожаати тарқалди. Унда прокурор Республика идоралараро комиссияси ўтказган текшируви натижасидан рози эканини айтган.

Жасур Фозилов ўзига нисбатан ўтказилган хизмат текшируви якунига кўра, ҳайфсан олди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бухоро Прокурор Терговчи Видеомурожаат

Баҳолаганлар

711

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг