Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси фуқароларини огоҳлантирди

Олам

image

Россияининг Ўзбекистондаги элчихонаси россияликларга огоҳлантириш берди. Унга кўра, Ўзбекистонга келишни режалаштираётганлар Қорақалпоғистонда содир бўлаётган воқеаларни ҳисобга олиши ва у ердан айланиб ўтиши керак.

Элчихона мурожаатида Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат жорий этилгани тўғрисида маълум қилди.

“Унга кўра, Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги “Даут-ата-Тожен” автомобиль назорат-ўтказиш пункти орқали одамлар, транспорт воситалари ва юкларнинг ўтиши вақтинча тўхтатилганли сабабли Россия Федерацияси фуқаролари Ўзбекистонга саёҳатларини режалаштиришда юқоридаги маълумотларга амал қилишлари ва муқобил йўналишлардан фойдаланишлари лозим”, дейилади элчихона мурожаатида.

Шунингдек, элчихона, фавқулодда ҳолат жорий этилиши муносабати билан “Нукус” аэропортининг ишлаши комендантлик соати давомида чекланганлиги, аммо аввалроқ белгиланган рейслар тўғриланган жадвал бўйича амалга оширилишини эслатиб ўтган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

Бугун, 4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди

Абдулвоҳид Ёқубов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

471

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг