Россияда фожиали ҳалок бўлган икки мигрант тўғрисида янги маълумотлар берилди
Жамият 09 Февраль 14:17
7488
Аввалроқ, меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетган икки нафар ўзбекистонликнинг Россия Федерацияси Санк-Петербург шаҳрида ҳалок бўлганлиги тўғрисида хабар берган эдик.
Мазкур ҳолат юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қуйидагиларни маълум қилди.
Жорий йилнинг 6 февраль куни Коломяж проспекти, 10-уй манзили бўйича жойлашган “Шимолий завод”даги цехда пардозлаш ишларини олиб бориш жараёнида баландликдан тушиб кетиш оқибатида Санк-Петербург шаҳрида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди.
Ҳалок бўлган фуқаро Ўзбекистон Республикаси фуқароси 1990 йил 9 август куни туғилган Алишер Зиядуллаевич Усаров ҳисобланади.
Ҳалокат далиллари бўйича айни пайтда тергов-текширув ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилади.
Ҳозирги кунда вафот этган фуқаронинг мурдаси Санк-Петербург, Екатеринск проспекти, 10-уй манзили бўйича суд-тиббий экспертизаси Бюроси моргида сақланмоқда.
Жорий йилнинг 6 февраль куни 1998 йил 8 августда туғилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Толибжон Эсонов Ленинград вилояти Мурино шаҳрида Воронцов хиёбони, 17-уйдаги “Краски лета” турар жой комплексида қурилаётган уйнинг 14-қаватидан йиқилиб тушиб, ҳалок бўлган.
Ҳалок бўлган фуқаронинг мурдаси Ленинград вилояти Токсово шаҳар моргида сақланмоқда. Тергов ишлари олиб борилмоқда.
"Жасадларни юртга транспартировка қилиш бўйича дастлабки барча чора-тадбирлар ўтказилди, Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходимлари олиб кетишга рухсат берилишини кутмоқда", дейилади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида икки ўзбек мигранти ҳалок бўлишидан аввал Давлат кимё-фармацевтика университети талабаси бошига катта муз бўлаги тушиши натижасида фожиали ўлим топганди.