Россия Украина шаҳарларига кенг кўламли ракета ҳужуми уюштирди

Олам

image

Россия кучлари Украинанинг энергетика инфратузилмаси объектларига янги режали ҳужум уюштирди. Бу ҳақда Украина Президенти девони хабар берди.

“Вазият жуда оғир. Энг кўп зарбалар мамлакат маркази ва шимолида қайд этилган. Пойтахтда вазият жуда оғир”, дейди 15 ноябр куни Президент девони раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Хусусан, руслар Киевга яна ҳужум уюштирди. Украина пойтахти марказидаги турар-жой биноларига иккита ракета келиб тушди, деб хабар берди шаҳар мэри Виталий Кличко.

“Пойтахтга ҳужум. Печерский туманида, дастлабки маълумотларга кўра, иккита турар-жой биносига зарба берилган. Ҳаво мудофаа  тизими бир нечта ракеталарни Киев устида уриб туширди. Шифокорлар ва қутқарувчилар ҳалокат жойида”, дейди у.

Кейинчалик у Печерский туманидаги яна бир кўп қаватли уйга зарба берилганини ёзди. Ҳозирча бир марҳумнинг жасади топилган.

Бундан ташқари, Россия Қуролли Кучлари Харьковнинг муҳим инфратузилмасига, шунингдек, Харьков вилоятининг Чугуев туманига зарба берди, бунинг натижасида электр таъминотида муаммолар юзага келди, деб ёзади вилоят маъмурияти раҳбари Олег Синегубов Telegram’да.

Львов мэри Андрей Садовий шаҳарда портлаш овозлари эшитилганини айтди ва аҳолини бошпаналарда қолишга чақирди.

“Шаҳарнинг бир қисми электр таъминотисиз қолди”, деган у.

Бундан ташқари, Хмелницкий, Ровне, Волин, Житомир, Винница, Днепропетровск ва Полтава вилоятларига ҳам ракета ҳужумлари амалга оширилди, деб ёзади “Украинска правда” вилоят ҳарбий маъмуриятлари раҳбарлари ва шаҳар мэрларига таяниб.

Кирилл Тимошенконинг сўзларига кўра, “Укрэнерго” энергетика тизимини мувозанатлаш ва жиҳозларнинг носозликларини олдини олиш учун электр энергиясини фавқулодда узилишларни бошлашга мажбур. Президент девони раҳбари ўринбосари энергияни кам истеъмол қилишга чақирди.

Ўз навбатида, Кличко пойтахтда аҳолининг камида ярми электр энергиясиз қолганини айтди.

Шу билан бирга, Украина Президенти девонининг раҳбари Андрей Ермакнинг таъкидлашича, Россия ҳукумати томонидан Украинанинг янги оммавий ўққа тутилиши тўланадиган товон пули миқдорини ошириши мумкин.

“Қўрқоқлар, улар фақат украиналикларга ўз фуқаролари томонидан тўланадиган товон миқдорини оширяпти. Улар урушда ғалаба қозона олмайди, биз ҳаммасини тиклаймиз”, деди у Telegram саҳифасида.

Россиянинг Украинанинг деярли барча минтақаларидаги энергетика инфратузилмаси объектларига оммавий зарбаларидан кейин Президент Владимир Зеленский украиналикларга шошилинч мурожаат қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россия 85 та ракета билан зарба берган, бу эса мамлакат энергетика тизимига зарар етказган. Зеленский яна 20 тагача зарба бериши мумкинлигини айтди ва украиналикларни эҳтиёт бўлишга чақирди.

"Биз ишлаяпмиз. Биз ҳамма нарсани тиклаймиз. Ҳаммамиз омон қоламиз. Украинага шон-шарафлар”, деган Зеленский.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

568

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг