Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси ҳали-бери очилмайди – ТИВ

Жамият

image

Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси жорий йилнинг 1 октябридан очилиши ва бу орқали Россияда қолаётган ўзбекистонликларн Ўзбекистонга қайтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар ёлғон. Россия ва Қозоғистон ўртасидаги автомобиль чегаралари томонлар ушбу масала бўйича махсус қарор қабул қилгунга қадар чет эл фуқаролари учун ёпиқ қолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди. 

“Ўзбекистоннинг Россиядаги дипломатик ваколатоналари хабар беришича, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси жорий йилнинг 1 октябридан очилиши ҳамда Россиядаги Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон ҳудуди орқали Ватанимизга қайтишлари мумкинлиги ҳақидаги ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Бундан ташқари, йўловчи ташиш билан шуғулланадиган айрим шахслар шахсий автомобиль воситаларида Ўзбекистонга қайтиш тўғрисида турли эълонлар тарқатмоқдалар. 

Ҳамюртларимиздан бу каби ёлғон хабарларга ишонмасликларини сўраймиз. Россия ва Қозоғистон ўртасидаги автомобиль чегаралари томонлар ушбу масала бўйича махсус қарор қабул қилгунга қадар чет эл фуқаролари учун ёпиқ қолиши ҳақида маълум қиламиз. 

Ҳозирда Ватанга қайтишни истагидаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун авиа, темир йўл ва автобус чартер қатновлари ташкил этилмоқда. Ушбу рейсларга чипталар онлайн тарзда сотилмоқда”, дейилади ТИВ расмий ахборотида. 

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Қозон ва Ростов-Дон шаҳарларидаги бош консулхоналари маълумотларига асосан, 2020 йил 29 сентябрь ҳолатига кўра Самара вилоятининг “Кинел”,  Ростов вилоятининг “Первомайская” ва “Лихая” темир йўл стансиялари яқинида Ўзбекистон фуқароларининг тўпланиши кузатилмаяпти. 

Тўпланган барча фуқаролар автобус рейслари ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг махсус поездлари орқали Ватанга қайтарилган. Шу муносабат билан ушбу станциялар яқинидаги махсус вақтинчалик лагерлар айни пайтда ёпилган. 

“Коронавирус инфекцияси пандемияси тарқалаётган бир пайтда фуқалорнинг бир жойда тўпланиши уларнинг вирус билан касалланиш эҳтимолини кескин оширади. Бундай ҳолат, айниқса, қариялар, беморлар, сурункали касаллиги бор фуқаролар учун ниҳоятда хавфлидир. 

Россия ҳудудида бўлган ватандошларимиздан жойларда тўпланмаслик, барча карантин талабларига қатъий риоя қилиш ҳамда ўзлари ва яқинлари саломатлигини хавф остига қўйнмасликларини яна бир бор сўраймиз”, дея огоҳлантирмоқда ТИВ.


Мақола муаллифи

Теглар

ТИВ Россия-Қозоғистон давлатлараро чегараси

Баҳолаганлар

216

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг